Дунё бўйлаб бизнинг ўлкамизда ҳам ойларнинг султони, қуръони Карим нозил бўлган, яхшиликлар  кўпайишига сабаб бўладиган  муборак Рамазон ойи ҳукм сурмоқда. Барча яхши кунлар қаторида ушбу  муборак  айёмларга ҳам тинчлик ва хотиржамлик билан етиб келишимизга шукроналар айтиб, барча азиз юртдошларимизни табрик ва муборакбод  этамиз. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло  исломнинг беш аркони қаторида биз мусулмонларга  рамазон ойида рўза тутишимизни ҳам зикр қилиб ўтгани албатта бесабаб эмас. Зеро рўза инсонни ички ва ташқи аъзоларини пок қилиб, кишини сабрли, гузал хулқли, одобли бўлиши ва Оллоҳ таолонинг бизга беминнат ато этеётган сув, нон ва бошқа улуғ неъматларни қадрига етиб исроф қилмаслик шунингдек ташна ва оч қолиб баъзан шу неъматларга эҳтиёжманд булган бева,бечора ва кам таъминланган кишиларнинг қадрига етиб уларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб хайр эҳсон қилишимизга боис бўлади.

Муборак Рамазон ойи фазилати ҳақида Қуръони Карим ҳадислар ва бошқа китобларда кўп хабарлар келган. Жумладан ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган. “Агар менинг умматим Рамазон ойидаги фазилату, раҳмату, мағфиратнинг қанча зиёда бўлишини билганларида эди йилнинг ба тамом Рамазон бўлишини орзу қилар эрдилар”. Хабарда шундай келганки, Рамазон ойида қилинган бир суннат бошқа ойларга бажарилган бир фарз  дек ва Рамазон ойида адо этилган бир фарз бошқа ойларга қилинган 70-фарз савоби дек зиёда бўлар экан. Шунинг учун дунё мусулмонлари ушбу ойда хайрли ишларни жумладан меҳр- мурувват, хайр саховат, хешу ақрабо ва беморлар ҳолидан хабар олиш дек савоб ишларни амалга ошириш, шунинг дек исломнинг беш арконидан бири бўлган закот ва ушрларни жамъ қилиб ушбу муборак ойда адо этишни мўлжаллаб турадилар. Шунинг учун халқимизнинг ушбу фазилатлик ойда ихлос билан қилаётган хайру эҳсонлари қаторида исломнинг беш арконидан бири бўлган ушр ва закотларини адо этиб кўпроқ ажр ва савобларга ноил бўлишларини истаб қуйида ушбу амллар ҳақида ба тафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Муқаддас ислом дини таълимотида инсонларни тили, миллати, ранг- рўйидан қатъий назар барчани тенг ҳуқуқли билиб бировнинг биров устидан ҳукм суриши ва уни хор-зор қилишига йўл қўйилмайди балки ўзидан кам ва баъзи ҳолатларга пастроқ бўлган кишиларга моддий ва маънавий ёрдам беришини тарғиб қилади. Сўфий Оллоҳёр бобомиз айтадилар:

Агар уч кунда топсанг парчаи нон,

Яримин е яримин қилгин эҳсон.

Билмоқ керак ким эҳсон садақа икки навъ бўлади: ихтиёрий ва мажбурий. Ихтиёрий эҳсон бу бола чақаларимиздан ошиб қолганда бошқа бировга ба қадри ҳол моддий ва маънавий қилинган эҳсонимиздурки, бунга ҳам албатта савоб ҳосил бўлади. Мажбурий садақа бу Аллоҳ таоло тамонидан  мол давлатга эга бўлган кишилар ночор, кам бизоат ва камбағалларга бериши фарз бўлган закот ва ушрдурки, бу амаллар Оят ва Ҳадис асосида собит бўлган.

Закот луғатда поклик яъни молимизни шариат томонидан белгиланган миқдорини бериб қолган қисмини ўзимизга пок ва ҳалол қилиб истеъмол қилиш маъносини билдиради. Истилоҳда эса мусулмон киши ошиқча молини фақир мўтожларга беришини закот деб айтилади.

Билмоқ  керакки, закот бермоқ учун биз эга бўлган мол, пул, ва бошқа ашёларнинг ҳар бири белгиланган ўз нисобига (миқдорига) этиши ҳам шарт қилинган. Аслида исломда закот ҳисобини тиллодан белгиланиб  кишининг пул ҳисобидан маблағи 85 (саксан беш) грам тиллога тенг бўлиши шарт қилинган. Мамалакатимизга нарх наволарнинг тез-тез ўзгариб туриши сабабидан пул нисоби ҳам ўзгариб турибди. Жорий йилда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати тамонидан бугунги бозордаги бир грам  тиллонинг ўртача нархи 200 000 ( икки юз минг) сўм атрофида эканлигини эътиборга олиб, закот нисоби 85 грам тилло ҳисобидан 17 000 000 (ўн етти миллион)сўм деб белгилаб шу миқдордан қирқдан бир ҳиссаси яъни 425 000 (тўрт юз йигирма беш минг) сўм ажратиб закот ниятида бир фақир ва мўҳтожга беришини маъқуллаган. (Мазкур миқдордан зиёдасига эса ҳар бир қирқ сўмдан бир сўм ажратиб берилаверади).

Исломда закот  беришга закотнинг барча навларида бир йил ўтишини ҳам қайд этилган. Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ лозимки закотнинг пул нисобига етмоғи учун  ўз жинсидан бўлган пуллар қўшилади. Масалан тилло, кумуш ва булардан ясалган тақинчоқлар (агарчи истифода қилиниб турган бўлса яъни аёллар тақиб юрган бўлса ҳам) ва АҚШ доллари, шунингдек қўшни давлатлар пуллари ҳам Ўзбекистон сўмига чақиб ҳисоб қилинганда мазкур миқдор яъни 17 000 000 сўмга етса уша кишига закот бериш вожиб бўлади. Фиқҳ китобларда закот учун ҳар бир нарса алоҳида ўз нисобига етиши шарт деб таъкидланган. Шунинг учун маблағ билан чорво моллари ҳисоб учун бир-бирига қўшилмайди. Қўй- эчки боласи билан 40-тага, қора мол 30-тага, туя  5-тага етгандан сўнг  ҳар биридан алоҳида закот берилади. От эса холис эркагидан агарчи адади кўп бўлса ҳам закот берилмайди. Аммо агар битта бўлса ҳам ўрғочининг ўзи бўлса ё еркак отга аралашган бўлса унда уша отларни бозор нархига ҳисоб қилганда пул нисоби миқдорига етса, пул ҳисоб қилиб қирқдан бир сўм ажратиб закот берилади. Сотиш ниятида олиб қўйилган уй ва мошинлар шунингдек тижорат учун сотиб олиб қўйилган мол ашёлар ва дўконимиздаги ўз ҳисобимизда бўлган нарсаларни ҳам ҳисоб қилганда пул нисоби яъни 17 000 000 миллион сумга етса булардан ҳам албатта закот берилади.

Маълумки закот бой бадавлат кишиларга берилиши фарз қилинган. Аммо ушр бу камбағал ва бойга барорбардур. Яъни ҳар  кимнинг томарқасидан ё дарахтидан олинадиган ҳосилдан ўн ҳиссасидан бир ҳисасини бир камбағал кишига бериши фарз амаллардан эканлигини эсимиздан чиғормаслигимиз керак. Таъкидлаб ўтамизким закот ва ушрларини бермаган кишилар ҳақида китобларда оғир жавобгарлик борлигини таъкидланган.

Ислом шариатида ҳар Рамазон ойида садақаи фитр берилиши ҳам вожиб амаллардан эканлигидан ҳаммамиз хабардормиз. Садақаи фитр оиламиздаги ҳар бир бош  учун берилиши зарур. Шунингдек баъзи узрли сабаблар билан рўзасини еган кишилар ва ҳатто ҳайит намози ўқилишидан аввал туғилган чақалоқ учун ҳам берилади. Аммо намоздан кейин туғилган бола ва она ҳамлидаги фарзанд учун садақаи фитр берилмайди. Унутмаслик керакки, садақаи фитр Рамазон ойида берилишининг сабаби камбағал, бева бечораларни дилларини хурсанд қилиш билан бирга тутган рўзаларимизнинг қабул бўлишига асосий воситалардан бири дур. Садақаи фитр миқдори эса ҳар бир киши учун икки кило буғдой ё унинг маблағини берилади. Бугунги хабарларга кўра туманимизда  бир кило бўғдойнинг ўртача нархи  2500(икки ярим минг) сўм  экан. Бас ҳар бир бош учун икки кило бўғдой ё 5000(беш минг) сум берилиши лозим бўлади.

Мавзўга доир исломдаги яна бир муҳим масала яъни ФИДЯ ҳақида ҳам маълумот беришни  ўринли деб билдик. Фиқҳда баъзи узрли сабаблар билан рўзаларини еганлар ҳақида турли фатволар берилган. Ёшлари улғайиб қарилик ёшига етиш сабабли рўзаларини тутолмай  еган отахон ва онахонларимиз ворислар ёрдамида ҳар куни учун бир мискиннинг тўядиган  миқдорда овқат ё унинг маблағини бериб туришларини фидя деб айтилади. Бу миқдорни ҳам жорий йил УМИ фатво ҳайъати томонидан 15000 (ўн беш минг) сўм деб белгиланган. (Агар Рўза ойидан кейин қувватлари келиб қолса қазосини тутадилар). Рўза тутса касали зиёда бўладиган беморлар, ҳомиладор ё емизакли аёлларки, рўза тутишлари сабабли ўзларига ё фарзандларига таъсир қилишини сезсалар рўзаларини ейишларига ижозат берилган. Ҳайз кўрган ва нифосдаги аёллар ҳам рўза тутолмайдилар. Аммо мазкур тоифадагиларнинг барчалари фидя бермасдан Рамазони  шарифдан кейин еган кунларини қазосини тутиб берадилар.

Таъкидлаб ўтамизким биз йуқоридаги масалалар юзасидан эслатма учун қисқа равишда баён қилдик. Мўҳтарам ўқувчларимизга зиёдароқ маълумот олиш зарурати туғилса, маҳалладаги  уламолар ё  рўйхатдан ўтган жомеъ масжид имом хатибларга мурожаат қилиб баатафсил маълумот олишлари мумкин. Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни муборак рамазон ойи ҳамда келадиган муборак рамазон ҳайити билан табрик муборакбод айтамиз. Ярагандан ушбу муборак айёмлар келиши билан юртимизниниг тинжлик ва осоишталиги барқарор бўлиши, халқимизнинг тансиҳат хотиржамлиги ҳамда  муборак Рмазон ойида тушадиган баракоту, раҳмату, мағфиратлардан барчамизга насиб этсин деб сўраймиз.

 

Сариосиё туман “Хожа Алоуддин Аттор”        

жомеъ масжиди  имом хатиби Фазлиддин Кароматуллоҳ 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here