Ҳазрат Умар (р.а) Мадина кўчаларини бир-бир айланиб чиқар эди. Кунларнинг бирида қулоғига бир товуш эшитилди. Товуш келаётган томонга бориб яқинлашди. Ичкаридан бир аёлнинг товуши келар эди:
- Қизим! Озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўринаяпти.
Қиз хайратланиб:
- Вой, онажон! Нималар деяпсиз? Амирал – мўъминин сутга сув қўшманг, деб буюрган эди-ку,— деди.
Онаси унга жавоб бериб:
- Қизим, биласанки, тирикчилигимиз сут билан ўтади. Мен бир бева аёлман, ҳеч даромадимиз йўқ. Сутга бироз сув қўшсак кўпаяди, эҳтиёжимизга ишлатамиз, — деди.
Яратгандан қўрқиш қалбига жо бўлган одобли қиз: Онажоним, бугун сизга нима бўлди? Сизнинг бундай деганингизни Халифа эшитса нима бўлади? – деди.
- Қизим, кечаси бул вақтда Халифа ухлаб ётибди. Бизнинг бу ерда сутга сув қўшганимизни қандай билади, қандай кўради? – деди.
Ул муборак қиз онасини гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилиб:
- Онажон! Бугун сизга бир нарса бўлибди! Сиз шундай сўзларни айтмоқдасиз! Сиз айтган ҳийлани Халифа агар кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Тангри билади ва кўради! Сутга сув қўшиш гуноҳдир! – деб онасини гуноҳдан сақлаб қолди.
Ҳазрат Умар (р.а) бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб у ерга келиб, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Ҳазрат Умар (р.а) ўғлини фақир қизга уйлантирди. Ҳазрат Умар (р.а) нинг ўша муборак келинидан шундай авлодлар – фарзандлар дунёга келдики, улардан бири Ҳазрат Умар (р.а) каби адолатли бўлиб, тарихда Иккинчи Умар исмини олди. Бу зот Умар бин Абдул Азиздир. Умар ибн Абдул Азиз бобоси каби адолатни севувчи, бир муҳтарам зотдир.
Умар ибн Абдул Азизнинг хизматчиси, хожаси учун совуқ кунларда таҳорат сувини иситиб берарди. Бир куни Умар ибн Абдул Азиз хизматчисидан:
- Бу иссиқ сувни қаердан олиб келасан, — деб сўради.
Хизматчиси:
- Байтул мол (давлат хазинаси) нинг ўтинларида сув иситиб келаман,-деди.
Унга Умар ибн Абдул Азиз:
- Таҳорат сувимизни бузибсан (ҳаром қилибсан) – ку, — деди.
Кейин хазинага бориб хизматчиси қачондан бери бу ернинг ўтинига сув иситган ва қанча ўтин кетган бўлса, ўшани ҳисоблашни буюрди. Ва ўзининг шахсий маблағидан ўтин олиб хазинага келтириб берди.
Умар ибн Абдул Азизнинг хотини Фотимадан эри Умар ибн Абдул Азизни сўрабдилар. Фотима:
- Унга ўхшаш Яратгандан қўрққан кишини кўрмадим. Баъзан ётоғида Аллоҳ таолони хотирлаб, номини зикр этиб, қўрқиб, унинг улуғлигидан қуш каби питирлаб ўзидан кетади. Шу даражадаки, гўё руҳини таслим этадигандек ва шунга уммати Мухаммад (с.а.в) халифасиз қолмасин деб қўрқаман,— дебди.
Юсуф Товаслийнинг
Ҳикматлар ҳазинаси китобидан 97-бет
“Хомкон” жоме масжиди
имом хатиби Ж.Эргашев тайёрлади