Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бутун умрини илм-фанга бахшида қилган таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватовнинг 80 ёшлик юбилейи муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Олимнинг қутлуғ ёшга тўлиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ҳамда маданият ва санъат намояндалари, У.Уватовнинг яқинлари, шогирдлари ва талабарлар иштирок этди.

Тадбирнинг кириш қисмида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Убайдулла Уватовнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти, амалга оширган илмий тадқиқотлари ҳақида умумий маълумот берилди.

Шундан сўнг Президентнинг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Собирович Қосимов олимнинг ибратли ҳаёт йўли ва у яратган манбашунослик илмий мактаби хусусида сўз юритиб, устозни муборак ёши билан самимий қутлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Муродович Уватовни “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармони қабул қилинганини тантанали эълон қилди.

Мамлакатимизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, буюк аллома ва мутафаккирларимиз илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда халқаро миқёсида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик самарли меҳнати, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий анъана ва қадриятларимизни мустаҳкамлаш ишига қўшган алоҳида ҳиссаси, чуқур билим ва юксак салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат ва аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти ҳамда қутлуғ таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан тақдирлаш ҳақидаги Фармон ўқиб эшиттирилди.

Юртбошимиз томонидан илм-фан, маданият ва маърифат аҳлига кўрсатилаётган ҳурматнинг яна бир яққол намунаси бўлган ушбу фармон барча зиёлилар кўнглини кўтариб, ёшларнинг илм-маърифатга ошно бўлишларига қувват бағишлади.

Олимнинг давлатимиз юксак мукофотига сазовор бўлгани ва қутлуғ ёши билан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази раҳбарлари, шунингдек, кўзга кўринган олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, юбилярнинг яқинлари ва дўстлари сўзга чиқиб, унинг бой ҳаётий тажрибаси, қимматли илмий тадқиқотлари, ёшлар камолотига қўшаётган улкан ҳиссасини эътироф этган ҳолда, муборакбод этдилар.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ziyo” медиа маркази томонидан тайёрланган Убайдулла Уватов ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиши ҳам олимнинг ҳаёт йўли ва илмий фаолияти хусусида талабаларга муҳим маълумотлар бергани билан аҳамиятли бўлди.

Муборак ҳадиси шарифларда “Ал-у’ламау варисату-л-анбиё”, яъни, “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, деб таъкидланган. Буни ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари ҳам қуйидагича назмга солгани маълум:

 

Кишиким қилса олимларга таъзим,
Андоқки қилур Пайғамбарга таъзим.

 

Дарҳақиқат, олим, устоз-мураббийларни улуғлаш ва эъзозлаш кишини камолотга, бахт ва ёруғ истиқболга элтиши шубҳасиз. Шу маънода, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Убайдулла Уватов ҳам олим, ҳам устоз ва мураббий сифатида ана шундай ҳурматга мушаррафдир.

Илмий-маърифий руҳда ўтган тадбир сўнгида республикамиздаги илм-маърифат ҳамда ижодий ташкилотлар, нуфузли олий таълим муассасаларида ҳам таниқли манбашунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Убайдулла Уватовнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолиятига бағишланган тадбирларни давом эттириш таклифи билдирилди.

УБАЙДУЛЛА УВАТОВ 1940 йил 23 февралда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида таваллуд топган.

Она Ватанимиз тарих ва унинг дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган улуғ алломалари маънавий меросини тадқиқ этиб, манбашунослик фанлари ривожига улкан ҳисса қўшган олим, аждодларимиз меросини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни баркамол вояга етказиш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Убайдулла Уватов юртимиз алломалари илмий-маънавий меросини ўрганиш ва жамоатчиликка етказишга қаратилган 200дан ортиқ мақола, 50га яқин китоб ва рисолалар нашр эттирган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган.

Олимнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб қадрланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланган.

У.Уватов 2017 йилдан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилиб келмоқда.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here