Мана ўн икки ойнинг султони қутлуғ Рамазон ойини ҳам қаршилаб олганимизга ҳам бир неча кун бўлди. Бу муборак ой ўзининг хайру баракаси, саховати, мўл-кўл эҳсонлари билан эшикларимизни қоқиб кирди. Рамазон саҳарларида барокат, шому тунларда бошимиздан раҳмат-мағфират ёғилади.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг охирги куни бизларга ваъз қилиб дедилар: “Эй одамлар! Энг улуғ ва барокатли ой сизларга яқин келди. У ойда бир кеча бор, у кеча минг ойдан афзалдир”. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечаларида намоз ўқишни суннат қилди. У ойда бирор-бир нафл амал қилган киши, бошқа ойда фарз амални адо этган савобини олади.

Ким Рамазон ойида битта фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо этган савобини олади. У сабр ойи, ёрдамлашиш ойидир. У мўминларнинг ризқи зиёда бўладиган ойдир. Ким у ойда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳларига мағфират ва ўзи дўзахдан озод этилишига сабаб бўлади. Рўзадорнинг савобидан асло камайтирилмай рўзадорнинг савобича унга савоб бўлади.

Биз “Ё Расулуллоҳ, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку” дедик. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни бир қултум сут, ё битта хурмо, ё бўлмаса бир ҳўплам сув билан рўзадорга ифторлик берган кишига ҳам савоб беради. Ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло унга ҳовузимдан бир қултум сув ичиради, у жаннатга киргунича чанқамайди”.

Рамазон ойи аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Ким у ойда қўл остидагиларга енгиллик берса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради ва дўзахдан озод қилади.

Фазилатли ой ўтиб кетмасдан унинг фазли барокатидан фойдаланиб қолайлик.

 

Олтинсой туман “Саъд ибн Абуваққос”

жомеъ масжид имом хатиби:                                                             Ш.Яхёев

                                                                                                                             

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here