Ўн саккиз минг оламни яратган ва уларнинг рисқу рўзини ўз зиммасига олган Яратганга ҳамду мақтовлар бўлсин. Халқини тўғри йўлга ва жаннат йўлини кўрсатиш учун одамлар ичидан сараланиб юборилган Пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин!
Ассалому алейкум, муҳтарам ватандошлар! Инсон борки, тўй ва маросим бор. Тўй ва маросимларни Яратганнинг ва расулининг ризолиги ҳамда кўрсатмасига мувофиқ ўтказиш учун ҳар бир инсонда бу ҳақида шаърий тушунча бўлиши керак. Тўй — бу шукроналик учун элга бериладиган ҳолисона эҳсон. Бу эҳсон оллоҳнинг хузурида мақбул эҳсон бўлади. Ҳўжакўрсинга ва одамларга кўз-кўз қилишдан ҳоли бўлсагина, қабул бўлади. Бизнинг қилаётган тўйларимиз эса ачинарли ҳолда, тўйга обрў-эътиборли мансабдорлар, бойлар чақирилади. Маҳалладаги кам таъминланган пули йўқ маҳалла аҳли ҳижолатдан тўйга киришга журъат қила олмайди. Сабаби эшик ёнидаги соврин ёзувчи эркаклар кўзини лўқ қилиб, “сен тўйга нима қўшмоқчисан” дея йўлни тўсиб турадилар. Пайғамбаримиз “камбағал иштирок этмаган тўйда раҳмат йўқ”, дер эдилар. Эҳсон ҳолисолилло тарқатилиши керак. Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида айтадики, «мен сенга берганимдек, яхшилик килгин», албатта, инсон фарзанд неъматининг шукронаси учун тўй қилади, бунинг учун йиллар давомида тайёргарлик кўради. Жумладан, ножўя сарф-ҳаражат қилади, дастурхонга алькогол ичимликлар қўйиб, ҳаром- ҳаришга сарфлайди. Натижада катта хаттоликка йўл қўйиб, ажру мукофотдан маҳрум бўлади. Тўйга тушган пуллар эвазига қилинган тўй худо учун қилаётган эҳсоннинг хақиқий эмаслиги ишора қилади. Оллоҳ таоло ўзининг каломида «сизлар яхшилик йўлида, тақво йўлида бир-бирларингизга ёрдам берингизлар, гуноҳ ишларга, қарама-қаршиликни келтириб чиқарадиган нарсаларга ёрдам бермангиз” деган.
Тўйларда куёв тўранинг дўстлари бир неча “Каптива” русумидаги машиналарни буюртма қилишади. Улар ҳақиқий дўст бўлганида, каптива учун бериладиган пулларни йиғиштириб дўстига ёки рўзғорига керакли жиҳоз олиб бериб ёрдам қилган бўлар, бу билан дўстлар орасида бир умрлик дўстлик риштаси мустаҳкам бўларди.
Албатта, ўлим кутилмаганда келиб, марҳумнинг яқинлари, фарзандларини эсанкиратиб қўяди, шундай ҳолатда тўйдагидек пул йиғиштириш ўлганни тепган қилиш билан баробардир. Ўтмишда ота- боболаримиз бундай тушкунлик ҳолатларида меҳр-оқибат билан бир-бирларига ёрдам берганлар, ҳозир эса одамлар орасида ўзаро иноқлик ва оға-инилик риштаси мустахҳкам эмас.
Оллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: «Қиёмат кунида хар бир берилган неъмат учун сўраласан яъни қаердан топдинг, қаерга сарфладинг, ҳалолданми, ҳаромданми? Ҳалолдан бўлса, ҳисоб китоб берасан, ҳаромдан бўлса, жазоланасан. Пайғамбаримиз айтганлар, ҳар бир ишда ўртача бўлган яхши. Ҳаддидан ошмасликда кибр, исроф бор. Булар аралашган эҳсонларимизда файз йўқ. Кибр, исроф аралашган эҳсонларимиз раҳмоний эмас, шайтоний эҳсонлардандир. Бедил айтганидек:
Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Осмонга чиқса ҳамки, қийшиқдир девор.
Агар ҳаёт йўлидаги биринчи ғиштимизни тўғри қўймас эканмиз, Оллоҳ ҳам, келажак авлод ҳам бизни кечирмайди, азизлар!
Қумқўрғон тумани «Ислом ота» жомеъ имом хатиби
Аллоҳмурод Чориев