Баъзи инсонлар яхши амалларини узларини СЕЛФИ килаяпти. Бу ихлосми ёки килаётган ишини куз-куз килишми. Ихлоснинг ибодатларда тутган ўрни, балки барча амалларда ҳам тутган ўрни жуда ажибдир. Ихлос туфайли Аллоҳ таоло оз амалга ҳам кўп ажрлар беради. Риё ва ихлоссизлик билан қилинган жуда катта амалларга эса Аллоҳ таоло ҳеч қандай ажр бермайди. Уламолар ихлосга берган таърифлари турли кўринишда бўлса-да, ҳаммаси келиб битта маънода бирлашади. Яъни, ихлос – инсон барча ҳаракатларида, зоҳирий ва ботиний ибодатларида фақат Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиши ва улар билан дунё матосини ёки одамларнинг мақтовларини истамаслигидир.
Билмоқ керакки, ихлоснинг муқобилида, унга зид бўлган бир неча ишлар бор. Улар дунёга муҳаббат қўйиш, шуҳратпарастлик, иззатталаблик, риё ва сумъа, ғурурланиш каби иллатлардир.
Риё – ибодатни одамлар кўзида изҳор қилиш ва шу билан уларнинг мақтовига эришишни қасд қилишдир.
Сумъа – амали одамларга овоза бўлишини исташликдир.
Ғурурланиб кетиш риёнинг йўлдошидир. Ғурур – инсон ибодати билан мағрурланиб қолиши ва ўзини бошқалардан юқори кўришидир.
Буларнинг ҳаммаси амалларни бекорга чиқариб қўяди.

Баъзи ҳукамолар айтишган экан: «Риё ва сумъа (одамлар эшитиши) учун амал қилган кимса ҳамёнини тошлар билан тўлдириб олган кишига ўхшайди. У бозорга бир нарса сотиб олиш учун кириб, сотувчининг олдида ҳамёнини очса, ичи тўла тош бўлади ва сотувчи тошларни унинг юзига отади. Инсонларнинг: «Ҳамёни жуда тўла эканми?» деган сўзларидан бошқа унга ҳеч бир манфаат йўқ ва унга ҳеч вақо берилмайди».

Худди шунга ўхшаб риё ва одамлар эшитсин, деб қилинган амаллардан заррача фойда йўқ, охиратда унга савоб ҳам берилмайди.

«(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон сураси, 23).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир!»

Яна: «Сизлар хусусингизда қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк», дедилар. «Кичкина ширк нима?» дейишди. «Риё» дедилар.

Яна: «Инсонлар амалларига яраша жазо-мукофот олган вақтида Аллоҳ таоло (риёкорларга): «Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансиз?!» дейди», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Яна айтадилар: «Кимки (одамлар) эшитсин деса, Аллоҳ эшиттириб қўяди ва (одамлар) кўрсин деса, Аллоҳ кўрсатиб қўяди» (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таолодан бизни амалларимиз, сўзларимиз ва барча ҳолатларимизда ихлосли этмоғини сўраймиз. Барча амалларимизни риёдан сакла. Амийн
Саид Мухаммад жоме масжиди имом хатиби Н. Махаммадиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here