Муқаддас ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи хам ислом илми маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Аллох таоло одам алайҳис саломни илм туфайли барча фаришталардан афзал қилиб, илмли кишиларнинг мартабасини хам юксак даражаларга кўтаришини Қуръони каримда баён қилган. “Аллох сизлардан иймон келтирган ва илм ато этган зотларни (баланд) даража (мартабага) ларга кутарур”. (Мужодала” сураси 11 оят) бундан ташқари илмли кишилар хақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлар динор ёки дирхам мерос қолдирмаган. Балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар” деб мархамат қилганлар (Имом абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Илмни ёшлик чоғида ўрганиш алоҳида ахамиятга эгадир бу хақда Пайғмбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам “Ёшликда ўрганилган илм  тошга ўйилган нақш кабидир” деганлар. Илм икки хил бўлиб, бири инсонларга бу дунёда хам охиратда хам фойдаси тегадиган ёки аксинча, жамият учун зарарли бўлиб, ўрганиш гуноҳ саналадиган илмларга бўлинади. Фойдали илмлар жумласига диний илмлар билан бир каторда омманинг эхтиёжи тушадиган, табобат, саноат, дехқончилик, чорвачилик, тижорат ва шу кабилар кирса, зарарли илмлар эса сехр-жоду, кўз бойлағич кабилардан иборат. Бунга уламолар иттифоқ бўлишиб уни ўрганиш ҳаром деганлар. Абдуллох ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар “Сулаймон ибн Довуд алайҳис саломга илм, мол дунё ёки подшохликдан биронтасини танлашлик ихтиёри берилганда, у зот илмни танладилар. Натижада Аллоҳ таоло у зотга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни хам қўшиб берди”. Зеро, “Илм ақл чироғи” дейдилар. Илмли кишининг йўли доим чароғон бўлиб, у ҳамма ерда ҳам қадрланади.

Ҳазрати Али разияллоху анху шундай деганлар “Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади”. Илм ва хунар ўрганиш эса бизга улуғлардан қолган одатдир. Шунинг учун вақтимизнинг қадрига етиб, ўқишга мехр қўйиб доимо изланиш билан китобга ошно бўлиб, илмда улуғ ватандошларимиз қолдирган бой меросимизга  содиқ қолиб хаёт кечирайлик.

Қизириқ туман бош имоми  А.Абдуназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here