Дунёда инсоният учун берилган энг улуғ неъматлардан бири бу она-Ватан ҳурлигидир. Инсоннинг Ер куррасида туғилиб ўсган замини – Ватан ҳисобланади. Бизнинг она заминимиз Ўзбекистонни бир оила деб фараз қиладиган бўлсак, бу оилани асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида “Ҳар бирингиз чўпонсиз (оила боши) ва ҳар бирингиз аҳли оилангизга масъулсиз” деб зикр қилинади. Демак инсон ўз оиласини яхшилаш орқали, жамиятни равнақ топтиради. Киши нафақат ўзини ва оиласини ўйлабгина қолмай, балки жамиятини, эл-юртини, халқини, она-Ватани тинчлик-осойишталигини ўйлаб ҳаракат қилади. Дарҳақиқат юртда нотинчлик, уруш-жанжал бўлса, бу юртдан файзу барака кўтарилади. Ҳар-бир инсонни ороми йуқолади.
Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистонимиз-нинг ўз миллий армиясини яратиш ва такомиллаштиришга жиддий киришилди. Ўтган қисқа вақт мобайнида юртимизда давр талаби ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган Қуролли Кучларни барпо этиш, миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Юртимиз аскарларининг сарҳадларимизни мустаҳкам ҳимоялаш ҳамда осойишталикни таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари натижасида миллий армиямиз нуфузи кундан-кунга ошиб бормоқда.
Ватанимиз сарҳадларида кеча-кундуз зийраклик билан турган мард ва жасур посбонларимиз юртимиз мустақиллигини, эл-юрт осойишталигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётгани қалбларимизда ифтихор туйғуларини жўш урдиради.
Ҳар йили 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни миллий байрамимиз сифатида юксак даражада нишонланади. Бу сафар байрам устига байрам, яъни Ўзбекистон Қуролли Кучлар ташкил топганига 20 йил тўлди.
Ватанимизда бугунги тинч ва барқарор ҳаёт, фаровонлик халқимизга мустақиллик туҳфа этган азиз неъматлардандир. Ҳар қандай давлатнинг мустақиллигини биринчи навбатда унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари ҳимоя қилиши керак.
Ахборот курашлари деб ном олган бу асримизда ҳар бирларимиз хушёр бўлишимиз, юртимизни, халқимизни, миллатимизни ва фарзандларимизни фитналардан, хунрезликлардан ва турли экстремистик оқимлардан асраб-авайлаб боришимиз лозим бўлади. Ҳукуматимизнинг бугунги кундаги оқилона сиёсати жуда ҳам бир устувор йуналишда олиб борилмоқдаки, мақсад озод ва обод, тинч-осойишта жамиятни барпо килиш.
Дунёни ҳеч бир давлатида маҳалла деган тушунча йуқ. Ватанимизда неча асрлардан бери шаклланиб келаётган маҳалла ҳудудларида халқимизни эҳтиёжларини қондириш, маънавий-маърифий ишларни олиб бориш ва халқни яхши-ёмон кунларида бирга бўлиш ҳамда шу заминда ҳаёт кечирадиганларни доимо хушёрликка даъват қилиб келмоқда.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208-оятида шундай марҳамат қилади:
«Эй Аллоҳга имон келтирган зотлар ёппасига тинчлик йулига кириб ҳамкорлик қилинглар шайтонни йўлларига эргашманглар у сизларга очиқдан очиқ душман» деб бизларни тинчликка, ер юзини обод қилишга чақириб, бузғунчи йуллардан қайтаради.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида мусулмон киши ўз жони, шаъни, ота-онаси, опа сингилларини ташқи ёвлардан ҳимоя қилиб, дунёдан ўтса, унга Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганнинг мақомини берилишини башорат қилганлар. Юқоридагилардан маълум бўладики ҳар-биримиз доимо хушёр бўлиб, инсонни дангасалик, лоқайдлик, бепарволик иллатларидан юз ўгириб доимо ўзини оиласини, маҳалласини, юртининг тинчлигини ўйлаб яшамоқлиги лозим бўлади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсия қилганларидек, ўғил болаларга сувда сузиш ва отда чопиш каби машқларни пухта ўргатиб, уларни Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида тарбиялашимиз зарур. Дарҳақиқат, энг қадрли неъматлардан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Мана шу осудаликни ҳеч иккиланмай бепоён Ватанимиз сарҳадларини мардона қўриқлаб турган юрт посбонларининг хизмати деб айта оламиз.
Мамлакат осойишталиги, халқ тинчлигининг мустаҳкам таянчи бўлмиш Ватан ҳимоячилари доимо ҳушёр ва сергак.
ЎМИ Сурхондарё вилоят вакили ўринбосари А.Фатуллаев