Кўзи кўр, тишларининг аксарияти тўкилган, қулоқлари ёки қуйруғининг ярмидан кўпи кесилган ёки тушиб қолган, шохларининг бири ёки иккаласи ҳам тубидан синган, елинлари қуриб қолган, қулоқлари ёки қуйруғи туғилганидан йўқ бўлган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди. Суякларида илик қолмас даражада ориқлаб кетган, сўйиладиган жойгача ўзи юриб бора олмайдиган ноигрон ёки касал ҳайвон билан ҳам қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Бу камчиликлар қурбонликка сотиб олингандан кейин юзага чиқса, қурбонлик қилувчи киши бой бўлса, бошқа ҳайвон сотиб олиб сўяди. Агар қурбонлик қилувчи киши фақир бўлса, ўша ҳайвоннинг ўзини қурбонлик қилаверади. Бошқа ҳайвон сотиб олиши шарт эмас. Ҳатто фақир киши шундай камчиликларга эга ҳайвонни сотиб олиб, сўйиши мумкин. Чунки қурбонлик фақирлар учун нафл ибодатдир. Нафл ибодатларда эса  бағрикенгликнинг чегараси кенгдир, яъни кўп нарсаларга рухсат бордир.

Бой киши қурбонлик учун сотиб олган ҳайвон ўлиб қолса, унинг ўрнига бошқасини сотиб олади. Фақир киши сотиб олган ҳайвон ўлиб қолса, унинг ўрнига бошқасини сотиб олиши шарт эмас. Бой киши қурбонлик қилиш учун олган ҳайвони йўқолиб қолса ёки ўғирланса, унинг ўрнига бошқасини сотиб олиб қурбонлик қилганидан сўнг йўқолган ёки ўғирланган мол топилса, топилган ҳайвонни сўйиши шарт эмас. Чунки у вожибни, яъни қон оқизишни бажарди. Аммо бу ҳукм фақирга тегишли эмас. У топилган ҳайвонни ҳам сўяди.

Баъзи сабабларга кўра, Қурбон ҳайитининг уч кунида ҳам қурбонлигини сўёлмаган бой киши қурбонликка аталган ҳайвонни ёки унинг қийматидаги маблағни эҳтиёжмандларга садақа қилади.

Шериклик асосида сўйиладиган қурбонликда шериклардан бири вафот эса, унинг ворислари марҳумнинг ҳиссасини қайтариб ололмайди.

Қайси пайтда бўлса ҳам, касал ҳайвон сўйилганда ҳаракат қилса ёхуд унинг қони оқса, гўштини ейиш мумкин. Бу икки ҳолатдан бири бўлмаса ва сўйилаётганда жонсиз бўлса, унинг гўшти ейилмайди.

Сўйилмасдан ўзи ўлиб қолган ҳайвон ўлимтик бўлгани каби, боши узиб олинган, мияга тўқмоқ урилган, қулоқ пардасига қичқириқ юбориб ўлдирилган ҳайвонлар ҳам ўлимтикдир. Шаръий қоидаларга риоя қилинмасдан, ҳалқуми ва икки қон томири кесилмай бўғизланган ҳайвоннинг ҳам гўшти ейилмайди (“Неъматул Ислам”, 678-б).

Тепаликдан қулаган, бошқа бир ҳайвон билан шохлашиб қулаган ёки бўри бўғизлаган ҳайвон ҳам ўлимтикдир. Бундай ҳайвонларни ўлишидан аввал шаръий қоидалар асосида бўғизланмаса, уларнинг гўшти ейилмайди.

“Қурбонлик рисоласи”дан.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here