Давлатимиз биринчи раҳбарининг ташаббуслари билан 1999 йилдан буён юртимизда “9-май Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу эса ватанлари учун ўз жонларини фидо қилган аждодларимиз ҳаққига бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром рамзидир. Ҳа албатта улар бунга муносибдирлар. Чунки улар қонли тўқнашувларда, жангу-жадалларда, ўқлар ёмғири остида юртимиз озодлиги, эрки ва ҳурлиги учун жонларини фидо қилиб бўлсада, жанг қилганлар. Уларни ёдга олмаслик ва ҳақларига дуолар қилмаслик инсонийликка тўғри келмайдиган иш саналади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ана ўшандай тинчлик учун жонини фидо қилганлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Ким молини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса ёки дийнини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса ёки жонини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса ёки ватанини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса, у шаҳиддир”.
Шунинг учун ҳам барча ўтган аждодларимизнинг қабрларини зиёрат қилиб, ҳақларига Қуръон тиловатлар қилиш бизнинг фарзандлик бурчимиз ҳисобланади. Зиёратнинг эса ўзига яраша одоблари ҳам бор. Бу ҳақда уламоларимиз қуйидагича айтиб ўтишган. “Шарҳу Лубоб” да айтилганки, зиёрат қилиш кунларининг афзали бу жумъа, шанба, душанба ва пайшанбадир. Қабристонга зиёратга борилганда, аввал ўша ердаги масжидга кириб икки ракаат намоз ўқилади ва савоби қабристон аҳлига бағишланади.
Бундан ташқари мусулмон қаерда бўлишидан қатъий назар бир солиҳ амал қилса ёки тиловати Қуръон қилса ва унинг савобини ўша турган ерида ўтган яқинларига бағишласа савоби етиб боради. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани кўриб билиб турувчи Зотдир.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига мозорга борганда нима дейишликни ўргатдилар: “Салом бўлсин сизларга эй аҳли мўминлар ва мусулмонлар, биз ҳам Худо хоҳласа сизларга етамиз. Сизлар олдинроқ ўтдингизлар ва бизлар ҳам тез кунларда сизларга эргашамиз. Аллоҳ бизларга ва сизларга офият берсин”.
Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, мозорларни обод қилиш, қабрлар атрофини кераксиз ўт ва хашаклардан тозалаш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан эканини унутмаслигимиз зарур. Ота-оналаримиз ёки қавму-қариндошларимиз вафот этганларидан кейин ҳам бизнинг фарзандлик бурчимиз тугамайди. Ана ўша бурчимиз уларнинг ҳақларига дуо қилиш ва қабристонга борганимизда тирикликларида қандай муомалада бўлган бўлсак, ўшандай одоб билан муомала қилишимиз керак.
Олтинсой туман имом хатиби: М.Маматқулов