Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бизда мурид ва мухлисларнинг ўз муршид ва муқтадолари олдида сажда қилиш ҳолати мавжуд эмас, авваллари ҳам, ҳозир ҳам бу нарса эшитилган эмас. Шунингдек, қабрларга ростакамига сажда қилиш ҳолатлари ҳам учраган эмас ва учрамайди ҳам. Фақат авом ва жоҳиллар орасида зиёратгоҳ остоналарини ва қабрларни қўл билан ушлаб, юзга суртиш ҳоллари мавжуд. Авомнинг ўз муршидлари олдида ва қабрларга сажда қилиши Марказий Осиёдан бошқа томонларда учрайдиган ҳолатлар бўлиб, таассубга берилган сўфийнамо одамларда учрайди.Бу ҳолатлар тасвири туширилган видеолар интернет тармоғида кўпайиб кетган. Улардан айримларининг ёнини олаётганлар бу уларга нисбатан туҳматлигини таъкидлайдилар, бироқ, қизиғи, шу нарсанинг уларга нисбат қилинишининг ўзи шубҳа туғдиради. Нимага, Ўзбекистондаги, Ўрта Осиёдаги саҳиҳ шайхлардан бу нарса нақл қилинмайди, нимага Синд, Африка, Миср, Шом томонлардаги саҳиҳ йўлдаги шайхлар ва уларнинг муридларига шайхларга бу ҳолат нисбат қилинмайди?! Чунки, юртимиз олим ва устозлари бўлмиш сурхондарёлик Шайх Дўстмуҳаммад Турсун (раҳимаҳуллоҳ), андижонлик Абдуллатиф қори ака (салламаҳуллоҳ), қўқонлик Исҳоқжон домла (салламаҳуллоҳ), намангонлик Умархон домла (ҳафизаҳуллоҳ), тошкентлик Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) ҳамда қирғиз ва қозоқдаги бошқа зотлар бу хилдаги ҳолатларга очиқчасига норози бўлганлари учун, унга қаттиқ курашганлари, қарши турганлари боис улар борасида бу бўйича ҳатто “туҳмат”га ҳам журъат қилина олмайди. Ўзга юртлардан кириб келиши мумкин бўлган сохта сўфийлар, “ҳанафиймиз, мотуридиймиз, нақшбандиймиз” дейилиб, одамларни чалғитувчи шиорлар билан кириб келиши мумкин бўлган тоифаларнинг хавфи мана қаерда экан?! Ҳофиз Шерозий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: (“Эй, Ҳофиз, май ичиб, девоналик қилиб, хуш бўлсанг ҳам, лекин бошқаларга ўхшаб, Қуръонни алдов тузоғи қилиб олмагин!”). Қуръондан гапирган, ҳанафийликдан сўзлаган, нақшбандийликни тарғиб қилган, ваҳҳобийликни ёмонлаган ҳар бир одам яхши одам бўлиб қолавермайди. У Ҳофиз Шерозий (раҳимаҳуллоҳ) айтганидек, “алдов тузоғи” бўлиши мумкин! Аслида, “сажда”нинг икки маъноси бор. Бири ерга бошни – пешонани қўйиш, иккинчиси тикка туриб бошни эгилтириш. Одам Ато (алайҳиссалом) ва Юсуф (алайҳиссалом) олдидаги сажданинг ерга бош қўйиш эҳтимоли билан бирга ҳурмат юзасидан бошни эгилтириш маъноси ҳам бор. Бировларга ҳурмат учун “Унинг қаршисида таъзим қиламан!”, “Сизнинг ҳурматингиз учун бош эгаман!” деган гапларни ҳам шу хилда тушунамиз, келинларнинг келинсаломларини ҳам шу тарзда талқин қиламиз. Масалан, ояти каримадаги: أدخلوا الباب سجدا – “Сажда қилган ҳолингиздан эшик (дарвоза)дан киринглар!” деган маънодаги буйруқ шу қабилда бўлиши мумкин. “Тафсири Насафий”. Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин (раҳимаҳуллоҳ) “ар-Радд ал-муҳтор”да фаришталарнинг Одам Ато (алайҳиссалом) қаршисида сажда қилиши борасида олимлар ихтилоф қилганларини ёзади. Унинг айтишича, айрим олимлар фаришталар Аллоҳ таолога сажда қилган эдилар, Одам (алайҳиссалом)га эса Каъбага юзланган каби юзлангандилар, деган эканлар (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. “Сажда”нинг бошни эгилтириш маъноси борлиги фиқҳда ҳам ўз аксини топган. Яъни, намозда “саждаи тиловат” қилинганда, сажда қилинмасдан рукуъ қилинса сажда ўрнига ҳисобга ўтади. Бу барча фиқҳий манбаларда ўз аксини топган масъалалардан биридир.Хуллас, таъзим учун ҳам, бошқа жиҳатдан ҳам, Аллоҳдан ўзгага сажда қилиб бўлмайди. Унга ошкора қарши чиқилмаса, бепарво бўлинса, муршидларга ва қабрларга сажда қилувчиликка мансуб қилинган жамоаларнинг ёни олинаверса, жоҳилнинг қалбида ўрнашаётган ботил ақидадек ақоидлар шаклланиб қолиши мумкин. Интернетда берилаётган видео роликларидан шу нарса маълум бўладики, дунёнинг турли тарафларида ўзларининг шайхларига сажда қиладиган тоифалар ва одамлар бор. Қабрларга сажда қилиб, ўпиб камоли ҳурматини ҳаром йўллар билан изҳор қилаётганлар бор. Бу нарсалар шариати исломияга кўра ҳаромдир. ана шундай тоифаларни ва одамларни яхши билиб олиб, уларни юртимизга йўлатмаслигимиз керак, уларнинг қилмишларидан ҳазар қилмоғимиз лозим.

Олтинсой тумани «Саййид Мухиддинхон» жоме масжид имом хатиби Сирожиддин Мухиддинов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here