Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди” дедилар. Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмаган нобокор инсон бандаларини яхшилигини билармиди. Аллоҳ таоло шундай бўлишдан асрасин. Шукроналик уч турга бўлинади.
- Қалб шукроналиги. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат бўлади.
- Тил шукроналиги. Бу неъмат берувчига мақтов айтиш билан бўлади.
- Аъзолар шукроналиги. Бу неъматга яраша мукофот ила бўлади.
Бас Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол пок ҳолида енг. Ва агар унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг. (Наҳил сураси 114-оят)
Умар разияллоҳу анҳу пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламдан қандай турдаги нарсани мол қилай деб сўрадилар. Шунда пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳ таолони зикр этувчи тилни ва унга шукр қилувчи қалбни мол қилингиз” дедилар.Уйимиздаги қўша-қўша гиламлар, биллур қандиллар эмас, тилла, олмос, жавҳар безаклар эмас, зикр қилувчи тил ва шукр қилувчи қалб инсоннинг асосий бойлиги экан. Ҳадиси қуддусийда “Эй одам фарзанди ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин, шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади” дейилган. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам жуда фақир ҳаёт кечирганлар.Уйларида бир маротаба қозон қайнаган ё қайнамаган. Таомлари хурмо ва сув бўлган. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, дастурхонларимиз тўкин-сочин бозорларимиз обод, ҳоҳлаганча нозу-неъмат топилади. Лекин баъзи бир давлатларда бўлаётган тўқнашувларни кўраяпмиз.У ердаги аҳолини яшаш тарзи қийинлигини, егани таоми, кийгани кийими, ичадиган сувларини танқислигини оммавий ахборот воситаларида кўриб турибмиз. Сиз-у биз мана шундай жаннатмакон юртда яшаётганимизда кўп-кўп шукроналар айтишимиз лозим бўлади.
Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалам бир кишидан сўрадилар : “Тонггача кунинг қандай ўтди” деб сўрадилар.У киши жавоб бериб яхши ўтди. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам саволни яна такрорладилар, у киши ҳам яна шу жавобни берди. Савол учинчи бор такрорланганида у киши хатосини англаб, “Яхши алҳамдулиллаҳ ўзига минг қатла шукр” деди. Шундай Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам мамнун бўлиб “Сендан тилаган жавобим шул эди” дедилар. Эрталаб уйқудан уйғонганимиздан, тирик бандалар қаторида тинч осуда юртда яшаб юганимиз учун такроран шукрни кўп айтишимиз керак.
Ҳар бир нарсани ҳисоб-китоби бор, электр токи, газ, сув буларни пулни тўламасак тўхтатиб қўйишади, ҳатто жаримага ҳам солишади. Энди атрофимизга қарайлик , қуёш нуридан баҳраманд бўламиз ва қуёш нурига пишган меваларни еб роҳатланамиз. Осмондаги булутлар ёмғир ва қор ёғиб ерга тушади. Бундан фойдаланамиз, буларни моддий жиҳатдан тўламаймиз, лекин маънавий ва руҳий жиҳатдан қарасак, бу баҳо неъматни шукр билан адо этишимиз шарт бўлади.
Олтинсой туман “Саъд ибн Абуваққос” жомеъ масжид имом хатиби Ш.Яхёев