Бугунги кунда юртимизга кириб келаётган адашган фирқалар ичида, такфирчи (мусулмонларни кофирга чиқарувчи) барлавийларнинг даъвати фаоллашиб бораётганлигини инобатга олиб, уларнинг фитналаридан оммани огоҳ қилиш мақсадида, ушбу фирқанинг келиб чиқиши ва асосий белгилари ҳақида маълумот бериш мақсадга мувофиқдир. Ислом тарихига назар ташлар эканмиз, ҳар бир асрда умматни парчалаш учун, мусулмонларни турли фирқага ажратиб ташлаш учун кўплаб фитналар уюштирилганлигини кўришимиз мумкин. Биргина Ҳиндистонни мисол тариқасида оладиган бўлсак, бу диёр мусулмонларини парчалаш учун кўплаб фитналар чиқарилган.Агар Ҳинд тарихини мутолаа қиладиган бўлсак, мазкур фирқалар ичида энг катта зарар, фитна ва фасод айнан барлавий фирқасидан келганини биламиз.Аллоҳ сақласин, Аллоҳ сақласин, агар бу фирқа бизнинг ватанимизда қулоч ёзса, ваҳҳобийлар ва уларни жангари тоифларининг фитна-фасодлари, бузғунчиликлари барлавий фирқаси қаршисида денгиздан томчи бўлиб қолади! Барлавийлар, гарчи улар ўзларини мотуридий, ҳанафий, нақшбандий десалар ҳам, лекин улар билан ҳамфикр бўлмаган ҳанафий, мотуридий ва нақшбандийларни кофир деб эълон қиладилар.
Ҳижрий 14-асрда такфир фитнасининг раҳбари — барлавийларнинг етакчиси Аҳмад Ризо Хон эди. Ризо Хоннинг энг яхши кўрган, бутун умрини бағишлаган фаолияти – Ислом умматининг улуғ уламоларини, буюк шахсларини кофир деб эълон қилиш (такфир)дан иборат эди. Аҳмад Ризо Хон бошқаларни кофирга чиқаришда “устаси фаранг” эди. Агар қайсидир олим ҳақида кофир деб фатво берса, қуйидагича ёзарди: “Бу инсон шундай кофири-акфардирки, агар ким унинг кофирлигига шак-шубҳа қилса, у ҳам кофир ва жаҳаннамийдир.
“Тажануби Аҳлу сунна” китобида кофирга чиқарилмаганнинг ўзи қолмаган. Бу китоб бирлавийлар учун “амал дастури”бўлиб хизмат қилади.
Минг афсуски, Аҳмад Ризо Хон қўлига қалам олиб, фатво беришни бошлаган кундан бошлаб куфрнинг қиймати шу даражада арзон бўлиб кетдики гўё, улар учун такфир сув ичишдан ҳам осон бўлиб қолди Аллоҳ ўзи диёрларимизни бундай фитнадан асрасин. Риё Мустафо Барлавий мажлис қатнашчиларининг барчасини кофирга чиқаради: “У мажлисда 500 уламо қатнашган бўлса, уларнинг барчаси динсизлар эди”. Деган. Шунингдек, юртимиз мустақиллигигача бўлган даврда яшаб ўтган буюк олимларимиздан бири – Домла Ҳиндистоний, Мавлавий Ҳиндистоний исмлари билан машҳур бўлган Муҳаммад Рустам ўғли Қўқандий бўлганлар. Диёримизнинг ҳар ерида у кишининг шогирдлари бор. У кишининг энг катта устози Мавлоно Муинуддин Ажмирий бўлиб, Домла Ҳиндистоний ўқиган мадрасанинг (Усмония Мадрасаси) асосчиси ва бош устози бўлганлар. Мавлоно Муинуддин Ажмирий Ҳайрабодий Ҳинд диёрида мантиқ илмида машҳур бўлган ҳайрабодийлар сулоласининг энг сўнгги вакили эди. Мавлоно Ажмирий томонидан Аҳмад Ризо Хонга раддия ёзган. Аҳмад Ризо Хоннинг ўғли Ҳомид Ризо Хон эса Мавлоно Муинуддин Ажмирийга раддия ёзган. Уша раддиясида Ажмирийни кофир дея фатво беради.
Кўриб турганингиздек, мазкур фирқа пайдо бўлганидан бери Ҳиндистон, Покистон ва бошқа юртлар мусулмонларини тафриқага солиб, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг ораларида адоват, душманлик, битмас туганмас фитналар уруғини сочиб келмоқда. Ушбу фирқа ҳозирда, ўз фаолиятини қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва афсуслар бўлсинки бизнинг юртда ҳам кенг равишда амалга оширишни бошлаганлигини инобатга олиб, такфир балосини тарқатувчилардан барчамиз огоҳ бўлмоғимиз ҳамда уларга қарши курашишга аҳли илмларимиз сафарбар бўлмоқликлари лозимдир.
Олтинсой тумани «Саййид Мухиддинхон»
жомеъ масжид имом хатиби: Сирожиддин Мухиддинов.