«Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар)гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси 23-24-оятлар).
Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишдан кейин ота-онага яхшилик қилишга буюрди. Бундан маълум бўладики ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги энг муҳим ва савобли ишдир. Ота онага ғамхўрлик қилиш, уларнинг розилигини олиш, улар кексайганларидан кейин уларни хизматларида хозир бўлиш Аллоҳ таоло буюрган ва ҳар бир фарзанднинг гарданидаги ҳам қарзи ҳам фарзидир. Икки дунё саодатини истаган, бу дунёда ҳам охиратда ҳам саодатга эришмоқчи бўлган ҳар бир кишининг Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги энг биринчи қилиши керак бўлган иши ота-онасига яхшилик қилиши ва уларнинг розилигига эришишидир.
Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ с.а.в: “Кимни умри узун ва ризқи зиёда бўлиши хурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин” дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики ота-онага яхшилик қилиш нафақат савобли ва охиратда мукофотланадиган ишлардан, балки бу дунёда ҳам кишининг умри ва ризқи барокатли бўлишига сабабчи бўладиган амалдир. Шундай экан ота-онамиз ҳаёт бўлган вақтида уларнинг дуосини олмоғимиз, кўнгилларини кўтариш учун қўлимиздан келган барча ишларни қилмоғимиз ва уларнинг борлигини ҳаётимиздаги энг катта ғанимат эканлигини унутмаслигимиз лозим.
С.Мирзаев
Денов туман “Саид Муҳаммад Шайх Аттор Валий”
жомеъ масжиди бош имом хатиби