Ҳар бир ишга қодир Аллоҳ таоло дунёни сабаблар олами қилиб қўйди. Яъни ҳар бир нарса бўлишлигига бир нарсани сабаб қилиб қўйди. Ўзининг қудратини пинҳон қилиб ва бандаларини сабаблар ила синади. Бандаларини дунёда кўпайтириш учун бир эркагу бир аёлни сабаб қилди. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида шу ҳақида хабар беради:
“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар!” (Нисо сураси 1-оят)
Бизларни дунёга келишимизга сабаб ота-онамиздир. Шунинг учун биз одамлар орасида қанчалик ҳурмату эҳтиром эга бўлмайлик, жамиятда қанчалик юқори мавқеъда бўлмайлик, аммо барибир Аллоҳ олдида биз ота-онамиздан пастмиз.
Уламолар айтадилар: “Агар ота-онанинг ҳаққига баробарига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром кўрсатишда ота устун қўйилади. Чунки насаб ундадир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Чунки эҳсон ундадир. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради”
Отанинг мавқеъсини баёнлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ота розилигида Худонинг розилиги бор. Отанинг ғазабида Худонинг ғазаби бор” (Ҳадис)
Фарзандга нисбатан отанинг муҳаббати онанинг муҳаббатидан кўра фарқлидир. Онанинг муҳаббати боласига уни қорнида пайдо бўлгандан бошланади ва шу билан боласига умрбод боғланиб қолади. Аммо отанинг муҳаббатини фарзанд қозониши лозим. Ўзининг фаросати, итоати ва хизмати билан. Фарзанд дунёда қилган барча хизматларининг ютуғи бу отанинг ризосини қозонишдир. Отанинг розилигини топиш йўлида Аллоҳ таолонинг розилиги топса бўлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадислари ила бизларга ишора қилмоқдалар. Нима учун айнан ота? Чунки отанниг қалби онанинг қалбидан кўра нозикроқ бўлади.
Жаннат талаби, талаб ризои модарон,
Кун ту тавоф хоки пои модарат.
Аз амри Худо муайяд шавад амри падар,
Хушнудии Ҳақ аст ризои падарат.
Улуғ тобеин Товус ибн Кайсон р.а. отани ҳурмати ҳақида шундай дейди: “Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдандир: олим, соч-соқолига оқ тушган мусулмон, султон ва ота. Киши отасини исми билан чақирса, унга жафо қилган бўлади”.
Ота ва она Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматидир. Улар фарзандларининг улғайиши йўлида ўзларини шамдек фидо қиладилар. Бу йўлда киймай кийдирдилар, емай едирдилар, ўз вазифаларини адо қиладилар.
Ҳозирги кунда айрим ёш болалар отасиз ўсишмоқда. Бунга бир нечта сабаблар бор. 1. Отаси вафот этган 2. Ота-онаси ажрашган 3. Отаси узоқ йиллардан бери сафарда ёки 4. Ота оилада фарзандларига беэътибор.
Бундай ҳолатлар ўзимизнинг қариндошимиз болаларидир ёки қўшнимиз оиласида ота йўқ ёки яқин ўртоғимиз болалари отасиз катта бўлишмоқда ёки ҳозир орамизда шундай эркаклар борки, уларнинг фарзандлари ота меҳрига зор. Мана шунақанги оиланинг болалари ўсса қандай ҳолатларга олиб келади?
Оилада отанинг йўқлиги ўғил боладан кўра қиз болага кўпроқ ёмон таъсир кўрсатиб, тушкунликка тушуради. Отанинг меҳрига зор бўлиб ўсган болалар ўсмирлик даврини ҳамма нарсадан безиган, руҳан синиқ ҳолатда ўтказишади.
Отаси билан бирга бўлган фарзандлар эса, ҳаётда ўзига ишонч билан ўсади. Жамиятнинг ҳар қандай таъсиридан ўзини сақлай оладиган, ўзининг шахсий фикрига эга шахс сифатида шаклланади. Отаси бор оилалардаги болалар доимо “Мен ҳимояланганман” деган ишонч билан хотиржам юришади. Ота фарзанд учун катта илоҳий неъмат.
Отанинг асосий вазифаси едирмоқ, кийинтирмоқгина эмас. Иқтисодий таъминот иккинчи даражали масала. Биринчи масала – фарзандни тарбия этиш, гўзал хулқ билан хулқлантириш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам отанинг вазифасини эслатиб дейдилар:
“Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман.” (Ҳадис)
Демак, отанинг ўрни фарзандларига одоб ва таълим бермоқлиги экан. Баъзиларимиз бола тарбиясини “онасиниг иши” деб ҳисоблаймиз. Тарбияда эса, ота алоҳида ўрни бор ҳамда онанинг алоҳида ўрни бор.
Азиз оталар ва мўҳтарама оналар ҳозир болаларимиз бизнинг меҳримизга, эътиборимизга муҳтож бўлиб турганларида ўзимизнинг меҳримизни, эътиборимизни аямайлик. Чунки эрта кексайиб уларнинг меҳрига, эътиборига муҳтож бўлганимизда улар ҳам биздан меҳрларини, эътиборларини аямайдилар!
“Хожа Исҳоқи Вали” жомеъ
масжиди имом-хатиби:Охунжон Гулахмедов