Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир. Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Улуғ саҳоба Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: “Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир” — деб марҳамат қилганлар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик — эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қиладилар. Ул зоти шариф айтдилар: “Табассум билан айтилган чиройли сўз – садақадир”. Деганлар.
Мусулмон кишиси бу амалларни қилиши орқали улуғ савобларга эришиши мумкин. Демак, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишисининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: “Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишларидир”.
Дарҳақиқат, мусулмон кишиси жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Ҳақиқий мусулмон яхши амалларни қилишда бардавом бўлади, у ҳар вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиб бормоғи матлубдир: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам раво кўрмагунича чин имонли бўлмайди”.
Демак, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтирадиган ва улардан турли зарарни даф қилиши лозимдир.
Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самараси деб билишимиз керак, Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксик қалбларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар – чинакам фидоий инсолардир. Бу ҳақда Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай деганлар: “Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади”.
Сўнги сўз ўрнида шуни айтамизки Дунёда яхшиликнинг энг улуғи Аллоҳ таолага имон келтириш ва инсонларга яхшилик қилишдир. Яхшилик ва яхши инсонлар бор эканки юртларимиз ва қалбларимиз обод ва фаровон бўлгай. Яхшилик хар доим яхшидир.

Чориев Маъсид Амириддинович
Термиз шаҳар “Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here