Дарҳақиқат, бугунги кунда дунё аҳли  синовли кунларни бошидан ўтказмоқда. Дунё майдонига  тарқалиб улгурган вирус бизнинг Ватанимизга ҳам кириб келганига қарийиб беш ойдан ортиқроқ вақт бўлди. Йилнинг биринчи чорагида кириб келган пандемия сабабли  юртимизда ҳам карантин жорий қилинди.

Барчамизга маълумки, карантин қоидаси баъзи бир ишлардан четланишимизни талаб  қилади. Жумладан; ижтимоий масофани сақлаш,  жамоавий тадбирлардан имкон  қадар ўзимизни узоқ тутиш, ўзини ўзи одамлардан  айришни талаб  қилади.

Тан олишимиз керак, карантин  жорий қилинган  илк кунлариданоқ Муқаддас Ислом динида амал қилинишлиги лозим бўлган амалларнинг баъзилари ҳам вақтинчалик тўхтатилди ёки  ўзгартирилди.  Яъни,  масжидлардаги жамоат намозлари вақтинчалик тухтатилиши билан бир қаторда уйда, оила аъзолар иштирокида адо қилинишлиги йўлга қўйилди.

Мусулмон киши воқеъликда содир бўлаётган ҳодисалар Ислом нигоҳи билан қарашга одатланишимиз керак.  Бу масалани жавобини топишимизни  енгиллаштиради.

Аввало Ислом тинчлик дини бўлиб,  инсон ислом таълимотлари асосида ҳаёт олиб бориши у учун тинчлик ва хотиржамликни таъминлайди. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Барчамизга маълумки, Ислом шариати инсон зотини бу дунёда азизу мукаррам бўлиб яшашда давом этиши учун  олти заруриётни жорий қилган.

Улар: дину диёнат, соғлом эътиқодни сақлаш, жонни ва сихат-саломатликни муҳофаза қилиш, ақлни саломат сақлаш, насл-насабни сақлаш, обрў эътиборни, номусни сақлаш, мол-мулкни муҳофаза қилиш, уни зое бўлиб, нобуд бўлишидан сақлаш”.

Азизлар, юқорида санаб ўтганимиз мазкур олтита зарурат шариатимиздаги барча буйруқ ва таъқиқларнинг юзага келиш сабабчисидир десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Санашда қисқагина бўлиб кўринган бу нарсалар инсониятнинг дунё-ю охиратда саодатманд бўлиб яшашига кафолат бўлади. Шу боис, ҳам мазкур нарсалар  “Шариат мақсадлари” деб ҳам аталади.

Муқаддас динимизда инсон ўз саломатлигини сақлашлиги фарз ҳисобланади. Ҳозирда мутахассисларимиз бераётган касалликнинг олдини олувчи маслаҳатларга салбий қараш билан эмас, динимизнинг кўрсатмаси деб қарасак, ибодат даражасига кўтарилади. Масалан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилоган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деган ҳадислари билан бугунги кундаги карантин қонун-қоидасини жорий қилганлар. Мана, бошида биз ҳам касалликка ҳазилакам қарадик, чет элга борма деса, бордик, кўчага чиқма, эътиборли бўл, деганда эътибор қилмадик, мана бугунги кунда шу ҳолатга келдик.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида осон ва енгиллаштиринглар, қийин қилманглар…, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Бақара” сурасида мусулмонларга мурожаат қилиб:

«Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинликни истамайди», деган.

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик –Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати енгиллик устига бино қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Муъоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумони Яманга юбораётиб,

“Башорат беринглар, нафратлантирманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар”, деганлар.

Динимизда  зарарларни даф этишлик манфаатларни жалб этишдан муҳимроқдир.

Албатта бу ва бу каби қоидаларни ўрганганимизда кўринишидан номувофиқ ва ўзаро тескари кўринган карантин қоидалари ва Ислом аҳкомлари асоси бир эканлиги намоён бўлади. Чунки карантин қоидалари жорий этилишининг асосий мақсади ҳалқнинг бошига соя солиб турган қора булутни тарқалиш занжирини узишлик, халқимиз мўмин-мусулмонлар касалланишини олдини олиш, халқимиз соғлиғини, ҳаётини сақлашликдир.

Салимжон домла МАТҒОЗИЕВ,

Андижон туман бош имом-хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here