Ер юзида биринчи қотилликни Одам (а.с) нинг Қобил деган ўғли бошлаган. Ер юзида биринчи мақтул (ўлдирилувчи) Одам (а.с) нинг Ҳобил деган ўғли бўлган. Қурони Каримнинг тарихни англатувчи сувра ва оятларидан маълумки, ер юзида умуман фитналар, яъни қотиллик, разиллик, зулм ва фисқу фасодлар йўқ бўлган, Одам (а.с) ва момо Ҳавво фарзандлари билан тинч осойишта яшаётган, Одам (а.с) нинг шариат ҳукмлари юриб турган бир вақтда, фитналар Қобил бошчилигида бошланган. Бунга ҳам сабаб Қобилнинг укаси Ҳобилга нисбатан қалбида бошланган ҳасад эди.
Ҳобил ниҳоятда юмшоқ табиатли, ҳалим, бағри кенг, сахий ва тақволи бўлган. Қобил эса аксинча бўлган. Бир куни Аллоҳ таоло Одам а.с ва фарзандларига Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишни буюради. Шунда Одам а.с фарзандларига қурбонлик қилишни буюради. У вақтда кимнинг нимаси бўлса ўшандан қубонлик қиларди, чорвадор чорвасидан, деҳқон деҳқончилигидан ва ҳоказо. Улар қурбонлигини кечқурун бир тепаликка қўйиб кетар экан. Қурбонлигининг қабул бўлган белгиси эса, бир тутунсиз ўт келиб уларнинг қурбонлигини куйдириб кетар экан. Ҳобил чорвачилик билан, Қобил эса деҳқончилик билан шуғулланар эди. Ҳобил қурбонликка чорвасининг энг семиз ва чиройлиларидан обкеб қўяди. Қобил эса аксинча қурбонлигига деҳқончилигининг энг бўлмағур пуч, ириган ва чириганларидан обкеб қўйиб кетади. Эрталаб чиқиб қарашса Ҳобилнинг қурбонлигини ўт куйдириб кетган, Қобилнинг қурбонлиги эса бус — бутун турибди. Шундан сўнг Қобилнинг ғазаби келиб укасига нисбатан ҳасади баттар кучаяди. У Ҳобилга; “Мен сени ўлдираман” дейди. Ҳобил эса; “Агар сен мени ўлдирмоқчи бўлсанг, мен сенга қўлимни кўтармайман, мен Роббимдан қўрқаман” дейди. Ана шундан сўнг қалбидаги ҳасади кучайиб кунларнинг бирида ухлаб ётган укасининг бошига катта харсанг тош билан уриб ўлдириб қўяди ва қилган ишидан пушаймон бўлади. Лекин тавба қилмайди. Ва соҳилга қочиб кетади. Ана шундан сўнг Одам а.с. авлодида бўлиниш пайдо бўлади. Яъни яхши одамлар Одам а.с. билан тоғ ён бағрида қолади, фитнага учраганлар эса соҳилга Қобилнинг ёнига кетишади. Ана шундан сўнг соҳилда харом бидъат ва фитналар кўпайиб боради.
Шунга ўхшаш Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с. замони саодатларидан сўнг, Усмон (р.а) нинг даврларида мусулмонлар орасида фитналар авж ола бошлади. Имоми Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийларнинг муснадларида келтирилишича, Усмон (р.а) дек улуғ саҳоба, пайғамбаримизнинг куёвлари, тириклик вақтидаёқ жаннат башоратини олган, ўша вақтда халифа бўлиб турган зотни масжидда ибодат қилиб турган жойларида шаҳид қилишган. Мусулмонар орасида фитналар кучайиб авж олади.
Ана шунда бир қанча саҳобалар маслаҳат қилишиб, Саъд ибн Аби Ваққос р.а нинг олдига боришадида; “Эй Саъд кўчада мусулмонлар ўртасида фитна бўлаяпти. Мусулмонлар иккига бўлиниб урушаяпти. Сиз пайғамбаримиз билан кўпинча бирга бўлгансиз, кўп фитналарни биргаликда ҳал қилгансиз, тажрибангиз етарли, кўчага чиқиб шу фитнани бостиринг”, дейишганда, у зот; “Йўқ! мен фитнага аралашмайман” деб, пайғамбар (а.с) нинг ушбу ҳадисини айтади. “Мендан сўнг тез кунларда ораларингизда фитналар бўлади. Ана шунда кўчада юрувчидан уйида ўтирувчи афзал бўлади.” дедилар. Ана шунда бир киши сўради; “Ё росулуллоҳ, агар мен фитнага аралашмай уйимга кириб ўтирсам, уйимга кириб фитнага аралашишга мажбур қилишса нима қилайин?” деганда, Росулуллоҳ; “Одам (а.с)нинг мақтул фарзанди каби бўл, қотил фарзанди каби бўлмагин” дедилар. Яъни Ҳобилдек бўгин тек турди, Қобилдек бўмагин у қотиллик қилди. Саъд ибн Абий Ваққос р.а. айтдилар; “Гувоҳлик бериб айтаманки Усмон (р.а) Росулуллоҳнинг мана шу сўзларига (ҳадисларига) амал қилди”. Яъни фитнага аралашмай тек туриб берди.
Пайғамбаримиз яна бир ҳадиси шарифда; “Мендан сўнг фитна содир бўлади, ана шунда чўпон чорвасини тоққа ҳайдаб чиқиб кетсин, туяси бор киши туясини саҳрога чиқариб кетсин, деҳқон даласига чиқиб кетсин, агар қўйи ҳам, деҳқончилиги ҳам, туяси ҳам бўлмаса, уйига кириб қиличини тошга уриб ўтирсин” (қилични тошга уриб ўтмас қилиб ўтирсин) яъни фитнага аралашмасин, дедилар. Шунда бир киши; “Ё Росулуллоҳ, менинг қўйим ҳам, туям ҳам, деҳқончилигим ҳам бўлмаса, фитна бошланса, мен уйга кириб қиличимни тошга уриб ўтирсам, шунда менинг уйимга кириб, агар бизга қўшилмасанг ўлдирамиз дейишса, мен нима қилай” дедилар. Шунда Росулуллоҳ; “Индамай туриб бергин.” дедилар.
Пайғамбар а.с яна бир ҳадиси шарифларида; “Иккита мусулмон бир — бирларига қурол кўтарсалар, ўлдирган ҳам ўлдиргувчи ҳам дўзахда бўлади” деганлар.
Энди шу ерда озгина мулоҳаза қилиб фикрласак яхши бўларди: Дунёда мусулмонлар ўртасида бўлаётган фитналарни яхши ўрганиб, моҳиятини англаб, диққат билан кузатган киши даҳшатга тушиши аниқ. Чунки бу даҳшат!. Мусулмон киши “ла илаҳа иллалоҳ” деб турган яна бир мусулмон кишини ўлдирса, ҳайвонга ҳам қилинишлиги харом бўлган зулмларни қилса, мусулмонларнинг аёллари чидаб бўлмас даражадаги фитналарга гирифтор қилинса, мусулмонларнинг фарзандлари етим қолиб хор — зор бўлса, бу даҳшат — да. Қурони карим буйруқлари қани?, Пайғамбар а.с суннатлари ва ҳадисларига амал қани?, гўзал ва покиза шариатимиз шаъни ҳимояси қани?. Пайғамбар а.с ўз юртинг кўчасида бўлаётган фитналарга чиқма аралашма деса — ю, юртимиз мусулмонлари ўзга юртдаги фитналарга бориб аралашса — я. Ёки ўз ватани тараққиёти, ислоҳатлари, диний йўналишдаги шарт шароитларнинг қадрига етишмаса — я. Ва яна Худонинг бу юртга берган тинчлик неъматининг қадрига етмасдан одамларни ташвишга соладиган фитналарни бошлашса — я. Ахир Пайғамбар а.с; “Фитна уйқуда, Худонинг лаънати бўлсин уйқуда ётган фитнани ўйғотган кишига” деганлар. Аллоҳим дунёдаги ҳамма инсонларни, айниқса мусулмонларни фитналардан йироқ қилсин, амийн!
Бойсун туман “Қадимий Дарбанд” жомеъ масжиди имом хатиби Ў.Алимов