Бугунги кунимизда жамиятдаги тинчлик-фаровонлик ва оилаларнинг тотувлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири фолбинликдир. Фолбин – ғайбни билишни даъво қилувчи, асосан сеҳр-жоду билан шуғулланувчи кимса. Динимизда ғайб илми, яъни, келажакда нима ишлар бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмаслиги Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қатъий таъкидланади. Қуръони каримнинг Жин сураси 26-27-оятларида шундай дейилади: “(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар)”.
Демак, фолбинларнинг ғайбни билиш даъвоси ёлғон бўлиб, улар бирор қайғу ёки ташвиш сабабли руҳий тушкунликка тушган, мол-дунё, ҳасадга жуда ружу қўйганларни лақиллатиш билан шуғулланади. Фолбинлар жамият ичига турли шубҳа ва гумонларни сочадилар. Бир одамнинг иши юришмаслигига қўшнилардан бири сабабчи деб кўрсатилади ва натижада барча қўшнилар гумондор бўлиб қолади.
Уларнинг сеҳр-жоду, иссиқ-совуқ билан шуғулланишига келсак, динимизда сеҳр билан шуғулланишнинг ҳукми куфр ҳисобланади ва бунинг далили ояти каримада мавжуд. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 102-оятида: “Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар”, деб огоҳлантирган.
Шу ўринда бир мулоҳаза пайдо бўлади. Фолбинлар, сеҳр-жоду қилувчиларнинг “тегирмонига сув қуяётган”, уларнинг “ошиғини олчи” қилаётганлар ким ўзи? Қатъий айтишимиз мумкин, улар ҳеч ҳам бегоналар эмас, кимнингдир онаси, ё опаси, ё хотини, ё қўшниси, хуллас ёр-биродари. Ана кимларга тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак! Яқинларимизга фолбинлар бахт саодат, бойлик ёки муҳаббат ато эта олмаслиги, аксинча уларнинг ўзи шу нарсаларга муҳтож эканини қайта-қайта эслатишимиз керак. Аксарият фолбинлар оиладан тинчимаган, иқтисоддан қийналган ва руҳий носоғлом бўлишади, энди уларнинг олдига ўзида йўқ нарсани сўраб бориш ақлга тўғри келадими?!
Халқимизда: “Ўтган ишга саловат”, деган гап бор. Ҳозиргача фолбинга қатнаган бўлсак, энди тўхтайлик, билиб-билмай, насф васвасаси билан фолбинлик қилиб кун кўраётган юртдошларимиз ҳам тавба-тазарру йўлига ўтишиб, ҳалол касб қилсинлар, жамиятга фойдали бир инсон бўлиб, элу-халқни дуосини олишсин, шояд ўтган гуноҳларга каффорат бўлса!
Аллоҳ таоло барчамизга инсоф-тавфиқ, рушду-ҳидоят берсин!
Музработ тумани бош имом хатиби Бобохон Косимов