Қариндошлар бир-бирларига насаб ва насл билан боғланадиган кишилардир. Улар қуйидагилар: ота-оналар, болалар, буви-бувалар, ака-укалар, опа-сингиллар, амакилар, аммалар, опа-сингил ва ака-укаларнинг болалари, тоға ва холалар сўнгра уларга яқин бўлган қариндошлар.
Шариатимизда уларни икки сабабга кўра “Раҳм” қариндошлар деб атайди. Биринчиси “Раҳм” Аллоҳнинг раҳмон сифатидан олинган. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло “Мен Аллоҳ Мен Рахмон…раҳмни яъни (бачадонни) яратдим ва унга исмимдан исм бердим.Ким унга боғланса, уни (исмимга) боғлайман, ким ундан узилса, Мен уни (исмимдан) кесаман деди” дейдилар”.
Маълумки “Рахм” –рахмат, меҳрибонлик, мулойимлик, халимлик каби сифатларнинг йиғиндисидир. Шунинг учун ҳам насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларга меҳрибон бўлиш, силаи раҳм қилиш вожибдир.
Иккинчиси “Қарабат” яқинлик қариндошлик алоқаларини боғлашдан келиб чиққан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат қариндошликни боғлашга чақириб, кесилишдан эса қайтарганлар. Яратган меҳрибон Роббимиз Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий каломи Қуръони каримда қариндошларга силаи раҳм қилишга буюрилган оятлар кўп.Масалан: “Ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини) узишдан қўрқингиз.Албатта Аллоҳ сизларни кузатиб тургувчидир” (Нисо сураси 1 оят).
Яна бир оятда: “Қариндошга, мискин йўловчига (хайру-эхсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг” (исро сураси 26 оят).
Аллоҳ таоло боғланишга буюрганларга Аллоҳга итоат этмасдан боғланишни узадиганларга қарата шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиганлар кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир” (Раъд сураси 25 оят).
Бу борада қон қариндошлик Аллоҳга ва охират кунига иймон келтириш шиорларидандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқи кенг ва умри зиёда бўлишини ҳоҳсала, қариндошлар билан боғлансин” дедилар. Яна бир ҳадисда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда 3 нарса топилса, Аллоҳ унинг хисоб китобини енгил қилади ва Ўз раҳмати ила жаннатга киргизади” дедилар.Шунда ота-онам сизга фидо бўлсин ё Аллоҳнинг Расули улар нималар? деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқсил кишига ҳадя беришинг, узилган қариндошлар билан боғланишинг, жаҳл қилганни кечиришинг.Агар шуларни қилсанг Аллоҳ сени жаннатга киргизади” дедилар.
Демак силаи раҳм боғлаганлар яратган Роббисининг жаннатини вожиб қилганлар ва бу риштани узганлар эса улуғ неъмат жаннатдан узоқлашганлар.
Олтинсой туман «Аҳадхон» жомеъ масжиди имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи М.Рахмонқулов