Аллоҳ Таолонинг улуғ пайғамбарларидан бири бўлган Иброҳим (ас) жуфти ҳалоллари бўлган Биби Сора онамиз билан узоқ ҳаёт кечирдилар. Уларнинг ҳаёти Аллоҳ ва Унинг дини йўлида кураш билан ўтди. Улар фарзанд кўрмадилар.Қариган чоғларида ҳам кофир қавмлар Иброҳим (ас)ни тинч қўймагани учун улар она ватанлари Фаластинни ташлаб Мисрга кетишга мажбур бўладилар. Ўша вақтдаги Миср подшоҳи юртига у ҳақида турли гаплар бор Иброҳим исмли бир киши келганлигини эшитиб, уни ҳузурига чорлайди. Иброҳим (ас) аёли билан подшоҳ ҳузурига келиб суҳбатлашган вақтда, подшоҳнинг кўзи гўзал юзли онамиз Биби Сорага тушиб фикри бузилади. Золим подшоҳ дарҳол У билан ёлғиз қолиш чорасини қилади ва у билан ёлғиз қолади. Ажабо, подшоҳ ёмон хаёлда унга томон бир қадам ташлаши билан унинг қўл ва оёқлари ишламай қолади. Подшоҳ изига қайтса аъзолари ўз ҳолига қайтади. У яна Биби Сора томон юрса яна шундай ҳолат юз беради ва бу ҳолат бир неча марта такрорлангач ниҳоят подшоҳ меҳмонлар оддий одамлар эмаслигини билади. Подшоҳ Иброҳим (ас)га совғалар тортиқ қилиб, ўша вақт таомилига кўра унга Ҳожар исмли бир қизни ҳам бериб юборади. Иброҳим (ас) совғаларни қабул қилиб қайтиб кетади.
Иброҳим (ас) Ҳожар онамизга уйланиб тўқсон ёшларида бир ўғил фарзанд кўрдилар. Унга Исмоил деб исм қўйдилар. Бир куни Иброҳим (ас) Ҳожар онамизга чақолоқ Исмоилни олиб сафарга отланишни буюрдилар. Улар сафарда чўлу биёбонлар оша узоқ юрдилар. Охири бир жойга тўхтаб, Иброҳим (ас) Ҳожар онамизга уларни шу ерга ташлаб кетишликка мажбур эканлигини айтдилар. Ҳожар онамиз эй Иброҳим, бу Аллоҳнинг буйруғими ёки сизнинг фикрингизми? дейдилар. Иброҳим (ас) бу Аллоҳнинг амри эканлигини айтганларида, ундай бўлса бораверинг бизни Аллоҳнинг ўзи ҳимоя қилади дейдилар. Иброҳим (ас) уларни шу жойга ташлаб изига қайтиб кетадилар ва анча юриб, қақроқ чўлда қолиб кетаётган аёли билан ўғли Исмоилга қарадиларда уларга дуо қилдилар. Иброҳим (ас) кетгач Ҳожар онамиз ўғли билан иссиқ чўлда қолиб чанқайдилар ва чақолоқни ётқизиб қўйиб бир тепаликка чиқадилар. Бу тепалик ҳозир Сафо дейилади. Қарши томонда сувга ўхшаш нарса йилтираб кўринди. Ҳожар онамиз югуриб ўша тепаликка чиқди. У тепалик Марво тепалиги дейилади. Унда кўринган нарса сароб экан. Энди нариги Сафо томонда кўринди. Югуриб ўтиб борсалар у ҳам сароб экан. Шул тариқа Сафо ва Марво орасида етти маротаба сайъ қилдилар. Ниҳоят Ҳожар онамиз чарчаб ҳолдан тойиб ўғли Исмоилнинг олдига келиб қарасалар чақолоқ Исмоилнинг йиғлаб товонлари билан тепган жойдан булоқ чиқиб жилдираб сув оқаётган экан. Ҳожар онамиз хурсанд бўлиб, шошиб зам, зам (тўхта- тўхта) дея қўллари билан сув йўлини тўса бошлади. Бу фазилатли сув, она болага ҳам тўйимли таом ҳам ичимлик сув бўлиб улар тирикчиликларини ўтказа бошладилар. Шундан бери бу сувдан кўплаб одамлар ичадилар ватанларига олиб кетадилар, бу сув заррача камаймайди.
Ўша замонларда бу атрофлардан турли тарафларга ўтадиган карвонлар Биби Ҳожар билан Исмоил яшаётган бу муборак заминда ҳаёт пайдо бўлганини билишиб бу жойга бурилиб тўхтаб ўтадиган бўлишди. Баъзи қабилалар эса бу жойни ёқтириб қолиб шу жойни макон тутиб қола бошладилар. Шу тариқа аввал қишлоқ кейин шаҳар пайдо бўлди.
Орада Иброҳим (ас) аёли ва фарзандидан хабар олиб турдилар. У зот бир кун келиб ўғлига, ўғлим Исмоил Аллоҳ Таоло менга ўзи учун бу жойда уй қуришни буюрди, дедилар. Ота — бола паришта Жаброил (ас) кўрсатган жойга тошлардан муборак Каъбатуллоҳни қуриб битказдилар. Ва одамларни Аллоҳ учун Аллоҳнинг уйи бўлмиш Каъбага келиб ибодат қилишга чақирди. Аллоҳга иймони бор кимсалар бу жойга келиб ибодат қилиб кетадиган бўлишди. Шул тариқа ҳаж ибодати шаклланди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (ас) даврларига келиб, турли хил бидъат хурофотлар, ҳамда турли динлар ва будпарастликлар авж олиб кетган, тубанлик, жаҳолат, динсизлик ва ҳоказо ҳолатга Аллоҳнинг буюк Пайғамбари ҳамда У зот олиб келган ислом дини барҳам бериб, ҳаж ибодатлари ҳам чиройли ҳолатда тартибга солинди. Ҳажда ҳикматлар кўп. Ҳажда ислом дини тинчлик ва бирдамлик дини эканлигига яна бир бор амин бўлинади. Турли мамлакатлардан келган турли халқ вакиллари бир жойда жам бўлишиб бир Аллоҳга, бир динга эътиқод қилиб, бирдамлик билан биргалашиб, тинч ва хотиржам ибодат қиладилар.
Ҳаж ибодати исломнинг бешинчи рукни (фарзи) дир. Аллоҳ Таъала Оли Имрон сурасининг 97 оятида марҳамат қилиб,шундай деган. “Одамлардан йўлга қодир бўлганларга Байтни (Каъбатуллоҳни) ҳаж қилмоғи фарздир. Кимки кофир бўлса, Аллоҳ, одамлардан беҳожатдир.”
Ҳаж — арабча сўз бўлиб (қасд қилмоқ) деган маънони билдиради. Уломолар истилоҳида эса, маълум вақтда, маълум маконда, маълум ибодат ларни адо қилиш ҳаждир.
1.Маълум вақт. Ҳаж ҳаж бўлмоғи учун зулҳижжа ойининг 9 – куни яъни арафа куни бўлиши керак. Арафа кунидан бошқа кунлар бу куннинг ўрнини боса олмайди.
2.Маълум макон. Бунда Маккаи Мукаррама, Ҳарами шариф, Мино, Арофот, Муздалифа, каби жойларда махсус ибодатларни бажариш лозим. Бошқа жойларда бу каби ибодатлар қилинмайди, қилинган тақдирда ҳам ибодатга ўтмайди.
3.Маълум ибодатлар. Бунга Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марво орасида сайъ қилиш, Арофотда туриш, Муздалифада туриш ва Шайтонга тош отиш кабилар киради. Мана шундай ибодатларни шариат кўрсатмаларига мувофиқ бажарилгандагина ҳаж ҳаж бўлади иншааллоҳ.
Ҳаж қилувчи киши; мусулмон, балоғотга етган, оқил, қодир, соғлом, ҳукумат рухсатига эга бўлиши билан бирга, йўлда омонлик ва аёлларга маҳрами бўлиши шарт.
Ҳажнинг фарзлари.
Ҳажнинг фарзлари учтадир. 1.Эҳром. 2.Арофотда туриш. 3.Тавофи ифоза қилиш. 1.Эҳром – арбча сўз бўлиб, луғатда (ҳаром қилмоқ) деган маънони билдиради. Эҳромга кирган кишига эҳромдан олдинги баъзи иш ва нарсалар ҳаром бўлади. Мисол учун аввало, хушбўй нарсалар сепиш, аёлига яқинлик қилиш, гуноҳ ишларни қилиш, Аллоҳнинг тоатидан чиқиш, шериклар ва бошқа ходимлар билан талашиб тортишиш, жанжаллашиш шу каби ишлар. Ушбу ҳукмлар Қурони Каримдаги “Кимки ўша ойларда ҳажни ўзига фарз қилса, ҳажда шаҳвоний иш, фисқ ва жанжал йўқдир.” деган оятига биноан ман қилингандир. 2. Тикилган кийим киймайди. Эҳром иккита оқ чойшабдан иборат нарса. Унинг бирини белидан пастга ўрайди, иккинчисини белидан юқорига елкаси билан айлантириб ўраб олади. 3.Оёқларига тўфиқларини тўсмайдиган пойабзал кийиб олади.4.Бош кийим киймайди. 5.Соч сақол ва тирноқ ва тукларни олмайди. 6.Хушбўй нарсалар сепмайди ва ҳидламайди. 7.қуруқликда яшовчи ҳайвонларни овлаш, овчиларга кўрсатиб бериш ва уларни чўчитиш ман қилинади. Ибн Умар (ра) дан: Росулуллоҳ (сав) дан муҳрим (эҳром кийган одам) нинг нима кийиши мумкинлиги ҳақида сўрашди. Ул зот: “У кўйлак ҳам, салла ҳам, иштон ҳам, бирнус (мағрибликлар киядиган қалпоқли узун эркаклар кўйлаги) ҳам киймайди. Махсилар ҳам киймайди. Илло кийишга кавуш топа олмасагина унинг қўнжини тўпиқларидан пастроқдан кесиб ташлаб кийса бўлади. Унга заъфарон ва варс (варс – матоларга сариқ тус бериш учун ва юзга безак бериш учун ишлатиладиган кукун) теккан нарсани ҳам киймайди” дедилар. муттафақун алайҳ. ( Лафзи Муслимники.)
Эҳромдаги кишига бошини ювиш, ғусл қилиш, эҳром кийимини алмаштириш, уни ювиш, эркак кишилар соябон тутиш, белига белбоғ боғлаш, ҳамён тақиши мумкин.
Эҳромга киришнинг тайинли вақти ва макони бор. Уларни мийқот дейилади. Эҳром вақти шаввол, зулқаъда ойлари ва зулҳижжа ойининг биринчи 10 кунлигидир. Макон мийқоти эса турли жойлардан келаётган ҳожилар учун Маккаи Мукарраманинг атрофидаги турли жойлардир. Пайғамбаримиз (ас) белгилаган мийқот бештадир. 1.Мадиналиклар учун ва ўша тарафдан келадиганларга Зулҳулайфа деган макон. 2.Шом аҳли ва ўша тарафдан келадиганлар учун Алжуҳфа деган жой. 3.Нажд ва у тарафликларнинг мийқоти Қарн ал- манозил деган жойдир. 4. Яман аҳлининг мийқоти Яламламдир. 5. Ироқ аҳлининг мийқоти Зот ул-ирқдир. Ушбу мийқотлар Пайғамбаримиз (ас) белгилаб берган мийқотлардир. Муборак ҳаж ибодатининг биринчи фарзи бўлган эҳромни мана шу мийқотлардан бирида нийят қилиб ўрайдилар.
2.Арофотда туриш. Арофотда туриш ҳажнинг асосий рукни ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (ас) “Ҳаж — арафадир” деганлар. Арафа куни заволдан кейин Арофотда туриш вақти бошланиб, ҳайит кунининг фажри чиққунча давом этади. Ана ўша вақтда бир оз бўлса ҳам Арофот чегарасида туришлик фарздир. Фақат кундузи турган одам қуёш ботгунча турмоғи вожиб. Арофотда турилмаса ҳаж, ҳаж бўлмайди. “Арофот майдонида туришлик фарз, унда турмаганнинг ҳажи, ҳаж эмас”, деб аҳли илмлар ижмоъ қилишган.
3.Тавофи ифоза. Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни ҳайит куни шайтонга тош отиб, қурбонликни сўйиб, сочни олдириб ёки қисқартириб бўлгандан сўнг Байтуллоҳ тавоф қилинади. Шу тавоф – тавофи ифозадир. “Тавофи зиёрат” ҳам дейилади. Бу тавоф ҳам ҳажнинг рукни бўлиб, уни қилмаган кишининг ҳажи ҳаж бўлмайди. Бу тавофни уч кун ҳайит ичида қилиши шарт. Агар қила олмаса вақти, умрининг охиригача давом этаверади. Қачон бўлса ҳам бу тавофни қилиши керак. Ҳайитнинг учинчи кунидан кейинга қолдирса, бир жонлиқ сўйиш вожиб бўлади.
Вожиб тавоф (фарз) бу — “Тавофи ифоза” дир деб аҳли илмлар ижмоъ қилишган. Тавофни ҳайит кунидан қолдириб юборган ҳожи, ташриқ кунлари тавоф қилиб олса, у фарзни адо қилган бўлади ва унга ҳеч қандай жарима вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилишган.
Абу Ҳурайра (ра) дан; Пайғамбар (ас) “Икки умра бир – бири орасидаги (гуноҳ)лар учун кафоротдир. Мабрур ҳаж (унда зулм қилмасдан, ёлғон, хунук сўзлар айтмасдан, маносиклари мукаммал бажарилган ҳаж) нинг мукофоти фақатгина жаннатдир” дедилар. (муттафақун алайҳ)
Алимов Ўрал Алибой ўғли.
Бойсун туман “Саид Баҳромхон”
жомеъ масжиди имом хатиби