Меҳрибон роббим инсонни азизу мукаррам қилиб яратган. Инсон улғаяр экан дилида қанча қанча орзу ҳаваслари бўлади. Хонадонда фарзанд дунёга келгач уни бахт иқболини Алоҳдан сўрайди. Шундай экан қиз бола дунёга келган хонадонда қиз фарзандга эътибор, талаб, кучли бўлади. Миллий урф-одатларимизга кўра, қиз боладан биринчи талаб қилинадиган нарса, бу – ҳаё, иффат, номус. Беномуслик, ҳаёсизлик қиз бола бахтининг заволи, ота-онанинг шўридир. Оқ либос кийиб ўзга хонадон эшигидан кириб боришга муяссар бўлган мастура қиз бахтлидир. Аммо бу бахтнинг қанчалик мустаҳкамлиги ўлчови нимадалигини оқила қизлар яхши билишади. Ота-она юзини ерга қаратмаслик учун қиз бола ҳамиша одоб-ахлоқли бўлиши, ҳаё-иффатни қадрлаши, номусини ҳар қандай нарсадан устун билиб, ҳақиқий инсон бўлишга ҳаракат қилиши керак.
Келин бўлиш тартиб-қоидалари ҳақида гапирганда, қизлар бир оз уялиб, юзларини яширганлари яхши. Бу, уларнинг шарқона одобидир. Ҳаёсизда одоб, уят бўлмайди. Шу билан бирга, қиз болани вояга етказаётган ота-она жигарбандлари ёлғиз ўтишини хоҳламайди. Ўғилми, қизми, куни келиб турмуш қуради, оила бошлиғи ёки бекаси бўлади. Шунинг учун мустақил ҳаётга тайёргарлик кўриш ҳақида уларга сабоқ бериш зарур.
Энг аввало, ҳар бир қиз бир умр ота-онаси билан яшамаслигини англасин, мустақил оила қуриб бошқа хонадонга фарзанд бўлишини билсин.
Қиз бола ўз келажагига эътибор билан қарасин, гўзал одобларни ўзлаштирсин. Зеро, инсон одоб-ахлоқи билан азиз-мукаррамдир.
Қиз бола хушмуомала бўлсин, бетгачопарлик қилмасин. Аёл кишининг дағал сўзлаши, эркакчасига шанғиллаши жудаям хунук одат. Айниқса, ота-онанинг бетига сапчишдан, ўзидан катта, кўпни кўрган нуроний кишиларга ҳурматсизлик қилишдан сақланиш керак. Ўзбекона муомала одобини ўзлаштириш қизнинг кўрки саналади. Хушмуомала, итоаткор қизни одамлар: “Фалончининг қизи бирон марта қаттиқ гапирганини эшитмадик. Отасига раҳмат! Қиз бола шундай бўлса!” деб ҳавас қилишади.
Қиз бола меҳнатсевар, чаққон бўлгани маъқул. Зеро, ҳамма уни кузатади. Агар қизнинг одобини, меҳнатсеварлигини, ҳаё-ибосини мақтасалар, бу унинг учун шарафдир. Шунда “Мана шу қизни келин қилсам!..” деб орзу қиладилар.
Қиз бола одамлар ичида ўзини ортиқча ясама гўзал қилиб кўрсатмасин, бўлар-бўлмас пардоз-андозлар билан ўзига оро бермасин. Бу, қизнинг камтарлигидандир. Бу хислат унинг фойдасига ишлайди. Чунки, қуруқ зеб-зийнат билан чиройли бўлиб қолмайди одам. Инсон зотининг, айниқса, қиз боланинг чиройи имон-эътиқод, ҳаё-ибо, одоб-ахлоқдир.
Шу билан бирга, пала-партишлик, ўзига эътибор бермаслик ҳам яхши эмас. Ораста бўлиш, кийган кийими янги бўлмаса ҳам ювилган, дазмолланган, авратини (уятли жойларини) ёпган, ўзига муносиб бўлгани маъқул.
Қиз бола бичиш-тикишни яхши ўрганиши зарур. Келажакда оилада унча-мунча нарсаларни ўзи бичади, ўзи тикади. Аёл чевар бўлса, моддий, маънавий тарафдан кўп фойдаси тегади.
Пазандалик ҳам қиз боланинг борган жойида униб-ўсиб, оиласига чин аъзо бўлишида катта аҳамиятга эга. Бор нарсадан ширин таомлар тайёрлай билиш уй бекасининг қандайлигини кўрсатади. Бу қобилият аёл кишига – ой юзидаги хол каби – ярашиқлидир. Кўпинча ёшлар орасидаги келишмовчиликларга, оилалар бузилиб кетишига айнан аёлнинг уқувсизлиги, таом тайёрлашга нўноқлиги, бепарволиги сабаб бўлади. Бундай келинлардан қайноналари “Келиним нон ёпишниям билмайди. Овқатни эплаб пиширолмайди”, деб фиғони фалакка етиб шикоят қиладилар. Бу, аёлнинг шаънига яхши гап эмас. Қиз бола қанчалик пазанда, уддабурон бўлса, эрининг ҳам, қайнота-қайнонасининг ҳам меҳрини қозонади, олқишларига сазовор бўлади.
Қизнинг ота-онаси қанчалик бой-бадавлат бўлсаям, кам харажат қилиб, ширин таомлар пиширишни ўргатишгани маъқул. Чунки, қиз ўртаҳол ёки камбағалроқ оилага келин бўлиб тушиши мумкин. Ота-она мансаби қанча юқори, обрўйи баланд, мол-дунёси бисёр бўлмасин, қизларини турмушга тайёрлашга эътиборли бўлишлари талаб этилади. Чунки уларнинг мансаблари, бойликлари билан қизлари бахтли бўлиб қолмайди. Бахтни пулга сотиб олиш иложи йўқ.
Ортиқча тилла тақинчоқлар, ялтир-юлтир кийимлар, меъёридан кўп упа-элик суришга ўрганиш қиз болани бахтсиз қилиши турган гап. Бу такаббурликка, одамларни менсимасликка олиб боради. Қолаверса, ташқи гўзаллик инсонни одоб-ахлоқчалик зийнатлай олмайди.
Ҳар бир қиз – Аллоҳ насиб этса – бир кун она бўлади. Шунинг учун қиз бола турмуш қуришдан олдин бола тарбиясини, чақалоқ парваришлаш қоидаларини тортинмасдан ўрганиши, билмаганини сўраб-суриштириши керак. Шу мавзуда момоларининг ўгитларини эшитиши, тарбиявий китобларни ўқиши фойдали бўлади. Чунки, ёш келинлар чақалоқ парваришлашни билмаганлари учун кўп хатоларга йўл қўядилар. Бу борада энг яқин маслаҳатчи қизнингкўпни кўрган доно бувисию, меҳрибон онасидир. Она қизига керакли йўл-йўриқ кўрсатиб, уни турмушга яхшилаб тайёрлаб борса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Қиз бола ўзининг саломатлигига ҳам эътиборли бўлсин. Чунки, соғлом онадан соғлом бола дунёга келади. Она маънан, жисмонан соғлом бўлса, баркамол авлодни вояга етказади.
Қиз бола келин бўлиб тушганидан кейин ўзининг ижобий томонларини кўрсата билсин. Уйни саранжом-саришта тутиш, супуриш-сидириш, ҳамма ёқни озода тутиш асосий фазилатдир.
Турмуш ўртоғи ҳурматини жойига қўйиш келиннинг асосий вазифаси саналади. Ўзбек оилаларида эркак оилада бошчилик қилади. Шундай экан, келин эри билан ҳуқуқ талашмаслиги, гап қайтармаслиги керак. Агар келиннинг эркакдан бирон жиҳати (ҳусни, ота-онасининг мансаб-мартабаси ёки бойлиги) устун бўлса, шунда ҳам эрини асло камситмасин. Зеро, бу яхшиликка олиб бормайди.
Баъзан кекса қайнота ёки қайнона хуноби ошиб, ўзларини тутолмай қаттиқроқ гапириб юборсалар, келин уларнинг бетига сапчимасдан, оғир-вазмин бўлгани, бир гапдан қолгани маъқул. Келин доим шайтонга ҳай берса, ўзига яхши бўлади. Ғазаб отига минган одам бир оздан кейин ҳовуридан тушиб, қилмишига пушаймон бўлади, ҳатто узр сўрайди. Бунақа оғир вазиятда тилни тийган, асабини жиловлай олган одам ютади.
Оқила келин “Қарс икки қўлдан чиқади” деган ҳикмат мағзини англаб етади. Оилада бўлиб турадиган баъзи келишмовчиликларга келиннинг ўзи ҳам сабаб бўлади. Асаблари мустаҳкам аёл бундай пайтда ўзини тута олади. Айби бўлса, узр сўрайди, бошқалардан ўтса, кечиради. Шу зайл ҳаёт бир маромда давом этади.
Оилада бўладиган гап-сўзларни ота-онасига, қўни-қўшниларига етказиш яхшиликка олиб бормайди. Гап ташувчилик, иғво қилиш – жудаям ёмон одат. Бу иллат оила тинчлигини бузади. Шунинг учун бу борада эҳтиёт бўлиш, тилни беҳуда гаплардан тийиш керак. Тилини тийган, фойдасиз гап-сўзлардан, беҳуда ишлардан йироқ юрган одамнинг ҳаёти осуда, кўнгли хотиржам бўлади.
Ҳар бир ота-она қизининг бахтли бўлишини, борган жойида туп қўйиб палак ёзишини, ўзидан кўпайишини истайди. Аммо бу ширин истакнинг ўзи камлик қилади. Ота-она қизлари кўзида ёш кўрмаслиги учун унинг болалигидан шу ҳақида қайғурса, фарзандни яхши тарбиялаб, бахтга муносиб қилиб ўстирса, мурод-мақсадига етади.
Эр билан хотин бир-бирига мос тушса, ўртада бойлик ва саранжомлик бўлур. Ҳусни бўлса, кўнгилга ёқимли бўлур, яхшилиги бўлса жон озиғидир. Ақлли бўлса, турмуш интизомли ва рўзғор тартибли ва сариштали бўлади.
Киши бу хилдаги жуфтга эришса, яширин ғам ва кулфатда сирдош ва ҳамдаминг бўлур, машаққатли дамларингда ҳамнафас ва маҳраминг бўлур. Исломда аёл зоти ғоятда улуғланади. Муқаддас китобларимизда уларни авайлаш, қадрини баланд қўйиш лозимлиги уқтирилади. Расули акрам (с.а.в.) нинг “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган таъкидининг ўзиёқ бунга ёрқин далил. Демак, гап бу ерда хотинлар ҳуқуқини чеклаш устида бормаяпти, бу мумкин ҳам эмас. Аксинча, аёл зоти яралиш фитратига кўра, ўзига яраша вазифани адо этиши кераклиги айтилмоқда. Аёлсиз жамиятни тасаввур этиб бўлмайди. Аёл ҳаёт давомийлигини таъминловчи хилқатдир. Қуръони каримда: “…Унинг оят-белгиларидан сизга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратгани ва ораларингизга меҳру муҳаббат солиб қўйганидир”, (“Рум” сураси, …-оят) дея марҳамат қилинади.
Эркак ҳаётда сокинлик топиши, ҳузур-ҳаловат кўриши ва наслини давом эттириши учун аёлга муҳтож. Эр-хотин иноқ яшаши учун ўртада меҳр-муҳаббат пайдо қилингани ҳам Парвардигор ҳикматидир. Ўртада меҳр-муҳаббат бор экан, икки жинс вакили аҳилликда яшайди, орзу-ҳавас кўради. Айни чоқда аёл зоти ҳам ўз ҳолича бахтли бўлолмайди. У ҳам тўкис инсоний бахтни оиладан топади, кўнгил сокинлиги, ҳузур-ҳаловатини эридан топади.Афсуски жуда кўп оилалар бекаси бўлмиш аёллар тилига эрк бериб, ҳадларидан ошишлари натижасида оилалар барбод бўлмоқда. Эрлари, қайнонаю-қайноталар билан муросаю мадора қила олмаслигидан оиллари нотинч бўлади.
Қайсидир замон, қайсидир юртда яшаган бу аёл гапга чечан, доим оила аъзолари, қариндошлари, қўни-қўшниларию ҳамкасблари – ҳамманинг кўнглини олишга ҳаракат қиларкан-у, негадир ҳеч ким билан тил топиша олмас экан. Назарида, ўзи ақлли, мулоҳазакору, атрофдагилар уни тушунмас, бировга ёмонлиги йўғу, яқинлари яхшилигини ҳам кўролмас экан. Кимгадир юриши, кимгадир туриши, яна аллакимга қарашлари ёқмас, ҳақлигини исботлайман, деб мудом куйиб-пишар экан. Ҳеч ким уни тушунмаётганини, айтганлари ҳавога учаётганини, умри сафсата билан ўтаётганини англаган аёл қақраган гулдек тобора сўлий бошлабди. Бир куни уй юмушларидан толиққан жувоннинг кўзи илинибди. Тушига мўйсафид чол кирибди ва бундай дебди: “Нега бу қадар маҳзунсан, кўнглинг чўккан? Ахир бир аёл орзу қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсага эгасан-ку! Оиланг бут, ота-онанг соғ-омон, шириндан шакар фарзандларинг, ёқтирган касбу коринг бор. Ўзингни бахтли ҳис қилишинг учун сенга нима етишмайди?” Аёл саволга тайинли жавоб беролмабди. Фақат улкан бу оламда ўзини ниҳоятда ёлғиз, ношуду нотавон ҳис қилаётганини айтиб, юм-юм йиғлабди. Мўйсафид мийиғида кулимсираб, “Ҳаммаси яхши бўлади”, дебдию ғойиб бўлибди. Аёл эшикнинг зарб билан тақиллашидан уйғониб кетибди. Ишдан чарчаб келган эри дастурхон тузалмаганини кўриб, дарғазаб бўлибди, хотинини тергабди. Аёл кун бўйи уй юмушларидан ортмаганини, озгина кўзи илинганини тушунтирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган экан, не ажабки… тили гапга айланмабди. Ўзини оқлашга ҳарчанд уринмасин, миқ эта олмасмиш. Нуқул кўзлари жавдираб турармиш. Хотинининг одатдагидек дийдиё қилишига шай турган эр бу ҳолатдан ҳайрон бўлибди. Кўнгли юмшаб, сабр билан кечки овқатни кута бошлабди. Ҳар сафар аёл атрофдагиларга ниманидир уқтирмоқчи бўлганида айнан шу вазият такрорланаверибди. Уйда эрию қайнонаси, ишхонада бошлиғи, боғчада тарбиячи, кўчада бегоналарга гапираман деб оғиз очиши билан тилдан қолармиш. Олдинига жуда қийналибди. Гапи ичида, заҳри тилида қолаверибди. Аста-секин тақдирга тан берибди. Жимгина ишини қиладиган, гап-сўзларга парвосиз йўлида кетадиган бўлибди. Кунларнинг бирида кўчадан ўтиб кетаётса, ортидан қўшнилари гапирганини эшитиб қолибди: – Анави жувон бирам оқила-я. – Гап-сўзлари ҳам жойида! Аёл ҳайратдан қотиб қолибди: “Мени гапиришяптими? Наҳотки?! Ахир оғзимдан ҳеч бир сўз чиқмаса…” Вақт ўтиб, бундай гапларни тез-тез эшитадиган бўлибди. Эри уни итоатли рафиқа, қайнонаси сабрли келин, қўни-қўшнилари доно суҳбатдош, бошлиғи яхши ҳодим сифатида кўра бошлабди. Аёл «соқов» бўлиш тили бийронликдан кўра кўпроқ фойда беришини тушунибди.Қиссадан ҳисса шуки азизаларим бир гапдан қолиб, шайтонга ҳай берсангиз олам гулистон. Хонадон тинчлиги,ободлиги сизнинг қўлингизда меҳри дарё мунис аёллар!!!

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Касимова.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here