Муқаддас динимиз кишиларни мехнатга, мехнатсеварликка чорлайди. Унинг хаётбахш таълимотларида касб-ҳунар, чорвачилик, деҳқончилик, уста-ҳунармандлик, тижоратчилик, ишчи –хизматчилик каби инсоннинг ўзига ҳам, жамиятга ҳам, атроф-муҳитга ҳам улкан фойда ва манфаатлар келтирадиган ҳалол ишлар билан шуғулланиш орқали фаровон турмушга эришуви кенг кўламда тарғиб ва ташвиқ этилади.
Динимиз пешона тери билан топилган мол-мулк қўлга киритилган нарсаларнинг энг яхшиси ва ёқимлиси эканини таъкидлаш баробарида ишёқмаслик, бекорчилик, тиланчилик, ўзгаларга юк бўлиш каби иллатлар гирдобига тушиб қолишдан огоҳлантириб, бу каби ҳолатларни қаттиқ танқид остига олади.
Ҳар бир инсонга ҳалол тижорат, деҳқончилик, чорвачилик касб –ҳунар билан аҳли оиласини ҳар тамонлама таъмин этиш, уларнинг ахлок-одоби хусусида қайғуриш ҳар бир мўмин инсоннинг зиммасидаги муқаддас бурчдир. Бу борада энг гўзал ўрнак Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам ) ҳаётларидадир. Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг дастлаб қўй боқиш, кейинчалик тижорат билан шуғулланганлари барчамизга тирикчилик йўлида ҳалол касб лозимлигини англатади.
Мустақиллик шарофати билан юртимизда тижорат ва касб-ҳунар қилиш учун кенг имкониялар очилди, бу ўз-ўзидан халқимиз ҳаётининг фаровон бўлиб боришига хизмат қилмоқда.
Абу Саид Худрий (розияллоху анху) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “ Омонатли, тўғри сўз мусулмон тижоратчи пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар” (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло кундузни инсонларга Ер юзига тарқалиб, ишлаб, ҳаракат қилиб, ризқ топиш, тирикчилик қилиш учун қулай имкониятларни берди. Қуръони каримда: “Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган вақт) қилдик” (Набаъ сураси 11-оят).
Ҳалол касб орқали ҳаёт кечирувчи инсонларнинг дуолари ҳам мустажоб бўлади. Агар одамлар олди-бердиларида, касбу корларида халоллик ва инсофни ўзларига шиор қилиб олсалар, ораларидаги низо ва келишмовчиликлар ҳам барҳам топиб, бир-бирига адоват-гина сақлаш, ўзаро ишончсизлик каби жамиятни тагидан емирувчи иллатлар ўз-ўзидан барҳам топган бўлар эди.
Қумқўрғон тумани “Шох Машраб”
жоме масжиди имом хатиби в.б Х.Зайниев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here