Бизга маълумки ҳаётни тушуниш ва унинг жорий тартибга кўникиб яшаш учун иноснга энг кўп аскотадиган нарса инсоният яшаб ўтган ҳаётнинг тарихи бўлади. Асосий манбамиз бўлган Қуръони Каримда ҳам марҳамат қилинади “из, вазкур” яъни ўтган қавмларни ўтганларни эсла деган оятлар ҳам динимизнинг тарихга рағбатининг ишорасини кўрсатади.
Динимизнинг асосий дастури булган муқаддас китоб Қуръони Каримда минг (1000) дан ошиқ оятларда қавмларнинг тарихлари баён қилиниши тарихнинг аҳамиятини кўрсатади.
Айнан ўтган умматларнинг аҳволини баён қилади. Азизларимизнинг номлари Имом ал-Бухорий Имом ат-Термизий Имом ан-Нисофий каби ўтган аждодларимизнинг ҳаёти ҳам биз учун ибратли тарихдир. Уларни эслашлигимиз, уларга бўлган муносабатларимиз илмий асарларни ўрганишимиз билан азизларимизга бўлган муҳаббатимизни ошиши уларга бўлган эътиборимизнинг кўпайишига олиб келади.
Худди шундай маънавий мерос булган зиёратгоҳлар, қадамжолар, китоблар, кўҳна обидалар, қабрисонлар бизнинг аждодларимиз илм ва ҳунарда одоб ахлоқда ўзларидан чиққан олимлар ва авлиёларга бўлган ҳурматлари, улар қуриб қолдирган катта иншоотларга, масжид-у мадрасаларга қараб биз фарзандлар ҳам аждодларимизга хос улар қолдирган маданий ва маънавий меросларни асраб авайлаб фойдаланиб уларнинг ижод маҳсулини янада мукаммаллаштириш йўлида янада меҳнат қилишга ундайди.
Юртбошимиз: Тарихсиз келажак йўқ деб бежиз айтмаганлар. Инсон ўзининг, юртининг тарихини билган сайин янада яхши билиш, аждодларга хос бўлишга интилади. Ҳазрат Умар р.а. айтганлар: Ватан, туғилиб ўсган юрт севилмаса, шаҳарлар вайрон бўлади деганлар.
Ҳар бир миллатнинг туғилиб ўсган жойи, Ватани ўзи учун азиз ҳисобланади. Ватан озодлиги, мустақилликга ва сарҳадларини асраб-авайлаш шу маконда яшовчи барча инсонларнинг бурчидир. Худди шунингдек, Ватан учун жон фидо этиб, бу ёруғ оламдан кўз юмганлар хотирасини доимо эсга олиш, уларнинг руҳи покларига дуои фотиҳа қилиш ҳам гўзал инсоний фазилатлардандир.
Бу хусусда муқаддас китобимиз Қуръони Каримда шундай дейилган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан ғиллу-гашт (гина) пайдо қилмагин! Эй раббимиз! Албатта сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” Шунингдек, пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадису шарифларида: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатлари¬ни айтишдан сақланинглар” (Имом Термизий ривояти) деб бизларга ўгит, панду насиҳат берганлар.
Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаш аслида бизнинг бой анъаналаримиз, миллий урф-одат ва қадриятларимиздан келиб чиққан десак асло муболаға бўлмайди. Чунки ўтганлар руҳини эслаш, улар ётган қабристонларни тоза-озода сақлаш, ҳайит кунларида, Хотира ва қадрлаш кунларида марҳум ота-она ва яқинларимизнинг қабрларини, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш, атрофларини тозалаш, кўпчилик бўлиб бориб ҳашарлар ташкил этиш, каби тушунчалар бизнинг маънавий меросларимиз ҳисобланади ва у бизга руҳий тетиклик, қалб хотиржамлигини беради. Ёшларимиз ушбу айём асносида ёши улуғларни ардоқлаш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмаклашиш, нуроний отахон ва онахонларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш каби анъаналаримизни ҳам бардавом эттиришлари лозим.
Биргина мисол Хотира ва қадрлаш деган улуғ фикр, тушунча бир кунлик байрамга айланиб қолмаслиги учун ёлғиз ва бемор кексалар, ногиронлар ҳолидан доимо хабар олсак, улар қилаётган холис, хайрли дуолар, иншоллоҳ юртимиз ва халқмизни турли бало ва офатлардан асрашга хизмат қилади, шунинг билан бирга уларнинг ўзлари ҳам хурсанд бўлишади. Зеро, ҳадису шарифда: “Амалларнинг савоблироғи мўминларнинг қалбига хурсандчилик олиб кириш” дейилган. Яна бир ҳадисда: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва ёши улуғларнинг шарафини билмаган кишилар биздан эмас” дейилади.
Уруш даҳшатларига гувоҳ бўлган боболаримизга эътибор берсангиз, улар қўлларини дуога очганда; “Юртга тинчликни бергин, тинчлигимизга кўз тегмасин”, дейдилар ва шундай дориламон кунларга етиб келганликларига шукрона келтирадилар, айни пайтда мамлакатимиз тинчлиги, осойишталиги, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги энг катта бойлигимиз эканини, бундай осуда ҳаёт, осуда кунларнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлайдилар. Албатга, тинчлик, хотиржамлик бор жойда ривожланиш, ободлик ҳукм суриб, ёшларимиз илмли, жисмонан соғлом, кексаларимиз эса дуоларини, ибодатларини осойишта, эмин-эркин адо этиш шарафига муяссар бўлишади. Буларни барчамиз чуқур ҳис этиб, ёшимиздан, касбу коримиздан қатъий назар диёримиздаги барқарорликни асраб-авайлаш, уни мустаҳкамлаш учун меҳнат қилишимиз керак.
Бизнинг ҳаракатимиз нима би¬лан бўлади? Албатта, огоҳлик, сезгирлик ва ҳушёрлик билан. Нуро¬ний бобо-момоларимиз, ота-оналаримиз, иш жойларимиздаги ёши улуғ раҳбарларимиз кексалик ёшига етаётган ходимларимизнинг қадрига етиб юрайлик, уларни хурсанд қилиб, яхши дуоларини олайлик, ёшларимизга, кичикларимизга мурувват кўрсатайлик. Яратган барчамизга тинчлик ва фарвон ҳаёт ато этиб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин!
Музработ тумани “Назари” жомье масжиди
имом ноиби Х.Боботожиев.