Шариатда ғийбат деб, бирор кишининг ёмон сифатини унинг ўзи йўқлигида, эшитса унга оғир ботадиган, дили ранжийдиган тарзда баён этишга айтилади.

Кишида мавжуд бўлмаган айб ҳақида гапириш эса туҳмат ва бўҳтон ҳисобланади.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. Расули Акрам алайҳиссолату вассалом:

«Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. Шунда:

«Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб қилдилар».

Бу ердаги «ўзига ёқмаган нарса билан эслаш»га бирор кишини таҳқирлаш ниятида унинг баданини (семиз, бўйи паст, бурни узун, кўзи кичкина, юзи қора, гапни эшитмайдиган даражада қулоғи оғир, ҳеч нарсани кўрмайдиган кўр, бўйи узун, аъзолари катта, кўриниши хунук ва шунга ўхшаш гапларни айтиш), либосини (масалан, фалончи гадойларга ўхшаб кийинади, ҳаром либос кияди, ипак кўйлак кияди, бузуқларга ўхшаб кийинади, шими тўпиғидан пастга тушиб туради ва ҳоказо деб гапириш), насабини (фалончининг насаби яхши эмас ёки унинг ота-бобоси тайин эмас, зоти паст ёки шажараси номаълум ва ҳоказо гапларни айтиш), одатларини (кўп ухлайди, кўп ейди, бирор ишни эплолмайди, ўтириш одобини билмайди, оқибатини ўйламайди, хотинлар билан маслаҳатлашади, ҳамиша хотинларга эргашади ва ҳоказо гапларни айтиш), ибодатларини (ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш, масалан, фалончи намозни яхши адо қилмайди ёки таҳажжуд ўқимайди, нафлларга беъэтибор, Рамазон рўзасида камчиликка йўл қўяди, намозларни макруҳ вақтда ўқийди дейиш ва шу кабилар), гуноҳларини (масалан, фалончи зино қилади, дилида ҳасад ва нафрати бор, ёлғон гапиришга одатланган, ота-онасига ниҳоятда озор етказади, қариндошлари билан алоқани узган, тили ёмон, ҳамиша ароқ ичади, ўғрилик қилади ва ҳоказолар дейиш ила) ўзи йўқлигида, эшитса унга оғир ботадиган, дили ранжийдиган тарзда баён этиш кабилар киради.

Бунда ғийбат қилувчи хоҳ тили билан айтсин, хоҳ қалами билан ёзсин ёки тана аъзолари билан ишора қилсин, айбини унинг олдида ҳам айта олсин ёки айта олмасин, айби эл орасида маълум ёки номаълум бўлсин, ёмонланаётган одам хоҳ тирик, хоҳ вафот этган бўлсин, хоҳ балоғатга етган, хоҳ ёш бола бўлсин, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, ғийбат қилинган киши хоҳ кофир, хоҳ мусулмон бўлсин, буларнинг аҳамияти йўқ, барибир – ғийбат. Лекин ғийбатга рухсатли узрлар ҳам мавжуд.

Шунингдек, ўзи ғийбат қилмаса-да, унга рози бўлиб туриш ҳам ғийбат.

Саҳл ибн Муъоз ибн Анас Жуҳанийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимки бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир» (12-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар.

Бухорий ривоят қилган.

Г.Рахимова
Денов туман бош отинойиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here