Бандаларнинг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб рўза тутмоқликни фарз ибодатларидан қилган роббимиз Аллоҳга бехад хамду санолар бўлсин! Ўзлари бошқаларга намуна бўлиб рўза тутмоқликдаги ҳислат, баракотларни ўргатган, набиййимиз Муҳаммад  алайҳиссаломга саловату саломлар бўлсин!  Ҳаммамизга маълумдирки, Рамазон кириб келиши билан ҳаммамиз улуғ ажрларга эришиш учун ҳаракат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло ўзи башорат берганидек: “Эй иймон келтирганлар сизларга худди сиздан олдин ўтган қавмларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди шоядки тақво қилсангиз” деган. Бу эса Аллоҳнинг бандалари учун раҳматидур. Очлик, еб-ичилишдан тийилишлик инсонда Аллоҳдан қўрқув ва тақво пайдо қилади. Биз мусулмонлар биламизки, инсон тақводор бўлса Аллоҳга яқин бўлади. Шунингдек унинг дуоси мустажоб бўлади, ибодати мақбул бўлади. Рўза тутган инсон билан рўза тутмаган инсон ўртасида катта фарқ бўлади, рўза тутган инсон руҳий чиниққан бўлади.  Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ойнинг рўзасини ҳам фарз қилди ва кечаси Қиём бўлишини нафл қилди. Кимки бу ойда ихтиёрий бирор амал бажарса, бошқа ойдаги каби фарз амалини бажаргандек бўлади. Ким бу ойда бир фарз амалини бажарса, бошқа ойнинг етмиш фарзини бажарганчалик сабабини олади. Бу ой Сабр ойидир. Сабрнинг мукофати эса Жаннатдир. Бу ой хайр-эҳсон қилинадиган ойдир.Шу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва Дўзахдан озод бўлади. Рўзадорнинг савобидан кам бўмаган савобга эга бўлади.   Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча мусулмонлар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон унинг охирги ўн кунлиги келса, оила аъзоларини ҳамда намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар» (Имом Муслим ривояти).Бу ойда жин-шайтонларнинг энг ёмон ашаддийлари занжирбанд қилинади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар:“Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшимликдан маҳрум бўлибди” (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ). Рамазон дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти).Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти). Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатлари тўла қамраб ололмайди, балки, мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар холос. Йўқса, унинг фазилату хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин Омин!

 

 

 

Олтинсой туман “Миён Абдусаид”

жомеъ масжид имом хатиби:                                                                 С.Махмудов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here