Минг афсуслар бўлсинким, гоҳида динимиз таълимотларини билмаслик ва уларга амал қилмаслик оқибатида мўмин-мусулмонлар ичида ўта кўнгилсиз ҳодисалар ҳам бўлиб туради.Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ўз қўлингиз ила ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир», (195-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзингизни ўзингиз ҳалокатга дучор қилмасликка чақирмоқда.
Имом Олусий, ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик чиқади, деганлар.
Ўзини ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўқри келмайдиган иш.
Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса, алоҳида жазолар бўлади.
Имом Бухорий Собит ибн аз-Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади», деганлар.
Имом Бухорий Жундаб розияллоҳу анҳудан қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини ўлдирди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқолоқлик қилди. Мен унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», деганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини ўзи бўққан, дўзахда ҳам бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган, дўзахда ҳам пичоқ ўриб туради», деганлар.
Демак ўзини-ўзи ўлдирган одам дўзахга тушишида шубҳа йўқ.
Одамларга ўрнак бўлиш учун бу дунёда ҳам унга ўзгача муносабатда бўлинади.
Умар ибн Абдул Азиз, Авзоий ва Имом Аҳмаднинг мазҳаблари бўйича ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқилмайди. Токи, бошқалар ҳам буларнинг қилмишини қилмасинлар. Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга.Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.
Шу сабабдан, инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Чунки, инсон бировга жон ато қила олмаганидек, ўзига ўзи ҳам жон ато қила олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина беради. Шунинг учун ундан жонни фақат Аллоҳ таологина олади. Бу табиий ҳолда ёки Аллоҳнинг шариатида кўрсатилган ҳукмга биноангина бўлиши мумкин.
Мусулмон инсон бошидан ҳар қанча қийинчилик ўтса ҳам, худди бировни ўлдириши мумкин бўлмаганидек, ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Бу ношукурлик ва Аллоҳга нисбатан одобсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда ўзини ўзи ўлдирган одам у дунёда алоҳида қаттиқ азобларга дучор бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифда ўша вақтдаги ўзини ўзи ўлдиришнинг уч тури ва уларнинг қиёматдаги азоби васф қилинган.
1. Ўзини ўзи тоғдан ташлаб ўлдириш.
Ўзини баланд жойдан ташлаб ўлдириш доимо содир бўлиб келган. Ушбу номаъқул ишни қилган одам, у дунёда қилганига яраша алоҳида азобга дучор қилинар экан. Аввало, ўзини ўзи ўлдиргани учун дўзахга тушар экан. Қолаверса, бу дунёда ўзини тоғдан ташлаб ўлдиргани сабабидан у дунёда, дўзах қаърида ҳам ўзини доимий равишда тоғдан ташлаб қийналиб турар экан. Ҳар сафар ташлаганда қийналиб ўлиш азобини янгитдан чекиб турар экан. Бу ғоятда оғир азобдир.
2. Ўзини заҳар ичиб ўлдириш.
Бу ҳам ўзини ўзи ўлдиришнинг турларидан бири. Бу ишни қилган одам ҳам охиратда жаҳаннамда доимий равишда заҳар ичиб ўлиб, яна қайта тирилиб, яна қайта қийналиб турар экан. Бу ҳам ўзига хос азобдир.
3. Ўзини темир нарса билан ўлдириш.
Бунга ўзини ўзи пичоқлаш, бошқа темир асбоблар билан ўлдиришлар киради. Ушбу ишни қилган одам ҳам қиёматда икки хил азоб; дўзах азоби ва дўзахда доимий равишда ўзини ўзи, худди бу дунёдаги каби қайта-қайта ўлдириб туриши билан азобланади. Аллоҳ Ўзи сақласин.Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз, кишиларга унинг маъноларини етказмоғимиз лозим. Токи, жамиятимиздан ҳеч ким ўзини ўзи ўлдирмасин.Жонига суйикасд килиш нафакат узини жонига жабр балки жамиятдан нарозилик окибат такдирга рози булмаслиги сабаб яратганнинг газабига дучор булади

                                        А.Шукуров
 «Дўстмухаммад   бобо” жоме масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here