Ислом динида шафқатли бўлишга ва ёрдам қилишга марҳамат дейилади.
Аллоҳ таоло Раҳмон ва Раҳимдир. Яъни бандаларига бу дунёда ва охиратда ғоятда
шафқатли ва меҳрибондир. Бинобарин, марҳамат илоҳий бир туйғудир. Мусулмон тош бағир,
қаттиқ кўнгилли эмас, аксинча, марҳаматли ва юмшоқ кўнгилли бўлишга интилиши лозим.
Аллоҳнинг махлуқларига кўнглида шафқат ва марҳамат мавжуд бўлган киши афзал одамдир.
Бундай инсон Аллоҳнинг раҳмон ва раҳимлик сифатларидан улуш олгани учун ҳар турли
эҳтиромга лойикдир. Аллоҳнинг раҳмати ва марҳамати эса чексиздир. Уларнинг кичик бир
ҳиссасигина одамларга берилган. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: «Аллоҳ таоло раҳмат ва
марҳаматини юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўзига қолдириб, бир қисминигина ер
юзига туширди. Мана шу бир улушнинг марҳамати туфайли одамлар бир-бирларига марҳамат
кўрсатадилар- деган эдилар.
қаттиқ кўнгилли кишилар, бошқаларга зулм қилиб азоб берувчилар бу дунёда ҳам,
охиратда ҳам бахтиёр бўла олмайдилар. Ислом дини қаттиқ кўнгилли кишилар бўлишни ҳаром
қилган. Исломиятдан аввал араблар золим ва нодон одамлар бўлгандилар. Тўхтовсиз уруш
қилиб, бир-бирларини ўлдирардилар, қиз болаларни ёқтирмасдан тириклигича ерга
кўмардилар. Ислом дини бундай ҳолларни қатьий равишда таъқиқлаб, одамларни шафқатли
бўлишга даъват қилди. Мана шу шафқат тошбағирликни тугатиб, кўнгилларни юмшатади.
Душманликларни дўстликка айлантиради.
Бир куни пайғамбаримиз набиралари ҳазрати Ҳасанни қучоқлаб ўпган вақтларида Ақро
ибни Ҳабис отли дўстлари буни кўриб, пайғамбаримизга шундай деди: «Демак, сиз болаларни
ўпасиз. Менинг ўн болам бор, мен уларни ҳеч қачон ўпмаганман». Пайғамбаримиз бу кишига
табассум билан бокдиларда, шундай дедилар: «Марҳамат қилмаган кишига марҳамат
қилинмас»;
Бошқа бир ҳадисларида пайғамбаримиз: «Одамларга марҳамат қилмаган кишига
Аллоҳ ҳам марҳамат қилмас», — дейдилар. Бу ҳадислардан кўриниб тирибдики, марҳаматсиз
ва қаттиқ кўнгилли одамларга Аллоҳнинг ҳам марҳамати йўқдир.
Ислом дини мусулмонларни бир гавданинг аъзолари деб билади. Гавданинг аъзолари бир-бирларига ғамхўрлик қилиб, гавданинг саломатлигини сақлагани каби мусулмонлар ҳам бир-бирларига таяниб, бир-бирларининг қайғуларини ўртоқлашиб, марҳамат ва шафқат кўрсатиб,
ораларидаги муҳаббат ва ҳурматни зиёда қиладилар.
Қуръонда Аллоҳ таоло:
«Раҳматим меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир», — дейди. («Аъроф»
сураси, 156-оят).
Ислом дини томонидан бизга даъват этилган марҳамат барча инсониятга, ҳатто бутун
махлуқотга тааллуқлидир. Мусулмон одам инсониятгагина эмас, ҳайвонлар оламига ҳам
марҳаматли бўлади, зарарсиз ҳайвонларни ўлдирмайди, оч ва сувсиз қолдириб ёки беҳудага
қийнаб ҳайвонларга азоб бермайди. Ислом динида ҳайроннинг ҳам ҳаққи ва ҳуқуқи бор.
Бир сафар пайғамбаримиз саҳобаларга дўзахи бир хотин ҳақида сўзлаб бердилар. Бу
хотин мушугидан хафа бўлиб, бир катакка қамаганда, овқат, ҳам, сув ҳам бермаган, шу
туфайли мушукнинг оч қолиб ўлишига сабабчи бўлган. Ана шу хотин мушукка рахм қилмагани
учун дўзахи бўлган. Ислом дини одамларгагина эмас, барча жониворларга ҳам шафқатли ва
марҳаматли бўлишга буюради.
ШЎРЧИ ТУМАНИ ТОЛЛИ ОТА ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ
РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО