Мўмин мусулмонлар ўзаро аҳил меҳр-оқибатли бўлиб бир-бирларига ёрдам беришлари Аллоҳ таъалонинг суюкли (маҳбуб) бандаси бўлиш билан бирга қиёматда нажот топишларига сабаб бўлади. Зеро пайғамбаримиз (салоллоҳу алайҳи вассалам): “Қиёмат кунининг ташвишидан нажот топиш, кимни хурсанд қилса, қийналган одамга ёрдам берсин!” деганлар (Имом Муслим ривояти). Ҳаётда шундай инсонлар борки яхшилик қилишни доимо ният қилиб, режасида доим бир савоб иш, эзгулик ҳожатбарорлик ва самимийлик билан сизни қарши олиб қалбингизни хурсандликга тўлдириб, ўйлаганингиздан ҳам хайрли ва кўпроқ ёрдам қўлини чўзиб мушкулингизни осон қилади. Азизларимиздан бирига “Энг афзал амал қайси? деб савол берилганда: “Мўминнинг қалбига хурсандчилик олиб кириш”, “Дунёда энг севимли ишингиз қайси? деганда: “Дўстларга мурувватли бўлиш, уларга ҳам моддий ҳам жисмоний кўмак бериш” деб жавоб берганлар. Одамларнинг оғирини енгил қилиш, машаққатини аритиш, қарздорга муҳлат бериш имкони йўқлигини (қарзни қайтаришнинг) билса, қарзни кечиб юбориш, кўнгилдан самимий ҳолда ёрдам ва енгилликдир. Пайғамбаримиз с.а.в нинг яшаб ўтган ҳаёти саодат асри ва у зотнинг кўрсатмалари асосида яшаган саҳобалар ҳаётидан, улуғларимиздан ибрат олиб ҳаётимиз ва турмуш тарзимизни динимиз кўрсатмаларига мос ташкил этсак, иншааллоҳ тез кунда меҳр-оқибат ва интифоқлигимиз ортишига ҳамда икки дунё саодатини топишимизга сабаб бўлади.
Ҳар жойда одамларга манфаат етказиш ўтган барча пайғамбарларнинг суннатларида ҳам акс этган. Исо (алайҳиссалом) касалларни даволаш, ҳожатини чиқариш, камбағал бева-бечораларга ёрдам бериш учун саъй-ҳаракат қилар эдилар. Яъни Аллоҳ таъало Қуръони Каримда Исо алайҳиссалом тилидан қуйидагича баён қилган: “Яна мени қаерда бўлсам барокотли қилди (ҳам одамларга таълим тарбия бериш ва бошқа кўп манфаат етказувчи) ва мадомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни (адо этишни) буюрди”. (Марям сураси 31-оят). Иброҳим (алайҳиссалом) одамларга яхшилик ва манфаат етказишни яхши кўргани учун, хайру-эҳсонни кўп қилгани учун “Халилуллоҳ (Аллоҳнинг дўсти) деган буюк ном олган. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам) “Эй Жаброил, нега Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом) ни дўст тутган” деб сўраганларида “Очларни таомлантиргани учун, эй Муҳаммад” деб жавоб берган. (имом Бойҳақий ривояти). Бериладиган таомлар ва қилинадиган яхшиликлар пешона тери, ҳалол меҳнатга асосланган бўлса, нур устига аъло нур, чунки муқаддас Ислом динимиз ҳалоллик ва покликнинг устига қурилгандир.
Пайғамбаримиз (салоллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёли Зайнаб (розиёллоҳу анҳо) онамиз “Мискинларнинг онаси” номи билан машҳур бўлган. У киши мискинларга хайру-садақа қилиш учун пешона тери билан маблағ топар эдилар. Бу борада Ойша (розиёллоҳу анҳо) “Зайнаб орамизда энг саховатпешамиздир, чунки у қўл меҳнати билан пул топиб, кўп садақа қилади” деганлар. (Имом Муслим ривояти).
Қўл меҳнати ва пешона тери билан топилган ва жойини топиб берилган эҳсон соҳиби учун савоб бўлиш билан бирга яхшилик ҳамдир. Меҳнат қилишлик, пешона тери барча замонларда мақталган матлуб ишлардандир. Чунки халқимиз “Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик” деб бежизга айтмаган. Мадомики меҳнат ва пешона тери инсонни фаравон ҳаёт сари ва кўнгил хотиржамлигига эриштиради.
Музработ тумани Назари жоме масжиди имом ноиби Ш.Нуруллоев