Расулуллоҳ(САВ) бирон
одамнинг касал бўлиб қолганини эшитсалар, бориб уни кўрар ва унга Аллоҳдан шифо тилар
эдилар. Ул зот ўзларининг бир ҳадисларида: «Беморларни зиёрат қилинг, очларни
тўйдиринг, қулларни озод қилинг»,- дейдилар.
Беморни бориб кўрилганда, мумкин бўлса, беморнинг қўлини сиққандан сўнг очиқ юз
билан самимият кўрсатиш лозим. Бемор оғир аҳволда бўлса, яхши сўзлар билан унинг кўнглини
кўтариш, руҳий мадад бериш керак. Беморларни бориб кўрганда, дуо қилиш, Аллоҳдан шифо
тилаш суннат ҳисобланади.
Пайғамбаримизнинг оилалари ёки фарзандлари касал бўлиб қолишса, ўнг қўлларини
оғриётган аъзо устига қўйиб, шундай дуо қилар эканлар: «Эй барча инсониятнинг Раббиси
бўлган Аллоҳим, бу беморни оғриқларидан халос эт. Сен шифо берувчисан, сендан бошқа
шифокор йўқ, Бу беморнинг барча оғриқлари қолмайдиган қилиб шифо бер».
Айтишларича, мусулмоннинг кўрган азоби, оғриқлари гуноҳларига каффоратдир, яъни
гуноҳлардан тозалайди. Беморлик ва ўлим ҳолларида сабр этишнинг катта савоби бор.
Бемор олдида узоқ вақт туриб қолиш, унинг кўнглини синдириш ёки аччиғини
келтирадиган сўзлар айтиш тўғри эмас.
Одамлардан уялгани туфайли»Бормасам айб бўлади», — деб беморни зиёрат қилишнинг
савоби бўлмайди. Беморни фақат Аллоҳ ризолигини қозониш учун, пайғамбаримизнинг
буюрганлари ва савоби ниҳоятда кўп бўлгани учун бориб кўриш лозим.
Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: «Бир мусулмон бемор
қардошини зиёрат қилса, унинг ёнидан қайтгунга қадар жаннат туҳфасини тера бошлайди». Ул
зотнинг саҳобалари сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, жаннат туҳфаси нимадир?». Пайғамбаримиз
шундай жавоб бердилар: «Жаннатда бўладиган хурмолардир».
Шўрчи тумани «Толли ота» жоме масжиди имом хатиби Рашидов Ҳайбатуллоҳ