Бугун 30 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ва уламолар ҳамда қорилар иштирокида пандемияни даф бўлиши учун Аллоҳдан сўраб дуо қиладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Аллоҳ таоло улуғ қилган Зулҳижжа ойида турибмиз, ушбу ойнинг аввалги ўн куни мислсиз фазилатларга бойдир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибодат қилинадиган бирор кун зулҳижжанинг ўн кунидан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир», деганлар .
Имом Термизий ривояти.
Мана шундай қутлуғ даҳаларда қилинган хатми Қуръонларнинг якуний тиловати ва дуоси уламолар ва ҳофизи Каломуллоҳлар иштирокида адо этилади.
Ушбу файзли маросимни «Uzreport» телеканали орқали шу йил 30 июль, арафа куни кечки соат 21:00 да тўғридан-тўғри кузатиб, бахраманд бўлишингиз мумкин. Шунингдек, ITV интернет телеканалидаги MuslimTV ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам онлайн намойиш этилади, инша Аллоҳ.
Азизлар, дуолар мустажоб бўладиган паллаларда ўлкамизга осудалик, барака, аҳли оиламизга тан-сиҳатлик, беморларга шифои комил ва катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллигини тезроқ даф бўлишини барчамиз биргалашиб, Жаноби Ҳақ таолодан илтижо қилиб сўрайлик.
Эслатиб ўтамиз, халқимиз томонидан ушбу кунларда якунига етказилаётган хатми Қуръонлар саноғини 78-150-33-44 телефон рақамли Кол-марказ орқали туну кун қабул қилинади.