Аллоҳ таоло инсон болаларини турли миллат ва элат шаклида яратиб, сизу-биз инсонларни Ер юзини макон тутиб, ундаги Одам болалари учун яратилган санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Ҳақиқатан саноғига ета олмайдиган неъматларни ато этиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳнинг ўзи Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”. (Наҳл сураси 18-оят). Аммо сизу-бизларга беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ таоло барчамизни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга ва албатта асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Аъроф сўрасининг 31-оятида шундай таълим беради: “… Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”. Исроф муқаддас Ислом динимизда қаттиқ қораланган. Исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида Қуръони каримда бир неча ояти карималар ва бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадислари бор.
Роббимиз Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён қилган: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида мўътадилдир” (Фурқон сураси 67-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат-фарқланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер” деганлар. (Имом Бухорий ривояти). Пайғамбаримиз айтганларидек “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”, “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”, “Исрофгар жаннатга кирмайди”, “Ким исроф қилса, уни Аллоҳ маҳрум қилади”.
Исрофгарликнинг пушаймонлик ила тугаши ҳақиқат. Инсон қанчалик бой бўлмасин, исрофгар бўлса, албатта иложсиз бир камбағалга айланади. Келажакни ўйламай, бор-будини беҳуда совурган киши ғамга ботиб, хор бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб кўп ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Уйларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани ачинарли холат. Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни яхши кўради. Аммо барча ўтказиладиган маросимларни меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак. Ҳукуматимизнинг бу ҳақдаги қарорларига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилишимиз лозим. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳаётимиз учун зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушаяпти. Жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан бири бўлиб турибди. Дунёдаги аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтождирлар.
Мусулмон одам жонсиз нарсалар оламига зарар етказмаслиги ва ундаги нарсаларни исроф қилмаслиги керак.
Сув жонсиз нарсалар олами ичида инсоннинг энг кўп ҳожати тушадиган неъмат ҳисобланади.
Муқаддас Ислом динимиз улкан неъмат бўлган сувни ифлос ва исроф қилмасликка чақиради. Ҳатто уламоларимиз “Денгиздан олганда ҳам сувни исроф қилма” деган ҳикматли сўзларни айтишиб Пайғамбаримизнинг қўйидаги ҳадисларини далил қилиб келтирганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тоҳарат қилаётган Саъднинг ёнидан ўтаётиб: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?”-дедилар. “Сувда ҳам исроф бўладими?-деди. “Агар оқиб турган дарёдан олсанг ҳам”,- дедилар. Тоҳарат ва ювинишда инсонларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўриб тежамкорликни унитилганига иқрор бўласиз.
Исрофгарчиликнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш бошқалардан устун эканини кўрсатиш, туй ва маросимларни бошқаларникидан кўра дабдабали қилиш исрофнинг кўринишларидандир.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки Олий мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори 2736-III/ққ592-III-сон “Тўйлар, Оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар” ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низом ижросини таъминлаш мақсадида юртимизда ўтказилаётган тўй-ҳашам, маросим ва унга доир турли оилавий тадбирларнинг исрофгарчилик ва дабдабабозлик билан ўтказилишини олдини олиш барчамизнинг бурчимиздир.

Абдуллахон Мирзаев
Денов тумани “Мухаммадқул” жоме масжиди имом-хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here