Интернет тармоғида мусулмонларга “янги йилни нишонлаш мумкин эмас” деган даъватни тарқатаётган манбалар учраб турибди. Бу каби тоифалар яқинда пайғамбаримизнинг туғилган куни – Мавлудни нишонлашни бидъат деб даъво қилишган эди. Янги йилни мусулмонлар нишонлашни мумкин эмас деб чиқаётганларнинг аксарияти 1 январь кунини христианларнинг Рождество байрами билан боғламоқда.
Қайд этиш керакки, христианлар ўз конфессияси ёки йўналиши анъанасидан келиб чиққан ҳолда Рождество байрамини 24-25 декабрь ёки 6-7 январь кунлари нишонлайдилар. Бугунги кунда Ер курраси аҳолисининг аксарият қисми миллати ва динидан қатъий назар, 1 январь кунини ўз юртида расмий амал қилиб келинаётган календар йилнинг тугаши ва янги йилнинг бошланиши сифатида нишонлайдилар. Алоҳида қайд этиш лозимки, кўпчилик мамлакатларда буни ҳисобга олиб, 1 январь куни байрам куни сифатида белгиланган.Уни ҳеч ким муайян дин, шу жумладан, христианлик ёки бошқа дин билан боғламайди.
Юртимизда ушбу куни оилавий байрамона дастурхон тузалади, яқинлар ва қариндошларникига меҳмонга борилади, совғалар улашилади, қариялардан хабар олиниб, муҳтожларга ёрдам кўрсатилади. Ушбу амаллар эзгу ниятлар билан амалга оширилганда ислом динида мутлақо таъқиқланган эмас.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади” (Муттафақун алайҳ).
Имом Жафар ибн Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Ният – амалларнинг бошқарувчисидир. Агар ният тўғри бўлса, амал ҳам тўғри ва савобли бўлади. Агар ният бузуқ бўлса, амал ҳам бузуқ бўлади” (Имом Аҳмад “Зуҳд” китобларида келтирганлар).
Албатта, яқинларимизни байрам дастурхонини ясатишда уволга йўл қўйишдан, умумхалқ байрамининг мазмунига мос келмайдиган ва кўнгилсизликларга олиб келадиган ишларга қўл уришдан, хусусан, ичкиликбозлик каби иллатларга берилишдан, фарзандларимизни эса ман этилган пиротехника воситаларини ишлатишдан огоҳ этишимиз лозим.
Шу нуқтаи-назардан, мусулмонларимиз юқоридаги амалларни бажаришларига, шунингдек, янги йилни оила даврасида шукрона дастурхони атрофида, ортиқча дабдаба ва ҳашаматга йўл қўймаган ҳолда, динимиз ман этмаган ва жамоат тартибига рахна солмаган шаклда кутиб олишларида ҳеч қандай зарар йўқ.
Ўтган йилни сарҳисобини қилиб, кириб келаётган 2020 йилда умримизга умр қўшилишини, савоб ва эзгу ишларимизнинг кўпайишини ният қилиб, яқинларимизга ҳам ушбу тилакларни билдириб, жонажон Ватанимизга тинчлик ва барқарорлик, меҳрибон ва меҳнаткаш халқимизга фаравонлик тилайлик.