Ватан муқаддас!

Тарихга назар ташласак, сиёсий жиҳатдан озод ва эркин бўлган даврларда юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳаёти гуллаб яшнаганини, аксинча, мустамлакачилик шароитларида чуқур инқирозларни бошидан кечирганини кўрамиз. Мустақиллик — миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни, маънавиятни тиклаб, одамларимиз қалбида миллий ғурур ва ифтихорни, озод ва обод ватан туйғуларини камол топтиришга замин яратмоқда.

Моддий оламда инсон муайян маконда туғилади ва ҳаёт кечиради, шахс сифатида шаклланади. Ана шу макон ватан саналади. Дилида ватан туйғуси шаклланмаган, киндик қони тўкилган заминда меҳр туйғуси жўш урмаган кишини чинакам инсон деб бўлмайди. Шу билан бирга, инсон бахт-саодат учун туғилади. У ана шу бахт-саодатга ўзи туғилиб ўсаётган ватанида эришмоқни орзу қилади. Бу унга ўз бахт-саодатини юрт ривожи, унинг озод ва ободлиги билан уйғун кўришни англатади.

Мустақиллик туфайли халқимизни тили, дини ва урф одатлари қайта тикланди. Миллий истиқлол мафкурасининг бош ғоясида мустақиллик, озодлик, эркинлик тушунчалари устувор ва етакчи ўринда туради. Бу ғоя Ватан озодлиги барча орзу-интилишларимиз, истиқлолни мустаҳкамлашга доир амалий фаолият кўлами ва йўналишлари учун асос эканлигидан далолат беради.

Жамиятимиз ижтимоий муносабатлар характерига, давлат ва ижтимоий институтлар жамоат ташкилотларининг ўзаро таъсирига кўра, фуқаролик мамлакатига айланмоқда. Унда ижтимоий гуруҳлар, қатламлар ўртасида ижтимоий ҳамкорлик, барча миллат ва элатлараро тинч-тотувлик, умуммиллий муштараклик янада мустаҳкамланмоқда.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда истиқлол шамоли эса бошлагандан буён чорак аср давомида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси босқичма-босқич ривож топиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий соҳада, дину диёнат, илм-маърифат борасида ҳам жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жамоатга тўлиб-тошаётган хонақоҳларимиз, янги-янги қурилаётган ва таъмирланаётган муҳташам масжидларимиз бунга ёрқин мисолдир.

Тинчлик, барқарорлик эса Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, тинчлигимизни таъминлаб турган, тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимизни кафолатлаб турган қуролли кучларимизнинг, тинчлик посбонларимизнинг кечани кеча, кундузни кундуз демай, сергаклик билан, ҳушёрлик билан қилаётган хизматларининг самарасидир.

Аммо ёшларимиз бундай фидокорона хизмат қилиши учун, Ватанга содиқ бўлиши учун биз юрт фуқаролари нима қилишимиз керак? Бизнинг вазифамиз – ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат ҳиссини, шу жаннатмакон юртда туғилиб-ўсганидан фахрланиш туйғусини сингдиришимиз керак.

Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойдир, болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир, сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда уни ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.

Имом Муҳаммад Ғаззолий шундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир”. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик.

Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган Ватан ҳисси шу қадар кучлики, ҳожилар муқаддас Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага бориб ҳам, у ерда ҳаж арконларини адо этгандан кейин, равзаи мутоҳҳарани зиёрат қилгандан кейин ҳам уйга қайтгиси келиб қолади, бир кун ҳам тургиси келмай қолади. Ваҳоланки ҳажга бориш учун машаққатлар чекиб йиғинади, умрида бир марта бориладиган бу сафарга боргач, Каъбани кўрган заҳоти ҳўнграб йиғлайди, ҳарамнинг тупроғини ўпади, замзам сувини муқаддас деб кўтариб келади. Лекин ҳаж арконлари тугагач, бир кун ҳам тургиси келмайди, тезроқ Ватанга, уйга қайтгиси келади.

Сариосиё тумани “Ҳазрати Мавлавий”

жомеъ масжиди имом-хатиби:    С. Қодиров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here