Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқаб кетишининг олдини олиш ҳамда ундан сақланиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган бир пайтда амалга оширилаётган бу тадбир аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифати ва самарадорлиги янада яхшилашга, йўл ҳақини асоссиз оширмасликка кўмаклашаётир.
Президентимиз 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам коронавирус муаммосига алоҳида тўхталиб, халқимизга мурожаат қилди. Юртимизда етарли даражада захира мавжудлиги, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқлигини атрофлича таҳлил қилиб берди. Шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарурлигини таъкидлади.
– Воҳада йўловчиларга хизмат кўрсатувчи 264 та корхона фаолият юритмоқда, – дейди вилоят транспорт бошқармаси автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлаш ва назорат қилиш бўлими бошлиғи Ислом Жўраев. – Вилоят ИИБ йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан биргаликда ташкил этаётган бу тадбирларимиз йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш баробарида одамлар орасида пайдо бўлиши мумкин бўлган турли хавотирларга ҳам чек қўяди. Халқимизнинг кўпга келган балога баҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишдек, эзгу мақсадларини намоён этади.
Термиз шаҳрида 29 та корхона йўловчиларни ташиш хизмати кўрсатмоқда. Эрта тонгдан вилоят транспорт ва вилоят ИИБ йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари учун дастлаб мазкур вазифанинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, тегишли топшириқлар берилди. Улар транспорт воситасининг техник, ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтгани, дизенфексия қилингани каби ҳолатлар билан танишиб, ҳайдовчиларга йўл кира ҳақини оширмаслик, йўловчилар билан хушмуомалада бўлиш, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига қатьий амал қилиш юзасидан зарур тавсияларни билдирмоқда.
–Дунёда жиддий ташвиш уйғотган бу балони халқимиз билан жипслашиб, биргаликда енгиб ўтамиз,– дейди “Автотранс Ангор” давлат унитар корхонаси ҳайдовчиси Музаффар Худойқулов.– Бундай кунларда элнинг ҳақига хиёнат қилиб, пул орттириш миллатимизга хос хислат эмас. Шунинг учун ҳам йўловчи ташиш нархини ошириш ёки йўловчилардан ортиқча пул талаб қилишни ҳаёлимизга келтираётганимиз йўқ. Аксинча, хушмуомалалик билан мижозларимизни аҳил, иноқ бўлишга даъват этаяпмиз. Йўналишимизнинг йўл ҳақи минг сўм этиб белгиланган. Манзилига етиб келган одамлар шу пулни бериб, миннатдорлик билан тушиб кетмоқда.
Мазкур тадбир вилоят туманларида давом этмоқда.