Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсин, муборак Рамозон ойини юртимизда  тинчлик, мехру оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган шароитда, кўтаринки руҳ билан ўтказмоқдамиз. Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу ойни соғиниб, катта тайёргарлик билан кутиб олишди. Шинам, озода масжидларимиз таровеҳ намозлари эмин-эркин адо этилди.

Расули акрам (соллаллоҳу алайхи ва саллам)дан кишиларга хайру саховат кўрсатиш бобида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган: “Бир-бирларингдан алоқани узманглар, бир-бирларингдан юз ўгирманглар, бир-бирларинга ҳасад қилманглар, Аллоҳнинг яхши оға-ини бандалари бўлинглар” ( Имом Термизий); “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқани боғласин”( Имом Бухорий Имом Муслим) “Мўмин киши ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч қўймайди”( Имом Ахмад).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда : “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайхи ва саллам) одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамозон ойида янада сахий бўлиб кетардилар. Тонги сабо шабадаси барчага хуш кайфият бахш  этгани, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайхи ва саллам)нинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди” дейилган ( Муттафақун алайҳ )

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайхи ва саллам) рамозон ойида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хақида бундай мархамат қилганлар: “Бу хайр-эхсон улашиладиган ойдир. Рамозон ойида мўминларнинг ризқи зиёда бўлади. Ким бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч кам бўлмаган ҳолда савоб берилади” ( Имом Байхакий). Яна бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло қиёмат кунида Рамозон ойида биродарларининг бир ҳожатини чиқарганнинг мингта ҳожатини чиқаради” дейилган.

Муҳтарам юртбошимизнинг “Муборак Рамозон ойини муносиб тарзида ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топган эзгу ишлар бу ой диёримизда янада мазмунли, хайру баракатли ўтишида муносиб омил бўлди. Мазкур қарорда динимизга хос бўлган инсонийлик, шукроналик ва саховатпешалик фазилатларини янада кучли намойиш қилиш хамда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг афзаллиги ҳақида алоҳида қайд этилгани барчани мамнун этди.

Рамозон ҳайити хам оила аъзоларимизга ва яқинларимизга қувонч ва меҳр-мурувват кўрсатиш фурсатидир. Уни турли бидъат маросимлар билан ўтказиш, исрофгарчиликларга йўл қўйиш эса муқаддас динимиз қоралаган амаллардан хисобланади. Баъзилар ҳайит кунларида исрофгарчиликка сабаб бўладиган, динимизда йўқ, турли тадбирларни ўтказишга одатланишган. Яқинлари вафот этган хонадонларда ҳайит хурсандчилигига раҳна соладиган маросимлар қилинади. Ваҳоланки, бу ишлар  бидаъатдан бошқа нарса эмас. Чунки ҳайит шод-хуррамлик, кўнгил олиш мехр-оқибат байрами. Унидинимиз талабларига мувофиқ хурсандчилик билан ўтказиш зарур.

Ушбу саодатли кунларда Аллоҳ таолодан тутган рўзаларимизни қабул айлашини хамда Ватанимиз ободлигини, халқимиз фарованлигини, дастурхонларимиз қут-баракасини янада зиёда этишини сўраб, дуолар қиламиз. Бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳ таолога хамду санолар айтиб янада ҳамжиҳат, ўзаро яхши муомалада бўлишга интилайлик. Бирор сабабга кўра аразлашган, ўрталарига совуқчилик тушган ким бўлмасин, Рамозон ва ҳайит шарофати туфайли бир-бирларига қучоқ очсинлар. Ушбу муборак кунларда гина-кудратларни унутиб, кечиримли бўлиш савоби чексиз амаллардандир.

Аллоҳ таоло барчамизнинг хонадонларимизга, жонажон юртимизга  тинчлик –хотиржамлик, қут –баракотини кўпайтирсин.

Азиз юртдошлар, сизларни улуғ айём –рамозон ҳайитини билан чин қалбдан муборакбод этамиз!

 Бобохон Қосимов
Музработ тумани бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here