Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га мукаммал ва батамом салавоту
дурудлар бўлсин.
“Бидъат” сўзи “бир нарсани янгидан пайдо қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, Расулуллоҳ (с.а.в)га нозил бўлган Қуръони карим ҳукмлари ва муқаддас Ислом дини шариатига кейинчалик қўшимча тарзда бирор нарсани киритишга нисбатан ишлатилади. Бугунги кунда юртимизда дин аҳкомларини бажариш, диний илмларни ўрганиш учун етарли шарт-шароитлар, катта имкониятлар яратилган. Имомлар ва отинойиларга маҳаллаларда йиғин ва тадбирларда аҳолига нима тўғри нима нотўғрилигини, бидъатларга берилмасликни тушинтириш вазифаси юкланган. Аммо диндан тўлиқ хабардор бўлмай туриб халқ орасида ҳар қандай тайини йўқ фатволар бераётган “имом”лар (айниқса, маҳалла имомлари) ва сохта отинлар ҳам йўқ эмас.
Айрим жойларда бидъатга йўл қўйилаётганига гувоҳ бўлганимизда одамлар “фалончи отин шундай қилса тўғри бўлади, деди” ёки, “пистончи имом тасдиқлади”, деган гаплари билан бидъатларини изоҳлашади. Расулуллоҳ (с.а.в): айтадилар «Ким динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса, у албатта қайтарилади», деганлар.
Динимизга зид ҳар бир ҳаракат эса, инсонни адаштиради.
Бидъат икки турга: Бидъати ҳасана(Яхши) ва бидъати саййиа (Ёмон)га бўлинади. Агар бидъат шариат асослари, дин аҳкомлари (Қуръони Карим, Ҳадис, Ижмоъ. Қиёс)га хилоф бўлмаса (Яхши) бидъати ҳасанга мансуб бўлади. Мисол учун, “Мавлуд” маросими Пайғамбар (а.с)нинг таваллудлари билан боғлиқ маросим. Таровех намозларини жамоат бўлиб ўқиш, намоздан кейин қўл бериб саломлашиш кабилар. Бидъат шариат асосларига зид бўлса, мисол учун, таъзияли хонадонда “Пайшанбалик” “йил” “ҳайит” оши ва ҳоказо тадбирларни уюштириш, марҳумни номидан жонлиқ сўйиш, аёллар орасида эса “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” ”Нурномахонлик”маросимларини ташкил қилиш,мотам маросимларида дод солиб йиғлаш, сочларини юлиш каби ҳолатлар ҳам бидъатга киради. Таъзияларда жудоликка учраган кишиларни баъзи аёлларимиз марҳумнинг аҳлига дод солиб йиғлашга ундашади. Азада аёллар маййитнинг орқасидан ўзини ташлаб дод солиб йиғлаши, айримлари сочларини юлиб, юзларини тимдалаши ва азадор аёллар мархумни қирқи чиққунча аза кўйлагини ювмаслиги, хаттоки йиртилса тикилмаслиги, йили чиққунча эса янги кўйлак кийилмаслиги, каби шунга ўхшаган нохуш ишлари бидъат ва гунохдан бошқа нарса эмас. Тўғри, яқин инсонидан жудо бўлиш оғир, аммо Аллоҳ таоло сабрлиларни, тақдирига рози бўлганларни севади. Тақдирга норозилик қилиш, сабрсизлик эса гуноҳдир. Шунингдек, вафот этган майитни остонада уч марта қўйиб олиш ёки эрталабгача хонадондаги ҳамма чироқлар ёқилиб туриши каби динда кўрсатилмаган амалларни бажариш бидъати саййиа (Ёмон) дейилади. Бундай амалларни бажариш эса катта гунохга сабаб бўлади, ҳаттоки Аллоҳ таолога ширк келтиришгача олиб келиши мумкин.
Биз Ўзбек халқи меҳмоннавозлигимиз, эшигидан йўқлаб келганга борини тўкиб-сочиб дастурхон ёзиб кишилар кўнглини олишни хуш кўрувчи элмиз ва бу ишимиз таҳсинга лойиқ. Имкон қадар топган бир бурда насибамизни кўпчилик билан баҳам кўриш қон-қонимизга сингиб кетган азалий одатларимиздандир. Бироқ халқимиз орасида гўё урф-одат дейилиб, “динда бор” деб саналиб қолинган баъзи нарсаларга оид турли бидъат ирим кўринишидаги тушунчалар хам борки, шулар ҳақида ҳам тўхталсак. Иримларни бидъатга ўхшатишимиздан мурод буни хам динга алоқаси бор деган фикр юритадилар. Ўзи ишонмаятган нарсасига ружу қўяди. Балким ҳадисларда айтилгандир, деб хам қўйишади. Аслида хаётимизга ва турмушимизга ҳеч қандай таъсири бўлмаган ирим-сиримлардан баъзи мисолларни келтириб ўтамиз. Вахоланки бу хусусда динимизда хеч қандай кўрсатма берилмаган.
-Шомдан кейин оқлиқ,сут қатиқ берилса, сигирни сути камаяди деб ирим қилинади.
-Дастурхонда тоқ нон қўйилмайди, тоқ нарсалар аза бўлган хонадонда қўйилади деб ирим қилинади.
-Пиёладаги чой устига чой қуйилса, эри ёки хотини ташлаб қетади деб ирим қилинади.
-Қалампирни (мурч Пиёз) қўлдан қўлга берилса, уйда уруш бўлади деб ирим қилинади.
-Биров тишлаган нарсани еса, бошқа одамнинг насибасини еган бўлади ёки иккаласи уришади деб ирим қилинади.
-Чой устидаги пуфакчаларни бошга сурилса бойлик келтиради деб ирим қилинади.
-Қозонни тагини ялаган ёки қирмовичини еган қизнинг тўйида ёмғир ёғади деб ирим қилинади.
-Мархумни қирқи чиққунча таъзия бўлган хонадон эгалари тухум сумалак,кўк сўмса емайди. деб ирим қилинади.
-Мусибат бўлган хонадондаги эркаклар қирқ кунгача соч соққолларни олдиришмайди деб ирим қилинади.
-Таъзия бўлган хонадонда лағмон ёки угра қилиб чиқилмайди мусибат чўзилиб кетади деб ирим қилинади.
-Чой ичидаги шамаларнинг тик туриши мехмон келишидан дарак беради деб ирим қилинади.
-Остонда ўтирилмайди ёки саломлашилмайди деб ирим қилинади.
-Кечаси уй супурилмайди деб ирим қилинади.
-Эрталаб пул сўраб келганга пул бериш кун бўйи чиқим бўлишдан дарак беради деб ирим қилинади.
Бошга бир синов келганида, иши юришмаганида, беморлик, тушкунликка тушганида кўпчилик берадиган маслаҳат шундай бўлади: “Фолбинга боринг, бирортаси амал қилиб қўйган бўлмасин”. Фолбин ҳам кутилган гапни айтади: “Амал қилишибди” ёки “Фотиҳа олишингиз керак”. Бунинг учун фолбинлар инсонни бошига тушадиган ҳар қандай синовларни кетказишни таомга, егуликка боғлиқ деб билишади ва буни ҳузурига келганларга уқтиришади. Аслида, билиш лозимки, ҳар бир мусибат, ҳорғинлик, беморлик Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Аллоҳ таоло бандасига муҳаббат қилгани учун ҳам синов беради. Ёлғиз ўзидангина мадад сўралади. Зеро фолбинлик, азайимхонлик ва сехр-жоду қилувчи шахслар нафсини қулига айланган алдоқчи кимсалар бўлиб, улар диндан чиқадилар. Ишониб эътиқод қилувчилар эса адашади катта гуноҳга ботади.
Бугунги кунда авж олиб кетган зарарли бидъат ишларнинг олдини олишда илм аҳллари ва имом-хатибларнинг зиммаларига катта масъулият юкланади. Ёмон бидъатларга қарши кураш замирида халқимизнинг тинч-осойишталиги, инсонларнинг бирдамлиги ётганини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим!
Абдурахмон Хурсандов-“Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here