Инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, — деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.

Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиздир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Дин, халқ, ватан ҳимояси йўлида жон бериш шарафдир.

Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки, у инсон учун жондан ҳам азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлар эди. Шунинг учун ҳам ватан лафзи олдига жонажон деган сўз қўшиб айтилиши одатга айланган.

Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл”, деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.

Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кеча кундуз “рибот”, (яъни душман қаршисида туриш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Уламолардан бирлари айтган эди: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.

Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин. Aмийн!

 Денов тумани бош имом хатиби П.Тошбоев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here