Аллоҳ таоло барча мавжудотларни ҳар хил қилиб яратди. Инсоният ҳам турли хилқатда яратилди. Тақдири ҳар хил, табиати ҳар хил ва ҳатто ризқини ҳам оз ёки кўп қилиб яратди. Албатта, бу Парвардигори оламнинг ҳикмати ва синовидир. Энг яхши бойлик Аллоҳ йўлида сарф бўлганидир ва энг яхши фақирлик эса, Аллоҳ таолога шукр қилиб ўтказилган умрдир. Аллоҳ таоло Қуръон каримда марҳамат қилиб: “Айтинг: “Ё Мулк эгаси Аллоҳ! Сен хоҳлаган кишингга ҳукмдорлик ато этурсан ва хоҳлаган кишингдан ҳукмдорликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан ва хоҳлаган кишингни хор этурсан. Яхшилик сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен ҳамма нарсага қодир зотдирсан” дейди. Бизлар ҳар биримиз бу оятдаги мазмунни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим. Раҳбар бўлиш ёки оддий ишчи бўлиш, бой бўлиш ёки фақир ҳолда яшаш бу Мулк эгаси Аллоҳ таолонинг хоҳишидадир. Албатта, бу ерда фақат Аллоҳ деб ҳеч иш қилмаслик деган мазмун келиб чиқмайди, балки аввало Аллоҳни доимо ёдда тутиб, ишларда бардавом бўлишни ирода қилинаяпти. “Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаганникини) тор қилур.” Аммо бойлигини, қудратини Ўзидан, ёшлигидаги қувватидан, мансабидан деб биладиган кимсалар эса бойлигини олиб камбағал қилиб қўйса ёки мансабини олиб мансабсиз қилиб қўйса, шунақангги тушкунликка тушадики ўлим тўшагида ётиб қолишади. Буларнинг барчаси молу дунё, мансабни Аллоҳдан деб билмасликдир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан бирингиз мол-дунё ва фарзандлар берилиб, бадавлат бўлган одамга назар солмоқчи бўлса, ўзидан кўра фақирроқ инсонга ҳам ибрат кўзи билан боқиб шукр қилсин!” деб марҳамат қилганлар.
Саъдий Шерозий дейдилар: Бутун умр ишларим истаганимдек кечмаётганидан, дунёнинг бевафолигидан ва замондан шикоят қилмадим. Фақат бир мартагина оёғимда пояфзалим йўқлигидан ва пояфзал олишга пулим етмаслигидан умидсиз бўлиб, Куфа жомеъ масжидига кирдим. Юрагим сиқиларди. Лекин у ерда бир оёқсиз одамни кўриб, Роббимга шукроналар айтдим ва оёғим пояфзалсиз бўлишига қаноат қилдим. Шукроналик бу шундай улуғ бир туйғуки, шукроналик нафсни тўқлиги, шукроналик қалб таскини, шукроналик бу хотиржамлик, шукроналик неъматнинг бардавомийлигидир. Аллоҳ таолонинг яна бир ояти каримасида айтиладики. “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”. Бундан келиб чиқадики бугунги доруламон замонимизга шукр қилсак, ёшларимизга шукроналик туйғуларини сингдира олсак, ҳамда ҳаёт машаққатларига сабр қила оладиган ва яхшиликларга шукр қилишга одатлансак албатта Аллоҳ таоло янада яхшиликларни зиёда қилади. Айрим нотавон, ношукр тоифалар ҳам борки бу неъматларнинг қадрига етолмай номақбул ишларни қилмоқдалар. Булар динимизнинг, давлатимизнинг душманларидир. Ҳозирги пайтда ҳар хил оқимлар чиқиб, юртимиз мусулмонлари азалдан эътиқод қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини, аҳли сунна вал жамоани куфрга чиқаришияпти. Бу ваҳҳобий, ҳизбчи, террорчи ва шунга ўхшаш нонкўрлар фитнасидан огоҳ бўлиш лозим. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, мусулмонларнинг Аллоҳ таоло буюрган ишларни мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун, халқ бемалол ўзи севган касб билан машғул бўлиб, рўзғорини тебратиш учун, қолаверса, давлатнинг ривожланиши ва фарзандларнинг ўқимишли, зиёли бўлишилари учун тинчлик осойишталик лозим, бу неъматларнинг бардавомийлигига эса албатта шукроналик билан эришилади.
Олтинсой туман “Рахмонбеди хожи”
жоме масжиди имом хатиби З Абсаломов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here