Ислом дини бешта рукнга бино қилинган бўлиб, уларнинг энг биринчиси, қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асос саналган рукни имондир. Ақида масаласи айнан мана шу рукнга тегишли бўлиб, бу ҳақда барча мусулмонлар етарли даражада илмга эга бўлишлари лозимдир. Зеро, улуғ машойихлардан Сўфи Оллоҳёр айтганларидек:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса елдур.

Ақида борасида битилган энг мўтабар китоблардан биринчиси Имом Абу Ҳанифа р.ҳ.га мансуб “Ал-фиқҳул акбар” китоби бўлиб, бу асар биз мотуридий ақидасига эргашувчи мусулмонлар учун асосий манба саналади. Абу Ҳанифа р.ҳ. бу китобда шундай деганлар:

أَصْلُ التَّوْحِيدِ وَ مَا يَصِحُّ اْلاِعْتِقَادُ عَلَيْهِ يَجِبُ أنْ يَقُولَ: آمَنْتُ بِاللهِ، وَ مَلاَئِكَتِهِ، وَ كُتُبِهِ، وَ رُسُلِهِ، وَ الْبَعْثُ بَعْدَ الْمَوْتِ، وَ الْقَدَرِ خَيْرِهِ وَ شَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى،  وَالْحِسَابُ وَ الْمِيزَانُ، وَالْجَنَّةُ وَ النَّارُ حَقٌّ كُلُّهُ. وَاللهُ تَعَالَى وَاحِدٌ لاَ مِنْ طَرِيقِ اْلعَدَدِ، وَلَكِنْ مِنْ طَرِيقِ أنَّهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ: قُلْ هُوَ اللهُ أحَدٌ* اَللهُ الصَّمَدُ* لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ* وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُواً أحَدٌ

(سورة الإخلاص).        

яъни: “Тавҳиднинг асли ва эътиқод қилиш тўғри бўлган нарса шуки: ҳар бир мусулмон шундай деб айтиши вожиб бўладики: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканлигига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир. Аллоҳ таоло бирдир, лекин соноқ жиҳатидан эмас, балки Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан. Қуръони каримда айтилганидек: (Эй Муҳаммад!),  айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожат, (лекин)  ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир” (Ихлос сураси).

Ушбу матнда ақиданинг асослари ва унинг тўғри бўлиш тарзи зикр этиб ўтилмоқда. Банда юқорида айтилган ақидаларга аввало чин дилдан ишонмоғи лозим. Сўнгра уни тилида айтса имони комил бўлади. Агар дилида тасдиқлаб, узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Шунинг учун имоннинг комил бўлиши учун дилда тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши шарт қилинган.

Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, ақидаси тўғри бўлмагани сабабли, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди.

Бугунги кунда диний билимни ёшларимиз турли интернет воситаси орқали ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишмоқда. Болаларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун улар мадраса кўрган, интизомий дарс ўқиган устозлардан намуна олишлари зарурдир. Бундан ташқари исломий ақидадан умуман бехабар кишилар орасида муқаддас ислом динини менсимасдан миссионерларнинг даъватига алданиб қолаётганлар ҳам учрамоқда. Мусулмон кишининг ўз динидан воз кечиб, ўзга динни қабул қилиши Аллоҳ таолонинг даргоҳида кечирилмас гуноҳдир. Мўмин мусулмон халқимиз бундай ишлардан ҳазарда бўлишлари лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда айлаб, барчамизни рушду ҳидоятда барқарор бўлмоғимизни насибу рўзи қилсин. Омин!

 

 

Шеробод тумани “Имом Термизий” Жоме масжиди имом ноиби  С.Абдиқодиров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here