Инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, маданиятга эътибор бериши лозим бўлган жабҳалар кўп. Шулардан, ислом динида буюрилган муҳим масалалардан бири йўл ҳаққини адо этиш ва унинг одобларига риоя қилишдир.
Абу Саъид Алхудрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!” дедилар. Шунда “Бизнинг йўлда ўтиришдан бошқа иложимиз йўқ, чунки гаплашадиган мажлисларимиз йўлларда бўлади”, дейишди. У зот: “Агар йўлда ўтиришдан бошқасига кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳаққини адо этинглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳаққи нима? эй Расулуллоҳ” деб сўрашди. У зот: “Йўлнинг ҳаққи кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, маъруф ишларга буюриш ва мункар ишлардан қайтариш”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳаммамиз кўча-кўйда юрамиз. Демак, йўлнинг ҳаққини адо этишга ҳар биримиз бурчлимиз. Бир қарашда арзимасдек туюлган, йўлда ётган мўминларга озор берадиган шох-шаббани олиб ташлашдан тортиб, олдимиздан келган инсонга салом бериш, чиройли муомала қилиш ҳам вазифамиздир. Катта шаҳарда яшайдими ё чекка қишлоқдами, хизмат вазифасию амалидан қатъи назар, мўмин инсон бировга зарари тегадиган, ҳаракатга ҳалал берадиган нарсаларни бартараф этиб, кўчаларни озода сақлашга ҳисса қўшиши даркор. Ва яна адашиб қолганларга манзилни кўрсатиши, оғир юк кўтарган ё бошқа бирор кўмакка муҳтож кишига дуч келганда ёрдамини аямаслиги муҳим. Кўча-кўйда суҳбатдош бўлганларни дунё ва охират учун фойдали ишларга чақириши лозимдир. Йўл юрганда, кўчада турганда атрофга, ўтган-кетганларга олазарак бўлиб қараш, бегона хонадонлар эшигидан мўралаш хунук одатлардан ҳисобланади. Авто уловларда, кўпчилик йиғиладиган жамоат транспортларида юрганда хушмуомала бўлиш, ўзаро ҳурматни сақлашга айниқса катта аҳамият бермоқ керак. Йўлкирага хиёнат қилмасдан тўлаш, ҳаракат қоидаларига амал қилиш ҳам йўл ҳаққини адо этишнинг бир кўринишидир.
Кўпинча йўл четига ўтириб олган бир гуруҳ эркаклар, йигитларга кўзимиз тушади. Бу йиғилишлар зарурат юзасидан бўлса, унда яхшиликка ундовчи мавзулар кўтарилса, жоиздир. Аммо бекорчи гурунглар кони зарар. Бир томондан вақт бесамар кетади, иккинчидан бундай суҳбатлар ғийбат, сафсатага айланиши эҳтимоли катта. Яна бир нозик жиҳати, бундай ҳолат шу йўлдан ўтадиган қиз-аёлларга ноқулайлик туғдириши табиий.
Унинг ўрнига хонадонига, томорқасига бирор фойдали иш қилса, фарзандлар тарбияси билан шуғулланса, ёки китоб ўқиса эди, ҳам дунёвий ҳам ухровий бўлган кўп савобга эга бўлишарди.
Ислом дини инсонни дунё ва охират, яшаб турган жамияти учун зарарли барча хатти-ҳаракатлардан қайтаради. Мўмин Аллоҳнинг каломи, суннати мутоҳҳара ва улуғлар ўгитларига холислик билан амал қилса, ўзи ва атрофидагиларга фойда келтирган бўлади. Аллоҳ барчамизнинг гўзал ахлоққа эга бўлишимизни насиб этсин.
Бойсун туман «Саид Баҳромхон» масжиди имом хатиби Ў.Алимов