Тўғрилик- сўзларимизда, ишларимизда ва ҳаракатларимизда яхши бўлмоқ демакдир.
Беш вақт намоз ўқиганда, жаноби Ҳақдан тўғриликни сўраймиз ва: «Бизларни ғазабга
дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш-
тўғри йўлга йўллагайсан», — деб дуо қиламиз. («Фотиҳа» сураси, 6-7 оятлар.)
Тўғри одам ёлғон сўзламайди, биронта кишини алдамайди, ҳийла қилмайди. Ўзини
обрўсизлантирувчи ҳаракатлар қилмагани учун одамлар орасида шарафли ва эътиборли
бўлади, ҳамма томонидан севилади, хотирланади.
Тўғриликни Аллоҳ мусулмонларга фарз қилган. Кўпгина оят ва ҳадисларда тўғриликнинг
аҳамияти таъкидланган. Жаноби Ҳақ Қуръонда: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва
имонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз», -деб таъкидлаган(«Тавба»
сураси, 119-оят).
Мусулмон сўзлаганда уч нарсага диққат қилади:
— тўғри сўзлайди;
— ваъда берса, ваъдасида туради;
— қўлидан келмайдиган масалаларда ваъда бермайди.
Пайғамбаримиз тўғриликка катта аҳамият берар ва мусулмонларни ҳам самимийликка
даъват қилардилар. Бир куни бир араб келиб пайғамбаримизга шундай деди: «Эй Аллоҳнинг
элчиси, мен нодон бир одамман. Менга динда фойдаси бўлган бир сўз ўргатасизми?» Шунда
пайғамбаримиз жавоб бердилар: «Аллоҳга ишон ва ҳар ишингда тўғри бўл».
Ҳар бир пайғамбарда беш сифат бўлади. Булардан бири садоқат, яъни тўғриликдир.
Шунинг учун айтилганки: «Тўғрилик пайғамбар сифатидир». Тўғриларни Аллоҳ ҳам, одамлар
ҳам ардоқлайди. Ёлғончиларни, алдамчиларни Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам ёқтирмайди.
Ёлгончилик барча динларда ҳаром саналади. Қуръонда Аллоҳ: «Эй мўминлар, Аллоҳдан
қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар», — деб марҳамат қилган(«Аҳзоб» сураси, 70-оят).
Мусулмон қўли ва тили билан бошқаларга зарар еткизмайди, ўзига тилаган нарсани
мусулмон қардошига ҳам раво қўради. Мусулмон ҳалол молига ва пулига ҳаромни
аралаштирмайди. Оиласи ва болаларига ҳаром ризқ едирмайди. Пайғамбаримиз бир
ҳадисларида шундай марҳамат қилган эдилар: «Бир мусулмонга зарар етказган ва уни алдаган
киши биздан эмасдир».
Қуръонда ҳам Аллоҳ марҳамат қиладики: «(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи
кимсаларга ҳалокат бўлгай. Улар одамлардан(бирон нарсани) ўлчаб олган
вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса
кам қилиб берадиган кимсалардир». («Мутаффифун» сураси, 1.-3-оятлар.)
Бизлар, алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. қилган ишларимизни Аллоҳ кўриб туради,
фаришталар гуноҳ ҳамда савобларимизни ёзиб турадилар. Одамларни алдасак ҳам, Аллоҳни
алдаш мумкин эмасдир.
ШЎРЧИ ТУМАНИ ТОЛЛИ ОТА ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ
РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО