Ислом ҳурфикрликни ҳимоя қилади
Ислом таълимоти одамлар ҳаёти ва ҳурфикрлилигини ҳимоя қилади, мусулмонларга бошқа кишига нисбатан ёмон гап айтишни, ғийбат ва туҳмат қилишни, ҳатто нохолис фикрга боришни таъқиқлайди, одамлар ўртасида адоват ва ихтилофларни тўхтатишга буюради. Ислом жисмоний зўравонлик ва ваҳшийликнинг барча кўринишларини ҳам, одамларга нисбатан озгинагина ғоявий босим ўтказишни ҳам бирдай манъ этади. «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди» (Бақара, 256) «Бас (эй Муҳаммад), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос» (Ғошия, 21). Одамларни динга ёки диний кўрсатмаларни бажаришга зўрлаш Исломнинг моҳияти ва руҳига мутлақо зиддир. Зеро Ислом ақидасига кўра, чинакам иймонга хоҳиш-ирода ва виждон амри билангина келиш мумкин. Албатта, мусулмонлар Қуръони каримда баён этилган ахлоқий асосларни ҳаётга татбиқ этиш зарурати тўғрисида бир-бирларини рағбатлантиришлари, огоҳлантиришлари ёки эслатишлари мумкин. Қуръони каримнинг ахлоқий кўрсатмаларини одамларга тушунтириш ҳар бир диндор одамнинг бурчидир. Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, ўз динлари ҳақида одамларга билим тарқатишади: «Парвардигорингизнинг йўли – динига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг» (Наҳл, 125). Лекин шу билан бирга бошқа амрни ҳам доимо ёдда тутишади: «Уларни ҳидоят қилиш сизнинг зиммангизда эмас (эй Муҳаммад). Балки Аллоҳ ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади» (Бақара, 272). Ҳақиқий мусулмон киши ҳеч қачон зўрликка мурожаат қилмаслиги, одамларга моддий ва маънавий босим ўтказмаслиги керак. «Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг диним ўзим учундир» (Кофирун, 6). Дунёда яшаётган кўп сонли халқлар турли динлар ва ақидаларга: насронийлик, яҳудийлик, буддавийлик, ҳиндукийлик, бутпарастлик ва мажусийлик кабиларга мансубдирлар. Бу дунёда ҳар бир мусулмон уларнинг қайси динга мансублигидан қатъий назар, барча одамларга ҳурмат, муроса, авф ва адолат, муҳаббат ва раҳм-шафқат кўрсатишга Аллоҳ таоло ҳузурида масъулдир. Аллоҳ таоло томонидан иймон эгалари зиммасига Ислом динига яхшилик, омонлик ва ҳурмат билан даъват қилиш юклатилган. Динга кирадими ёки йўқми, ўзига етказилаётган даъватга бўйсунадими ёки ундан тийилиб турадими, бу ҳақда қарорга келиш даъват қилинаётган томоннинг тўла ихтиёридадир. Бирор кишини динга зўрлаш, бирор нарсани мажбуран унинг зиммасига юклаш Қуръони карим даъватига зиддир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларга шундай дейди: «Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» (Юнус, 99). «Биз улар (кофирлар) айтаётган сўзларни жуда яхши билурмиз. (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг устида (дину иймонга) зўрлагувчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг!» (Қоф, 45).
Дин-эътиқод талабларига риоя қилишга одамлар мажбурланадиган жамият шакли Исломга тубдан қарама-қаршидир. Чунки инсон Аллоҳга хоҳиш-иродаси ва виждон амри билан юзлангандагина дин ва эътиқод қийматга эга бўлади. Агар у ёки бу ижтимоий тизим одамларни динга ва диний кўрсатмаларга риоя этишга мажбурласа, унда одамларнинг художўйлиги ҳокимиятдан қўрқишгагина асосланган бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло динга фақат очиқ виждон билан, Ўз розилиги йўлида хизмат қилиш учунгина киришни амр этади.
Жарқўрғон тумани бош
имоми Худойберди.Рўзиев