Аёлни ҳурмат қилмайдиганлар ўқимасин!
**
  Инсон – табиати қизиқ… Баъзан муҳим ва долзарб ишлар турганда, арзимас, майда-чуйда нарсалар билан овора бўлиб, атрофидагилар билан ўзаро баҳслашади, тортишади. Борди-ю, мунозарада ютқазса, қарши томонни айблайди, ҳатто уни динсизга чиқариб қўяди. Бу кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган ҳолат эмас. Бундай ҳолат, айниқса, муқаддас динимизнинг асл моҳиятини чуқур тушунмайдиган ёки бошқаларнинг маънавиятига тобе кишиларда кўпроқ учрайди.
  Гапнинг индаллоси… 8 март яқин. Ҳар баҳорда шу бўлар такрор деганларидай, кўклам келиши билан мусулмонлар ўртасида бир мавзу такрорланади: “8 март – Халқаро хотин-қизлар кунини нишонласа бўладими?”
**Байрам қачон пайдо бўлган?
**
 Аввало, ўқувчига тушунарли бўлиши учун ушбу байрам тарихи ҳақида тўхталсак. 8 март 1908 йил биринчи марта Америка Қўшма Штатларида байрам қилинган. 1909 йилдан 1913 йилгача, февраль ойининг охирги якшанбасида нишонланган. Дастлаб байрамнинг қайси куни нишонланиши борасида кўп чалкашликлар бўлган. 1911 йилдан Халқаро хотин-қизлар куни Германия, Австрия, Дания ва Швейцарияда 19 мартда нишонлана бошланган. Кейинчалик 12 май санасида нишонланган. 1914 йилдан 8 март байрам куни сифатида белгиланган.
 Бу кун Ангола, Гвинея, Камбоджа, Хитой, Конго, Лаос, Македония, Непал, Жанубий Корея ва Уганда давлатларида дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳозир бу байрам кўпгина давлатларда дам олиш куни ва аёллар байрамидир.
 8 март байрами ҳақида ҳамма ҳар хил фикрда… Кимлардир уни нишонласа, кимлардир нишонланиши керак эмас, деб ҳисоблашади. Лекин, ҳеч ўйлаб кўрганмизми, аслида оналаримиз, опа-сингилларимизни табриклашимиз, уларни кўнгилларини шод этиб, қадрлашимиз учун 8 мартни кутишимиз шартми? Уларга фақат йилда бир кун, 8 март кунигина эътибор қаратишимиз, ширин сўзлаб, табриклашимиз керакми? Улар учун ҳар бир кунни 8 март байрамидек завқли ва чиройли кунга айлантиришимиз шарт эмасми?!
 Шу ўринда бир мулоҳаза. Баъзи мўмин-мусулмонлар ҳам 8 мартни байрам қилиш динимизда йўқ, дейишади. Лекин муҳтарама аёлни эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатиш – динимиз амри, Парвардигори оламнинг фармони, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан, нега энди биз айнан 8 март куни хотин-қизларни эъзозламаслигимиз керак экан?!!
 8 март илк тарихи хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, тенг ҳуқуқлилик талаб этилган. Хўш, аёлларнинг ўзларини ҳам, ҳуқуқларини ҳам улуғлаш биринчи мартта Клара Цеткин томонидан жорий этилганми ёки Қуръони каримда Аллоҳ таоло томонидан ҳукм этилганми? Дастлаб Қуръони карим нозил бўлганми ёки Клара Цеткин шу таклиф билан чиққанми?!
Исломда аёл
 Аллоҳ таоло инсоният наслини давом эттириш учун аёлга оналик имконини берди. Аёл эркак учун таскин, осойишталик ва либос тимсолига айланди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир”(Аъроф сураси 189-оят).Бошқа бир оятда эса: “Улар (Аёллар) сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз”(Бақара сураси 187-оят), деб марҳамат қилинган.
Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган (масалан: Исро сураси 23-24 оятлар, Луқмон сураси 15-оят, Аҳқоф сураси 15-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Жаннат – оналар оёғи остидадур!”–деб марҳамат қилганлар. Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши билан баробар, оилада унинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳам борлиги айтилган (масалан: Бақара сураси 228-оят).
Аёлларга чиройли муомала қилишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга намуна бўладилар. Аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини белгилаб беришда нафақат Ислом оламига, балки бутун жамиятга ибратдирлар. У Зотнинг муборак охирги васиятларида бундай машҳур жумлалар бор эди: “Огоҳ бўлинглар, аёлларга яхши муомала қилинглар!..”(Имом Термизий ривоятлари).
Бошқа ҳадиси шарифларида: “Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир!”(Имом Термизий ривоятлари);
“Кимнинг бир қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматларидан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осонгина қутулиб, жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлади”;
“Мўминларнинг энг имони мукаммали – гўзал хулқлисидир! Сизларнинг энг яхшингиз – ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир!”, дейилган.
Абу Умомадан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банда Аллоҳга бўлган имондан сўнг эришган яхши нарса солиҳа аёл бўлиб, унга амр қилса – итоат қилади, қараса – хурсанд қилади, қасам ичса– уни оқлайди ва ғойиб бўлса –ўз нафсида ва молида унга яхшиликда бўлади,”–дер эдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Олмониялик таниқли олима Аннамарие Шиммелнинг “Жонон менинг жонимда” китобида бундай жумлалар келади: “Ислом жамиятида энг катта ҳурматга лойиқ зот – аёл, она ҳисобланади”.
Исломда Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги биринчи ўринга қўйилган амал силаи раҳм бўлиб, уни энг яқин жигарлардан, яъни оналар, фарзандлар, опа-сингил, амма ва холалардан бошлашга тарғиб этилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аёллар –эркакларнинг ажралмас қисмидирлар”, деган ҳадисларига биноан, аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир.
**Шикоятини Аллоҳ таоло эшитган аёл
**
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу асҳоблар билан масжиддан қайтаётганларида бир аёл йўлларини тўсиб, таъна қила бошлади: “Эй Умар, сени бир вақтлар “Умарча” дейишарди, кейин “Умар” деб аталадиган бўлдинг. Бугун эса сени “мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, масъулият бобида Аллоҳдан қўрқ, ким Қиёмат кунидан қўрқса, ўша олис кун унга яқинлашиб қолади, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар уни қўрқувга соладиган бўлади”. Ҳамроҳлари Ҳазрат Умарга: “Шу кампирнинг гапига қулоқ солиб ўтирибсизми?”–дейишди. Шунда Ҳазрат Умар: “Бу аёлнинг кимлигини билмайсизларми?У –Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба бўлади. Унинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?”–дедилар”.
Аёл билан маслаҳатлашинг!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтларда аёллари билан маслаҳатлашганлар. Ҳудайбия сулҳи воқеасида мушриклар билан сулҳ тузилгандан кейин саҳобаларга: “Туринглар, қурбонликларингизни сўйинглар ва сочингизни олинглар”, –дедилар. Ана шу гапларини саҳобаларга уч марта такрорлаб айтсалар ҳам, бирор киши ўрнидан турмади.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Салама разияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, воқеани айтдилар. Умму Салама разияллоҳу анҳо: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Шундоқ қилишларини хоҳлайсизми? Чиқинг-да, улардан бирортасига бирор сўз айтмасдан, қурбонлигингизни сўйинг, соч олувчингизни чақиринг, сочингизни олсин”, –дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Салама разияллоҳу анҳо маслаҳат қилганларидек иш тутдилар. Саҳобалар У Зот саллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, қурбонликларини сўйдилар ва сочларини олдириб, У Зотга дарҳол эргашдилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Ер юзида Ислом динини илк қабул қилган инсон айнан аёл (!) киши бўлгани аёлларнинг фахрланишлари учун етарлидир! Бу аёл – Хадича разияллоҳу анҳодирлар.
1500 га яқин китоб ёзган ҳиндистонлик буюк олим Ашраф Али Таҳонавий “Баёнул Қуръон” деб номланган тафсирни ёзаётган пайт аёли у кишига: “Қафасдаги қушга дон бериб, сўнг мадрасага кетинг”, –деди.
Ҳазрат “Баёнул Қуръон” нинг хаёлида аёлининг гапини эсдан чиқариб, мадрасага кетаверибди. У зотнинг шогирдларидан Шафеъ Усмоний айтади:
“Агар бир одамнинг 1500 та китоб ёзишига кимки шубҳа қиладиган бўлса, унга ўзим кўрганимни айтиб берай: “Мен Таҳонавийнинг қаламини қўли тегмаган ҳолда китобнинг устида айланиб ёзаётганини кўрганман”.
Ўша куни тафсирни давом эттирмоқчи бўлган олимнинг қалами қимирламабди. Ҳарчанд уриниб, уни юргизишга ҳаракат қилмасин, қалам жойида қотиб тураверибди. Шунда Яратганга “Ё Аллоҳим, мен ҳар доим ёзишга ўтирганимда, қалам ўзи ёзишни бошларди, мендан нима гуноҳ содир бўлдики, бугун қаламим ёзмаяпти?”, деб нола қилибди. Шунда уйдан чиқаётганида аёли қушга дон беришни айтгани эсга тушиб, қаламни ташлаганча, уйга югуриб кетибди.
Уйга бориб, қушга дон бериб келганидан сўнггина қалам қимирлаган экан.
Қалам ёзишни бошлаган жой эса Қуръони каримнинг Нисо сурасидаги “Аёлларингиз билан яхши муомалада бўлинглар!” деган оят экан.
Модомики шундай экан, Онага, Аёл зотига юксак эҳтиром кўрсатиш –азалий қадриятларимиздан биридир. Соҳибқирон Амир Темурнинг: “Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим”, деган ҳикматли сўзи асрлар ошса-да, ўз моҳиятини йўқотмаган. Қадимдан аёлни эъзозлаган давлат гуллаб яшнаган, равнақ топган. Аёлни ардоқлаган оила эса бу дунёнинг жаннатига эришган.
Хулоса
Динимизда аёлга эътибор нақадар юксак эканини бугун ҳамма эътироф этади. Қуръони каримда ҳам аёлларга эҳтиром кўрсатиш эркаклар зиммасига юкланган, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аёлларни эъзозлаган эканлар, наҳотки биз бу ишни бир кунга – 8 мартга хослаб олган бўлсак. Шундай экан, ҳар куни аёлларни эъзозлашимиз, улар учун ҳар кунни “8 март” қилишимиз керак эмасми?!
Она ўрнин ато тутмас ўғилға,
Ки мумкиндур ўғил бўлмоқ атосиз,
Масиҳо бирла Марямдин қиёс эт,
Ки имкон йўқтурур бўлмоқ аносиз
(Алишер Навоий).
Клара Цеткин исмли аёл 1910 йил Копенгагенда ўтказилган Иккинчи халқаро аёллар конференциясида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан бўлса, динимизнинг асосий манбаси Каломуллоҳда 14 асрдан зиёдроқ вақт аввал аёлни эъзозлаш илоҳий амр билан буюрилган.
Ҳақиқий бахт эса, аёлни асл маскани – оиласи бағрига, фарзандлари қучоғига, эркакларнинг ардоғига қайтаришда! Унга оналик бахтини, аёл мукаррамлигини ва гўзаллигини, назокатини, ҳаё ва иффатини қайтариб беришда. Шундай экан, аёлни эъзозлаш, улар учун ҳар кунни 8 март қилиш зарур!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here