Чиройли ва покиза кийиниш комил инсонлик белгиси бўлгани учун унинг одобларига риоя қилиш талаб этилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом янги кийим кийганларида «Аллоҳим, Ўзингга шукрлар бўлсин, менга бу либосни ато қилганинг учун Сенга ҳамдлар айтурман» деганлар.
Кийим безак ёки одамлар орасида фахрланиш, кибрланиш учун эмас, балки иссиқ-совуқдан сақланиш, баданини яшириш учун кийилади.
Либослар покиза тутилади, дуч келган жойга ташланмайди, очиқ жойларга илиб қўйилмайди, балки токча ва жавонларга тахлаб қўйилади.
Кийим бир неча мақсадларда кийилади. Масалан, жисмни бошқалардан беркитиш, иссиқ ва совуқдан ҳимоя қилиш, чиройли кўриниш ва ҳоказо.
Шулардан энг муҳими, жисмни бошқалардан беркитишдир. Кийимларимиз авратларни (аврат—номаҳрамларга кўрсатиш мумкин бўлмаган жойлар) беркитишда биз нималарга аҳамият беришимиз керак?
Бунда уч ҳолат эътиборга олинади:
1. Кийим аврат жойларни тўлиқ ёпиши керак.
2. Кийим юпқа бўлиб, аврат кўриниб қолмаслиги керак.
3. Кийим тор бўлиб, авратнинг шакли билиниб қолмаслиги керак.
Шунингдек, кийим танлашда қуйидагиларга эътибор қилинади:
1. Кийимда турли хил ёзувлар, хоҳ у маъно англатсин, хоҳ у маъно англатмасин, бўлмаслиги керак. Баъзилар ўзи билмаган ҳолда бошқа тилда ёзилган жуда ҳақоратли сўзли кийимларни кийиб юради. Мана шундай хунук ҳолатларни олдини олиш учун ёзувлари бор кийимларни киймаслик мақсадга мувофиқдир.
2. Аёллар бошқаларнинг эътиборини тортмаслик учун авратини беркитишади. Шунинг учун улар ўзига жалб этувчи ранг-баранг кийим ва безаклардан тийилишлари керак.
3. Аёллар аёлларнинг кийимини, эркаклар эркакларнинг кийимини кийиши зарур.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, аёллар учун тикилган шим каби кийимлар шариат талабларига жавоб берадиган бўлса, аёллар у кийимни кийишлари жоиз бўлади.
4. Кийимда жонли мавжудотларнинг расми туширилмаган бўлиши керак.
5. Кийимнинг матоси шариатимизда рухсат берилган матодан бўлиши керак. Масалан, эркаклар ипакдан бўлган кийимларни кийиши мумкин эмас.
Қизириқ тумани “Мулла Остонақул» жомеъ масжиди имоми Олим Самадов