XXI аср жаҳон сиёсатчилари, иқтисодчилари, бошқа олиму-мутахассислари томонидан турли хил номлар билан аталмоқда. Айримлари XXI асрни “ахборот асри” деса, кимдир уни “ақл-тафаккур”, яна бошқаси “юксак технологиялар”, яна кимдир эса “интеграция асри”, деб атамоқдалар. Табиийки, ушбу фикрларнинг барчасида мантиқ бор. Мамлакатимиз Президенти И.Каримов XXI асрни “глобаллашув даври”, деб атамоқда ва бунда катта мантиқ бор.
Глобаллашув (глоболизация) – лотинча “глоб” сўзидан олинган бўлиб, айнан уни “думалоқлашув”, “курралашув” деб таржима қилиш мумкин. Ер шарининг, Ер куррасининг фан-техника ютуқлари туфайли инсоният ихтиёридаги ҳудди бир бутун шарга, куррага айланишини тушунтириш учун ишлатилади.[1]
Хўш, жаҳон миқёсида глобаллашувнинг пайдо бўлишига имкон берган омиллар нималардан иборат? Уларнинг айримлари қуйидагилардир: темир йўллар, океан кемалари, авиация, радио, телефон, телеграф, телевидение, интернет тизими, Ернинг сунъий йўлдошлари, кино, кундалик матбуот ва бошқалар
Глобаллашувнинг ижобий томони шундан иборатки, у халқларнинг, давлатларнинг, миллий маданият ва иқтисодиётларнинг яқинлашувини тезлаштиради, уларнинг ривожланиши учун янги имкониятлар очади.
Глобализациянинг салбий томони эса майда, қолоқ этник гуруҳлар ва миллатларнинг маданияти, тили, расм-русумлари жаҳон бўйлаб кучайиб бораётган глобаллашув жараёнларида катта миллатлар, йирик миллий маданиятлар, бой тиллар билан рақобатлаша олмай, ўз-ўзидан фаол ижтимоий-иқтисодий, лисоний-забоний ҳаётдан четга чиқиб қолмоқда Яна шу нарсани унутмаслик лозимки, глобаллашув жараёнида дунёда қатор планетар муаммолар юзага келмоқда. Уларнинг айримлари қуйидагилардан иборат:
- ер юзида яхлит тенгликни сақлаш, термоядро урушининг олдини олиш ва адолатли халқаро иқтисодий тартибот ўрнатиш, диний экстремизм, халқаро терроризм муаммоси;
- атроф-муҳитни самарали муҳофаза қилиш, экология муаммолари;
- аҳоли сони ва таркиби билан моддий ва маънавий қадриятлар яратилиши мутаносиблигига эришиш, демографик муаммолар;
- ер юзи аҳолисини зарур озиқ-овқат ва қувват манбалари билан ишончли таъминлаш;
- очлик, қашшоқлик ва қолоқликни тугатиш учун юксак ривожланиш ва улардан кейин қолган мамлакатлар ўртасидаги кескин фарқни бартараф этиш;
- хавфли касалликларни тугатиш;
- инсон маънавий муҳити софлигини таъминлаш ва бошқалар.[2]
Шубҳасиз, инсоният олдида турган бундай муаммолар тоборо кўпайиб бормоқда. Уларнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш алоҳида олинган бир давлатнинг вазифасигина эмас, бошқача сўз билан айтганда , мавжуд муаммоларни бир давлат доирасида ҳал этиш ҳам мумкин эмас. И.Каримов таъкидлагани каби, “давлатлар ва халқлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, хорижий инвестициялар, капитал ва товарлар, ишчи кучининг эркин ҳаракати учун қулайликлар вужудга келиши, кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши, замонавий коммуникация ва ахборот технологияларининг, илм-фан ютуқларининг тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизида уйғунлашуви, цивилизациялараро мулоқотнинг янгича сифат касб этиши, экологик офатлар пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятларининг ортиши-табиийки, буларнинг барчасига глобаллашув туфайли эришилмоқда”[3].
Мамлакатимизнинг мустақилликка эришуви, жаҳонда содир бўлаётган воқеалар, глобаллашув жараёнлари Ўзбекистоннинг маънавий-мафкуравий, ғоявий ҳолатига таъсир қилмаслиги мумкин эмасди. Айниқса ўтган асрнинг 90-йиллари бошлари анча таҳликали бўлди.
Муҳолифатдаги кучлар, айниқса, мамлакатимизда 90-йилларда кенг палак ёйишга ҳаракат қилган диний экстремист (ақидапарастлар) ва террористлар мустақилликни йўқ қилиш, ислом халифалигини қарор топтириш, демократик йўлни бекор қилиш борасидаги ҳаракатларни тўхтатмадилар.
Айниқса, диний ақидапарастлик ўта хавфли эди. Ақидапараслик (арабча-“қоида” ва форсча –“параст” сўзларидан, қоидага кўр-кўрона берилиш)-қоидаларга далилсиз ва исботсиз, кўр-кўрона ишонишга, ўзгармас тушунча ва қарашларга асосланган тафаккур услуби ва ҳатти-ҳаракатлар. (7-слайд). Ақидапарастликнинг ўта хавфли кўриниши-диний экстремизм ҳисобланади. Ҳозирда дунёнинг турли минтақаларида-Афғонистон, Ироқ, Покистон, Яқин Шарқ, Россия каби қатор мамлакатларда фаолият кўрсатаётган диний экстремистларнинг террорчилик амаллари оқибатида минглаб бегуноҳ кишилар ҳалок бўлмоқда.
Шунингдек, сўнгги 20 йил ичида террористик ҳаракатлари ҳам тобора авж олиб бормоқда. “Терроризм (лотинча-қўрқув, даҳшат) –маълум ёвуз мақсадлар йўлида куч ишлатиб, одамларни жисмоний йўқ қилишдан иборат бўлган ғояга асосланган зўравонлик усули (8-слайд). Терроризм иқтисодий, сиёсий, диний, ғоявий, ирқий, миллий, гуруҳ, индивидуал шаклларда намоён бўлиши мумкин.
Ақидапарастлик ва терроризм кўринишлари бизнинг Ўзбекистонда ҳам намоён бўлди. Сиёсий ҳокимиятни ағдариш, мамлакатни демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият қуришдан иборат йўлдан қайтариш, турли қўпорувчилик ҳаракатлари билан халқни қўрқув, ҳадикда ушлаб туришдан иборат манфур сиёсатни амалга оширишга бир неча марта ҳаракат қилинди. 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда, кейинчалик Тошкент вилоятининг Янгиобод шаҳри яқинида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида, 2005 йил май ойида Андижонда террорчилик амалллари орқали бу оқимлар тарафдорлари ғайриқонуний йўллар билан ўз ниятларига етмоқчи бўлдилар. Ўзбек халқи эса “Ўз уйингни ўзинг асра” ишлари остида кенг қамровли ташкилий, маънавий-маърифий, мафкуравий-ғоявий тадбирлар асосида мустақилликни сақлаш, мазкур манфур оқимларга қарши курашда ютуқларга эришди.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳали ҳам мамлакатни демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият қуришдан иборат стратегик йўлдан қайтаришга умидвор бўлган кучлар йўқ эмас.
Маълумки, мустақиллик мамлакатимизни жаҳонга танитди. Ўзбекистоннинг мустақил субъект сифатида эътироф этилиши, Ўзбекистон ва жаҳон муносабатлари, шубҳасиз икки томонлама ва кўп томонлама манфаатларга хизмат қилмоқда. Бундай муносабатлар силсиласида айниқса маданиятлараро ўзаро айирбошлаш, интеграциянинг ўрни ва нуфузи ортиб бормоқда.
Аммо ҳозирда бутун дунёда маънавий таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Қурол кучи, ёвузликлар, қўрқитишлар билан амалга ошириш мумкин бўлмаган ишларни маънавий таҳдидлар орқали бажариш имкониятлари туғилмоқда.
Сўнгги пайтларда глобаллашув натижасида маънавий таҳдид – тажовузлар салмоғи ҳам ортиб бораётганлигини таъкидлаш лозим. “Ёш авлодимизни турли маънавий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳақида гапирганда, -дейди Юртбошимиз, — нафақат халқимизни улуғлайдиган буюк хусусиятлар, айни унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган, эски замонлардан қолиб келаётган номаъқул одатлар ҳақида ҳам очиқ сўз юритишимиз зарур. Биринчи навбатда худбинлик ва лоқайдлик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик, коррупция ва манфаатпарастлик, бошқаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятимизни бутунлай халос этиш тўғрисида ўйлашимиз лозим”[4].
Айни пайтда И.Каримов салбий хусусиятлардан яна бири ҳасад, шунингдек, сотқинлик, иродасизлик, бепарволик кабилар тўғрисида ҳам фикр юритади. Улар, шубҳасиз, маънавий ҳаётимизга жиддий хавф солаётган иллатлар ҳисобланади. Бундай иллатлардан халос бўлишнинг энг тўғри, мақбул йўли-маънавият, шахснинг маънавий оламини яратишдир.
Шеробод тумани бош имом хатиби У.Бўронов
[1] Мустақиллик. Изоҳли илмий-оммабоп луғат.-Тошкент, 2006.-70-бет.
[2] Жўраев Н. Тарих фалсафасининг назарий асослари. – Тошкент, 2008.-397-бет.
[3] Каримов И. Юксак маънавият-енгилмас куч.-Тошкент, 2008.-112-бет.
[4] Каримов И. Юксак маънавият-енгилмас куч.-Тошкент, 2008.-120-бет.