“Ҳаё” сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда “Ҳаё айбдан ва ёмонлашдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир”. Уламолар ҳаёни турлича таъриф қилганлар: Журжоний: “Ҳаё нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳозир бўлиб, уни тарк қилишдир” деган.
Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий “Ҳаёнинг ҳақиқати шуки, у бир хулқ бўлиб, гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк қилишга боисдир” деган.
Муновий: “Ҳаё икки хил бўлади: Биринчиси – Нафсоний. У барча нафсларда халқ қилинган бўлади. Мисоли шуки “Авратни очишдан одамлар ҳузурида ҳаё қилиш” кабилар.Иккинчиси: Иймоний.У “Мусулмоннинг Аллоҳ таолодан қўрқиб харом ишлардан тийилишидир” деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп. Жумладан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шаъбодан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” демоқлик ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир дедилар.
Ҳаё иймоннинг энг чиройли кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир, жафо дўзахдадир”- дедилар”.
Ҳаёга бундан кўра улуғ васф бўлмаса керак. Карамли ахлоқлар дини бўлган ислом ҳаёни жаннатга киритадиган нарса даражасига кўтаргандир. Исломда ҳаёли бўлиш шунчалар юқори кўтарилган. Бас, барчаларимиз ва барча мусулмонлар ҳаёли бўлсинлар. Абдул Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Сенда Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган икки хислат бор”-дедилар. “Иккиси нимадан иборат?”-дедим. “Ҳалимлик ва ҳаё”-дедилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи суядиган ва ҳаёли, ҳалим инсонлардан айласин.

Олтинсой тумани «Ахмад Яссавий»
жомеъ масжиди имом-хатиби: Чориев Абдилатиф

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here