Оилада қиз фарзанд дунёга келса аксарият оилаларда хафачилик бўлади. Оталар кўпроқ ўғил фарзанд дунёга келишини кутишади. Тўғри ўғил бола наслининг давомчиси бўлади аммо қиз фарзанд ҳам ўз зурриёти-ку. Муқаддас динимизда аёл, қизларга алоҳида эътибор, ҳурмат иззат кўрсатиш кераклиги, уларни ҳар хил иғво-ю, фитналардан, ёмонликлардан асраш буюрилган. Бир қанча оят ва ҳадисларда келтириладики “Оилангизда қиз фарзанд дунёга келса, базм уюштириб, хурсандчилик билан байрам қилинглар” дейилган.

Аслида ҳам оилада қиз фарзанд дунёга келса, хурсанд бўлиш, Аллоҳга шукроналар келтириш керак. Чунки оилага қиз фарзанд эмас гўёки бир фаришта келади. Қиз фарзанд ўғил болага қараганда ота-онага меҳрибонроқ, тозаликка, озодаликка эътибор берадиган ва албаттa пазанда ҳам бўлади. Айниқса қиз отага жуда меҳрибон бўлади. Ҳали эсини танигандан бошлаб, отаси ишга ёки кўчага кетаётганда оёқ кийимини тозалаб “дадажон яхши боринг” деб кузатса, қайтганида эса, югуриб бориб бўйнига осилиб “дадажон яхши келдингизми” деб кутиб олади ҳамда қўл ювасизми деб, қўлига сув қуйишни бошлайди. Ўғил болалар эса, отаси ишга ёки кўчага кетаётганда бирон нарса масалан копток, велоципед, машина ва шунга ўхшаш уйинчоқлар тайинлайди. Келганда эса, қўлига қараб “олиб келдингизми” деб сўрайди. Бу гаплар билан қиз фарзандни ўғил фарзанддан устун қўйиш керак демокчимасман. Аксинча икки фарзандни ҳам бирдай кўриб, меҳр бериш кераклигини айтмоқчиман холос.Ва Аллоҳ таолога қизми ўғилми берган фарзанд учун шукроналар айтиш лозим. Чунки тирноққа зор бўлиб, Аллоҳдан фарзанд сўраб дуо қилганлар камми.

Ҳали Ислом дини пайдо бўлмасдан аввал жоҳилият даврида оилада қиз фарзанд дунёга келса, биров эшитишидан уялишган. Шунинг учун бирон киши эшитишдан олдин уни туғилган заҳотиёқ ўлдириб юборишган ёки сал улғайгунча уни ҳаммадан яшириб юришган. Ва қиз сал улғайиб эсини танигач онасига уни кийинтиришини айтишган. Қизига эса “сени айлантириб келаман” дейишган. Она бечора қон йиғлаб қизини ювинтириб, янги кийимларини кийдириб, қўлига севимли ўйинчоғини ҳам берган. Қиз эса отам мени айлантиришга олиб боряпти деб ўзида йўқ хурсанд бўлиб, онасининг уни қучоқлаб йиғлаётганининг сабабини тушунмай ҳайрон бўлган. Ота қизини еталаганча йўлга отланган. Онаизор эса уларнинг ортидан зор-зор йиғлаб қолган. Чунки қизини охирги марта кўриб турганини билиб турган буни  қиз тушунмасада. Ота ва қиз узоққа ва қалин ўрмонга етиб боргач, ота қизига шу ерда сен озроқ ўйнаб тур деб, ўзи чуқур ковлашга тушади. Ота қизи учун қабр қазиётган бир пайтда, қиз ҳеч нарсадан бехабар ҳолда севимли ўйинчоғини ўйнаб ўтиради. Ва ниҳоят чуқурни қазиб бўлган ота қизи ўйнаётган ўйинчоғини унинг қўлидан олиб чуқурга ташлайди ва қизига “сен ҳам чуқурга ўйинчоғингни ёнига туш” дейди. Қизи йўқ қўрқаман деб йиғлашига қарамай, унинг қўлидан судраб чуқурга ташлайди. Қизи бақириб йиғласа, овозингни чиқарма деб урушиб, қизининг зорланиб қилган нолаларини эшитмай, чуқурда турган қизининг устидан тупроқ ташлаб кўмиб ташлайди. Ва ҳеч нарса бўлмагандай уйига қайтишган.

Бу воқеаларни китоблардан ўқиганимда бир неча кун ўзимга келолмай юрдим. Аллоҳ фарзанд бергани учун шукр қилиш ўрнига гуноҳ ишга қўл уришган. Ана шу тириклай кўмилган қизлар ҳам Худонинг бандалари эди-ку. Инсон зоти қандай қилиб бировни тириклай кўмиб ташлаши мумкин. Яна у беозоргина қиз бола бўлса ва ўз фарзанди бўлса… Одам шунчалик вахший бўлиши мумкинми. Аллоҳга минг шукрлар бўлсинким бундай ёвузлик ва хунрезликларга чек қўйди ва динимизда қиз фарзандни ўғил фарзанд биланг тенг кўришликка буюрди.

Олтинсой туман бош имом хатиб котибаси:                        

 Давлатова Турдихол

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here