Ҳадис илми Аллоҳнинг китоби Қурьони Каримдан кейин иккинчи илмий манбаь ҳисобланади. Ҳадислар матни саломат ,санадлари эса муттасил бўлиши ҳадис илми билимдонларининг ҳадисни қабул қилиш ва ҳужжат келтиришдаги асосий шарти саналади.Шу сабабли ҳадисни зиёдот ва нуқсонлардан сақлаш муҳим амаллардан деб эьтибор қилинади.Муҳаддислар бу йўлда кўп изланишлар олиб борганлар , ҳадисларни саҳиҳини заифидан ,мақбулини тўқима ҳадислардан ажратиб ,бу фанда салмоқли китоблар нашр этганлар.Алдоқчи ва сохтакорларни найрангларини фош қилганлар. Бу илмда кўплаб таҳқиқот, баҳс ва мунозарага сабаб бўлган мавзулардан бири мурсал ҳадис ҳақида бўлди.Мурсал ҳадис нима?У билан ҳужжат келтирса бўладими?Ушбу саволларга жавоб излаш мақсадида ушбу мақола сиёҳ юзини кўрди. Мўрсал ҳадис: Мўрсал луғатда: исми мафьул, ўзаги (الإرسال) «қўйиб юбормоқ» маьносида, аммо (الإطلاق) «очиқ қолдирмоқ» маьносида қўлланилади.(Қомусул Муҳит).Яьни мўрсал ҳадис санади очиқ қолдирилиб, маьлум ровий билан қайд этилмаган ҳадисдир. Истилоҳда: Тобеьин ҳадис санадида ўзи билан ўртада бирон ровийни восита қилмай,расулулоҳга(с.а.в) нисбат берган ҳадисдир.Тобеьиндан мурод — хоҳ кичик , хоҳ ёши улуғ тобеьин эьтиборга олинади.[Саййид Абдул Можид Ғаврий: «Мўьжаму мусталиҳотил ҳадисия» 694.Дорул Ибн Касир.Байрут] Мўрсал ҳадисга мисол: عن سعيدِ بنِ المُسيِّب، أنَّ رسولَ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم نهَى عن المزابَنةِ Саид ибн Мусаййибдан ривоят қилинган. «Расулуллоҳ (с.а.в) Музобана (ўлчови, сони ёки оғирлиги билинмаган нарсаларни сотиш)дан ман қилдилар.» [Ибн Абдул Бар: «Тамҳид» 6/441] Саид ибн Мусаййиб улуғ тобеьинлардан саналади ,ҳадисни ўзи билан расулуллоҳни(с.а.в) ўртасида ровийни восита қилмай ривоят қилган.Ҳадис санадини охиридан ровийни тушириб қолдирган.Тобеьиндан кейин ровий тушиб қолиб ,санад бўш қолган. Ровий саҳобий ёинки эҳтимол тобеьин бўлиши мумкин. .[Саййид Абдул Можид Ғаврий: «Мўьжаму мусталиҳотил ҳадисия» 694.Дорул Ибн Касир.Байрут] Гап ҳадисни саҳиҳ ё заиф ҳадис эканлиги ҳақида бораётган экан.Ҳадис уламолари ушбу ҳадисни мўрсал ҳадис деб эьтибор қилишган. Ҳадис санадининг охиридан тобеъиндан кейин ровий тушиб қолганлигини назарда тутиб мўрсал ҳадис деб ҳукм қилинган . Мўрсал ҳадис заиф ҳадислар сирасига киради.Мўрсал ҳадис мавзўь (тўқима)ҳадис эмаслигини ёдда тутмоқлигимиз лозим. Махфий мўрсал: Ровий ўзи мулоқотда бўлган ёки бир замонда яшаган одамдан бевосита ўзи эшитмаган ҳадисни ривоят қилиши махфий мурсални бир кўринишидир. Махфий мўрсал ҳадисга мисол: حدثنا إبراهيم بن عبد لله الهروي، نا هشيم، أنا يونس بن عبيد، عن نافع، عن ابن عمر، قال: قال رسول الله : «مطل الغني ظلم، وإذا أحلت على ملئ فاتبعه « «Иллалул кабирда» ривоят қилинган ҳадис Иброҳим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳиравий, Ҳушайм ва Юнус ибн Абид бизга Нофеь ва Ибн Умардан ривоят қилган, расулуллоҳ (с.а.в) : «Имкони бор кишининг (карзни бермай) чўзиши зулмдир. Кимнинг қарзи ўзига тўқ одамга хавола қилинса, ўшанга борсин», дедилар.[«Иллалул кабир» 194. «Сунану Термизий» 1309. «Сунану ибн Можа» 2404. «Муснаду Имом Аҳмад»5395] Ҳадиснинг зоҳирий санади муттасил (узилмаган).Юнус ибн Абид Нофеь билан замондош бўлган. Нофеьдан ҳадис эшитган.Лекин муҳаддислар: «Юнус Нофеьдан бу ҳадисни эшитмаган.» дейдилар.Имом Бухорий: « Юнус ибн Абид ҳадисни Нофеьдан эшитган деб ўйламайман.» деган.Бу фикрни Имом ибн Маин,Аҳмад ибн Ҳанбал,Абу Ҳотим ҳам тасдиқлайдилар.Шу сабаб ҳадис махфий мўрсал ҳадис деб ҳисобланади.[«Жомеьут таҳмил» 377. «Таҳзибут таҳзиб» 4/472] Саҳобийнинг мўрсали: Саҳобий расулуллоҳдан(с.а.в) ҳадис ривоят қилган бўлиб, саҳобийнинг ёш бўлганлиги ёинки кечроқ Исломни қабул қилганлиги ё бошқа сабаб, ҳадисни эшитмаганлиги билинган ҳадис,саҳобийнинг мўрсал ҳадиси дейилади. Саҳобийнинг мўрсал ҳадисига мисол: قول السيدة عائشة رضي الله عنها : أول ما بديء به رسول الله ٠ من الوحي الرؤيا الصالحة في النوم، وكان لا يرى رؤيا إلا جاءت مثل فلق الصبح، وحبب إليه الخلاء، فكان يخلو بغار حراء فيتحنث فيه — وهو التعبد — الليالي ذوات العدد قبل آن ينزع إلى أهله ويتزود لذلك، ثم يرجع إلى خديجة فيتزود لمثلها حتى جاء ه الحق وهو في غار حراء…. الحديث Оишадан(р.а) ривоят қилинади: «Расулуллоҳга (с.а.в) бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушмай бир неча кеча «таҳаннус», яъни ибодат қилар эдилар. Бунинг учун озуқа ғамлаб олар эдилар. Сўнгра Хадичанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага озуқа ғамлаб олар эдилар. Ниҳоят, Ҳиро ғорида эканларида у зотга ҳақ келди…» [Имом Бухорий: «Саҳиҳ» :Бадьул ваҳий боби: 3] Оиша (р.а) онамиз илк ваҳий келганда ҳозир эмасдилар.Илк ваҳийнинг расулуллоҳга (с.а.в) келганини кимдан эшитганлари маьлум эмас.Ҳадис мўрсал ҳадис саналади, лекин муҳаддислар ҳадисни саҳобийнинг мурсали деб номлашади. Саҳобийнинг мўрсал ҳадисининг ҳукми: Барча муҳаддислар саҳобийнинг мўрсалини муттасил (узлуксиз) ҳадис деб эьтибор қилишади.Саҳобийнинг мўрсалини зарари йўқдир.Ҳадиснинг бошқа шартлари мавжуд бўлса, саҳобийнинг мўрсали қабул қилинади.Чунки саҳобийнинг ривояти саҳобийдан бўлади.Барчамизга маьлумки саҳобалар одил кишилар ҳисобланади. Тобеьинлардан мўрсал ҳадис ривоят қилган ровийлар: 1.Мадина аҳлидан Саид ибн Мусаййиб (вафоти 94.ҳ/713м). 2. Кўфа аҳлидан Ато ибн Абу Рабоҳ (вафоти 114.ҳ/733м). 3.Миср аҳлидан Саид ибн Ҳилол (вафоти 135.ҳ/753м). 4.Шомдан Макҳул Дамашқий (вафоти 112.ҳ/731м). 5.Басрадан Ҳасан ибн Ясор Абулҳасан ал-Басрий (вафоти 110.ҳ/729м). 6.Кўфада аҳлидан Иброҳим ибн Язид Нахайилар (вафоти 96.ҳ/715м) кўплаб мўрсал ҳадис ривоят қилганлар. [Саййид Абдул Можид Ғаврий: «Мўьжаму мусталиҳотил ҳадисия» 696.Дорул Ибн Касир.Байрут] Мўрсал ҳадислар ҳақида китоб тасниф этган муаллифлар: Мўрсал ҳадисларни жамлаб китоб тасниф этган мусанифларнинг энг машҳурлари: 1.Имом Абу Довуд Сулаймон ибн ал-Ашьас ас-Сижистоний(вафоти 275.ҳ/889.м) «Маросил» китобини тасниф этган.Китоб фиқҳий бобларга асосланиб тартибланган.Китобда ҳадислар сони 544та ҳадисга етади.Китобда ровийлар санадлари зикр этилган ҳолда нашрдан чиққан.Санадлари зикр этилмаган нусхада ҳам нашр этилган. 2.Имом Абу Ҳотим Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Идрис ал-Ҳанзалий ар-Розий(вафоти 327.ҳ/939.м) «Маросил» китобини тасниф этган.Китобда саҳобалар исмлари алифбо ҳарфи тартибича тартибланган.Китоб нашрдан чиққан. 3.Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳорун ал-Бардижий (вафоти 301.ҳ/914м) «Баёнул маросил» китобини тасниф этган. 4.Ҳофиз Салоҳиддин Абу Саид Халил ибн Кайкелди ал-Алоний (вафоти 861.ҳ/1457м) «Жомеьут таҳсил би-аҳкомил маросил»(Мурсал ҳадисларнинг хулосасини жамлаш) китобини тасниф этган. Муаллиф китобида санаддаги узилишлар ва мунқатеь (санади узилган) ҳадисларни мисоллар билан келтирган.Ҳадисларни мўрсал ривоят қилувчиларни табақасини эслатиб ўтган.[«Манҳажу нақд фи улумил ҳадис» 399. «Тайсиру мусталаҳи улумил ҳадис» 71-73. «Ал-ийзоҳ фи улумил ҳадис» 135-141. Саййид Абдул Можид Ғаврий: «Мўьжаму мусталиҳотил ҳадисия» 696-697.Дорул Ибн Касир.Байрут] Мўрсал ҳадисга амал қилишда ҳадис уламоларнинг қарашлари. Юқоридаги ҳадисни ҳадис илми уламолари ҳукмларидан билдикки,ҳадис мўрсал ҳадислардан экан.Мўрсал ҳадис заиф ҳадис бўлиб,тўқима ҳадислардан эмаслигини олимлар баён қилиб беришган. Тўқима ҳадис (мавзўь хабар) тўқилган ёлғон бўлиб, расулуллоҳга (с.а.в) нисбат берилган хабар эканлиги маьлум.Тўқима ҳадисни ҳадис уламолари расулуллоҳни(с.а.в) ҳадисларига қўшмайдилар ва унга ҳеч ким амал қилмайди.Аммо мўрсал ҳадисгачи?Заиф ҳадисга амал қилса бўладими? Бу ҳақда уламолар сўзига назар қиламиз. Мўрсал ҳадисга амал қилиш ҳақида аҳли ҳадис ва фақиҳлар 3 хил қарашга эгалар. 1- Аҳли ҳадислар қараши: Заиф ҳадис тарк қилинади ва унга амал қилинмайди. Имом Нававий «Тақриб»да «Бу барча ҳадис ҳофизлари ва ҳадис танқидчиларини қараши.» дейди.Имом Муслим «Саҳиҳ»ининг муқаддимасида [1/30] аҳли илмларнинг ҳадис ҳақидаги қарашларида нақл қилиб ўтган. 2-Фуқаҳоларни қараши:Заиф ҳадис мутлақо қабул қилинади. Бу Имом Аьзам,Имом Молик, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларининг қарашлари.Имом Ғаззолий: «Барча мазҳаблар бу қарашга иттифоқ қилиб,мўрсал ҳадисларда ровийни ишонарли бўлмоғини ва ишонарсиз ровийлардан эҳтиёт бўлмоқликни шарт қилишган.»дейди. 3-Имом Шофеьий мазҳабини қараши:Заиф ҳадисни қабул қилиш ва рад этишда ўртача қараш. «Катта тобеьинлардан мўрсал ҳадис ривоят қилинган бўлса,шу мўрсал ҳадисни муттасил ҳадис билан ё бошқа кучли мўрсал ҳадис билан ё саҳобийнинг сўзи билан ё уламолар жамоьатини фатвоси билан қувватлантирилса мўрсал ҳадис қабул қилинади ва унга амал қилинади,агар юқоридаги шартлар топилмаса мўрсал ҳадис қабул қилинмайди.»дейди. [Абу Довуд: «ал-Маросил», 21-бет Шуайб Арноут таҳқиқи остида.] Энди мўрсал ҳадис ҳақидаги баҳсимизни хулоса қисмга ўтсак. 1.Мўрсал сўзи луғатда « қўйиб ,юбориш» маьносида бўлиб, «очиқ қолдирмоқ» маьносида қўлланилади.Яьни ҳадис ровийси туширилиб қолдирилган. 2. Мўрсал ҳадисни баён қилишда ҳадис уламолари ихтилоф қилишган.а)Тобеьин хоҳ кичик,хоҳ ёши улуғ бўлсин «расулуллоҳ(с.а.в) айтдилар. » деб ҳадис ривоят қилган бўлса, мўрсал ҳадис деб ҳисобланади.б) Ёши улуғ тобеьин «расулуллоҳ(с.а.в) айтдилар.» деб ҳадис ривоят қилган бўлса, мўрсал ҳадис деб ҳисобланади.в)Санадида битта ё кўп ровий туширилиб қолдирилган ҳадис бўлса, мўрсал ҳадис деб ҳисобланади.г)Саҳобийдан бошқа киши «расулуллоҳ(с.а.в) айтдилар.» деб ҳадис ривоят қилган бўлса, мўрсал ҳадис деб ҳисобланади. Тўғри қараш бизнинг фикримизча бу — а)Тобеьин хоҳ кичик,хоҳ ёши улуғ бўлсин «расулуллоҳ(с.а.в) айтдилар.»деб ҳадис ривоят қилган бўлса, мўрсал ҳадис деб ҳисобланади. 3.Мўрсал ҳадис икки турга бўлинади.Зоҳир мўрсал ва махфий мўрсал ҳадисларга ажратилади. 4.Мўрсал ҳадисга амал қилиш ҳукмлари ҳақида уламолар 3та қарашга эга эканлиги.а) Аҳли ҳадислар қараши.б) Имом Аьзам,Имом Молик,Имом Ҳанбал қарашлари.в) Имом Шофеьий қараши. Бизнинг ожизона фикримизга кўра тўғри қараш, бу — б) Имом Аьзам,Имом Молик,Имом Ҳанбал қарашлари ҳисобланади.Биринчи қараш аҳли ҳадислар қараши бўлиб,Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «агар одам уч юз мингдан кам ҳадисни билса, у аҳли ҳадис эмас.» дейдилар.[Акрам Умарий: «Буҳус фи таьрихи суннати мушаррафа»:377]Бунга оммани орасидан кам эргашувчи топилади.Учинчи қараш Имом Шофеьйи қараши бўлиб,ҳадисларни мўрсалини Шофеьйи шарти бўйича ажратишда кўп илм талаб қилинади. Диёримиз мусулмонлари минг йилдан буён Имом Аьзам мазҳабларига амал қилиб келмоқдалар, бу мазҳаб қарашларига эргашишлик тўғри қараш деб ўйлайман ва яна бир нарсага эьтиборингизни қаратмоқчиманки бу қарашни Имом Молик ва Имом Аҳмаддек ҳадис ва фиқҳ уламолари ҳам ихтиёр этишган.Аллоҳ барчамизга ҳақ йўлни топиб унга эргашишга насиб этсин!
ИмомТермизий халқаро илмий тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими етакчи илмий ходими Ҳикмат жоме масжиди имом хатиби Ф. Худайназаров