Бу йилги “Муборак Рамазон” ойига етказганига Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳар бир мўмин-мусулмон “Муборак Рамазон” бошланишини орзиқиб кутади. Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184). Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик” ни билдиради.  Шариат истилоҳида эса: «Тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир». Рўза тутгандан кейин, емоқ, ичмоқ, ғийбат, фисқу- фасод қилмоқ сўкинмоқ ва бошқалар ёмон гапларни гапириб, гуноҳ ишлар қилмоқдан тийилмоқ лозимдир.  Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Рўза тутган киши ўз ихтиёри билан оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан, ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқат қиладиган бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини ва Аллоҳ таоло берган барча неъматларга шукроналар қилиш кераклигини тушуниб етади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен — Ўзим берурман” деб марҳамат қилади.

    “Рамазон ҳайити куни саҳар вақтида Аллоҳ таоло фаришталарини юборади. Улар ер юзига тушадилар. Ҳамма кўчаларнинг бошларида фаришталар туриб оладилар-да, инсону жиндан бошқа барча махлуқлар эшитадиган овоз билан нидо қиладилар: “Эй Уммати Муҳаммад, эй мусулмонлар, ўрнингиздан туринг. Карамли Роббингизга пешвоз чиқинг. Бугун катта эҳсонлар бўлади. Чунки кечалари қоим кундузлари соим бўлдингизлар. Кундузи рўзадор бўлиб, кечалари таровеҳларни ўқидингизлар ва бу билан Парвардигорларингизга итоат қилдингизлар. Энди мукофотларингизни олинглар”. Мўминлар ҳайит намозини ўқишлик учун масжидга келганларида яна бир фаришта нидо қилади: “Билиб олинг, Роббингиз сизларни кечирди. Энди уйларингизга улуғ ажрлар билан мукофотланган ҳолда қайтинглар”, дейилади. Бу ҳайит кунини осмон аҳли “Мукофотланиш куни” деб номлайдилар”.        

       “Ҳайит намози ўқиладиган куни шайтонлар каттаси Иблис дод деб юбораркан. Шайтонваччалар югуриб келиб: Устоз, сизни ким хафа қилди? Деб қайта-қайта сўрашса ҳам тўхтамай йиғлавераркан. Охири йиғисидан тўхтаб, дод солишининг сабабини айиаркан: Бир йил ҳаракат қилиб, Одам болаларини йўлдан уриб, уларга турли гуноҳларни васваса қилиб қилдирувдим, ҳамммаси куйиб кетди. Бир ой тутган рўзаси ҳурматидан Аллоҳ таоло ҳайит куни уларнинг барча гуноҳларини кечириб юборди. Энди бизлар бани Одамни Аллоҳ йўлидан чалғитиш учун қаттиқроқ ишлашга мажбурмиз – деб жавоб бераркан”.      

       “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у беркитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”.

Шундай экан, Аллоҳ таоло биз мусулмонларга шундай улуғ савобли кунларни насиб этганига шукроналар айтиб, рўза ойида савобли ишларни кўпроқ бажариб,рўзаларимизни тутиб  “Райён” эшигидан ўтишлик барча мусулмонларга кириш насиб этсин.

 Олтинсой туман бош отинойиси:                                                     С.Сирожова

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here